03.11.2016

САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ

юқори савияда ўтказилади

Хабарингиз бор, 28 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси мамлакатимизда фаолият юритаётган барча сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси ­Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Қонунга мувофиқ, айни шу кундан эътиборан сайлов кампаниясининг энг муҳим босқичларидан бири — сайлов­олди ташвиқоти бошланди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот ­воситаларидан Марказий сайлов комиссия­си томонидан белгиланган тартибда тенг фойдаланиш ҳуқуқи берилади ва таъминланади.

Мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар натижасида халқаро стан­дарт­ларга мос келадиган миллий сайлов тизими шакллантирилди. Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ҳуқуқини кафолатловчи мустаҳкам қонунчилик асослари яратилди. Шунга мувофиқ равишда аҳолининг ижтимоий-сиёсий билими, ҳуқуқий маданияти, фаол­лиги тобора юксалиб бормоқда. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнларида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Сайловчиларнинг номзодлар ҳақида тасаввури қандай бўлиши, сайлов жараёнларининг ҳар томонлама юқори савияда ўтиши сайловолди ташвиқотига боғлиқдир.

Хўш, сайловолди ташвиқоти қандай олиб борилади? Президентликка номзодларнинг бу борада ҳуқуқлари қандай? Ана шу масалалар бў­йича депутатларнинг, партия ташкилотлари ходимларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

 

Нўъмон АКБАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сайлов кампаниясининг ҳар бир жараёни бир-бири билан ўзаро боғлиқ тарзда давом этади. Булар орасида энг муҳим босқичлардан бири сайловолди ташвиқотидир.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддаси шу масалага бағишланган. Унга кўра, сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни Ўзбе­кис­тон Республикаси Президентлигига номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият.

Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан таш­қари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

Шу ўринда сайловолди ташвиқотини олиб бориш ҳақида тўхталсак. Қонунчилигимизга кўра, у Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури ёки сайлов­олди платформаси тўғ­рисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳол­да, тар­қатиш орқали олиб борилади. Шунингдек, бундай ташвиқот омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, Президентликка номзод тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Демак, кўриниб турибдики, сайловолди ташвиқоти номзодларнинг шахси, ташаббускорлиги, билими ва салоҳиятини сайловчилар олдида тўла намоён этишга қаратилади. Энг муҳими, бунда барча номзодларга тенг ша­роитлар яратилади. Бу эса сайлов жараёнларининг тенг, адолатли, очиқ ва ошкоралик асосида олиб борилишини тўла кафолатлайди.

 

Қаҳрамон МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сайловолди ташвиқот сайловчиларни номзод учун овоз беришга ишонтиришга қаратилган муҳим восита ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизнинг сайлов қонунчилигида ушбу муҳим жараён билан боғлиқ ҳуқуқий асослар мустаҳкамланган.

Барчамизга маълумки, сайловолди ташвиқотини олиб боришда оммавий ахборот воситалари ниҳоятда муҳим ўрин тутади. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга асосан, ташвиқот оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телевидение, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи), босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бош­қа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бош­қа материалларни) чиқариш, тар­қатиш ҳамда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ор­қали амалга оширилади.

Шунингдек, Президентликка номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан фойдаланиши мумкинлиги ҳам қонунларимизда ўз аксини топган.

Айтиш керакки, сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда Президентликка номзодларга ҳажмига кўра, бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

Номзодларга давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ­ажратилиши мумкин. Шунингдек, уларга нодавлат оммавий ахборот воситаларида ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкинлиги белгиланган. Энг асосийси, сайлов кампаниясида иштирок этувчи оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шарт­лари ҳамда бошқа талаблар барча номзодлар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, номзодларнинг, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ­Президентлигига номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тар­қатиш тақиқланади.

Сайловолди ташвиқоти мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

 

Гулруҳ ТОШМАТОВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— Сайловолди ташвиқоти сайлов жараёнининг энг муҳим ва масъу­лиятли босқичи ҳисобланади. Чунки, айнан ушбу бос­қичда ­Президентликка номзодлар, сиё­сий партиялар ўзларининг келгуси фаолият дас­турлари билан сайловчиларни яқиндан таништиради, бошқача ­айтганда, ўз салоҳиятини намойиш этади.

Сайловолди ташвиқотининг энг самарали ва таъсирчан усулларидан бири сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, албатта. Бундай ташвиқотда ҳам номзодларга тенг шароитлар яратиб берилади.

Сайловчилар билан учрашувлар номзодлар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Уларни ўтказиш жойи ва вақти, қоида тариқасида, ­участка сайлов комиссиялари билан келишиб олинади, мазкур комиссиялар бу ҳақда сайловчиларни олдиндан хабардор қилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

Президентликка номзод ёки унинг ишонч­ли вакиллари Ўзбекистон ­Рес­­­публикаси ­Президентлигига бошқа номзодлар ёки уларнинг ишончли вакиллари билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бошқа номзодлар томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.

Бундан ташқари, сайловолди ташвиқоти босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали олиб борилиши мумкин.

Умуман олганда, мамлакатимизда ­Президентликка номзодларнинг сайлов­олди ташвиқотини амалга ошириш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Булар, ўз нав­батида, халқаро ҳу­қуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига, хал­қаро стандартларга тўла мос келади. Шунингдек, сайлов жараёнининг демократик тарзда ташкил этилишига хизмат қилади.

 

Лазиза ШОМИЛОВА



DB query error.
Please try later.