03.11.2016

ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОД ХАТАМЖОН КЕТМОНОВ

Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан номзод Хатамжон Кетмонов дастурида илгари сурилган так­лифлар Тошкент вилоятида ўтказилган учрашувда сайловчи­лар томонидан қўллаб-қувватланди.

Учрашув онлайн видеоконференцалоқа шаклида, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги сайловчиларни қамраб олган ҳолда ўтказилди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси де­путати, ЎзХДП фрак­­ция­си аъзоси Абдуғаффор ­Қир­ғизбоев очди. У ўз сўзида Президент сайлови мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа экани, юртимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши, хал­қимиз турмушининг фаровонлиги сайловчиларнинг фаоллиги, сиёсий етуклиги ва сайлов куни қабул қиладиган қарорга боғлиқ бўлишини алоҳида таъкидлади.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили, ЎзХДП Тошкент вилоят ­кенгаши раиси Меҳрож ­Дархонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шундан сўнг Хатамжон ­Кетмонов ўз дастурида илгари сурилган ғоялар, белгиланган мақсад-вазифалар ҳақида сайловчиларга атрофлича маълумот берди.

Номзод, аввало, аҳо­лининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатлари ҳимояси хусусида сўз юритар экан, бу мақ­садни самарали амалга оши­­риш учун қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларга эътибор қаратиш лозимлигини алоҳида қайд этди.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қандай бўлиши, аввало, улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, номзоднинг дас­турида аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи асосий устувор йўналиш этиб белгиланди.

— Аҳоли турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти уларнинг банд­лигини таъминлашдир. Бунинг учун, меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини қўл­лаб-қувватлаш ва рағбатлан­тириш зарур, — деди ­Хатамжон Кетмонов. — Аввало, мус­тақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш талаб этилади.

Ҳар йили мамлакатимизда ярим миллионга яқин йигит-қиз касб-ҳунар коллежларини тамомлайди. Номзодимиз фикрича, уларни иш билан таъминлаш кечиктириб бўл­майдиган масаладир. Кўплаб ёшларимизда тадбиркорликка қизиқиш бор, лекин иш бошлаш учун маблағ керак. Шундай пайтда уларни қўллаб-қувватласак, эртага кўплаб иш жойлари очилишига имкон яратган бўламиз. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига имтиёзли микрокредитлар бериш ишларини такомиллаштириш, белгиланган йиғимлардан озод этиш орқали улар ўз бизнесини бошлашига кўмаклашиш муҳим масаладир.

Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг дастурида қайд этилган масалалар бўйича муносабат ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Қизилгул Қосимова, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори:

— Президентликка номзоднинг дастури ҳаётий жиҳатлари билан эътиборга молик. Хусусан, унда аҳоли учун юқори сифатли таълим олиш ва мақбул тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳеч биримизга сир эмас, тез тиббий ёрдамдан фойдаланиш, кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга малакали тиббий хизмат кўрсатишда айрим камчиликлар учраб турибди. Олис ҳудудлардаги дорихоналарда сотилаётган дори-дармонлар нарх­ларида номутаносибликлар кузатилмоқда. Уларнинг бартараф этилиши соғ­лом турмуш тарзининг қарор топишига, тиббий маданият юксалишига хизмат қилади, деб ўйлайман. Шуларни инобатга олган ҳолда, номзодимиз дастурида имтиёзли ва бепул асосда малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг ижроси, дори-дармон воситалари нархи устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлайман. Бу аҳолининг эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

Номзоднинг дастурини сайловчилар орасида кенг тарғиб қилишимиз, бу борадаги ишларимизни кучайтиришимиз зарур.

Гули Абдураҳимова, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Биламизки, ЎзХДП мамлакатимизнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятини аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, унинг кам таъминланган гуруҳлари турмуш даражасини яхшилашга йў­налтиришни фаол қўллаб-қувватлайди. Шундан келиб чиқиб, номзодимиз дастурида кам таъминланган оилалар, кексалар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини янада ошириш бўйича қатор таклифлар баён этилган.

Мушоҳада қилиб кўрадиган бўлсак, кам таъминланган оилалар аъзоларига ўз ишини очиши, мус­тақил бизнесини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар ва фоизсиз ссудалар ажратиш амалиётини янада ривожлантириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Агар улар ўз ишини йўлга қўйиб, барқарор даромад манбаига эга бўлса, ижтимоий ҳимоя учун бюджетдан пул ажратишга ҳожат қолмайди, аксинча, уларнинг ўзи солиқ тўловчига айланади.

Шунинг учун номзодимиз ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш, аҳолининг меҳнат ва ­тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ташаббускорлигини рағбатлантириш зарур, деб ҳисоблайди.

Айтайлик, кимдадир ишлаб чиқаришнинг қайсидир турига қизиқиш бор. Лекин у вақтинчалик ишсиз. Ўзи қизиққан ва қўлидан келадиган ишни бошлаши учун маблағга эҳтиёжи бор. Демак, уни қўллаб-қувватлаш, керакли маблағ билан таъминлаш лозим бўлади. Шунда жамиятда боқимандалик кайфияти бартараф этилади, кўплаб одамлар иш билан таъминланиб, оила даромадига, жамият тараққиётига ҳисса қўшади. Бунда, албатта, фуқароларга имтиёзли кредитлар ва мақсадли фоизсиз ссудалар ажратиш яхши самара беради.

Шу жиҳатдан олиб қарасак, номзод дастурида илгари сурилган ғоялар мамлакат тараққиёти, хал­қимиз фаровонлиги учун хизмат қилади, деб ўйлайман.

Илҳом Абдуқаюмов, ЎзХДП Ангрен шаҳар кенгаши раиси:

— Демократик ислоҳотлар чуқурлашиб, фуқаролик жамияти қарор топгани сари суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, одил судловни амалга ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча имкониятлар яратиш зарурати келиб чиқади. Бу жамият ҳаётини демократлаштириш, инсонпарварлик тамойилини кучайтиришда муҳим ўрин тутади. Шунинг учун номзод бу борада ҳам қатор таклифларни илгари сурмоқда. Хусусан, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг суд механизмлари оммабоплигини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Мазкур масалада суд назоратини кучайтириш ҳисобига суд қарорлари ижроси сифатини ошириш керак бўлади. Номзоднинг фикрича, фуқароларнинг ҳуқуқларини янада кафолатлаш мақсадида илгари сурилган бу таклифлар ҳаётимизни тобора эркинлаштириш ва демократлаштиришга хизмат қилади.

Учрашувда сўзга чиққанлар сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Хатамжон Кетмонов номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Шундан сўнг Президентликка номзод сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Ёшлар банд­лигини таъминлаш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш, қурилиш соҳасини модернизация қилиш, жисмоний имконияти чекланганлар учун таълим тизимини такомиллаштириш масалаларида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.