01.11.2016

ПАСТДАРҒОМНИНГ БУГУНГИ ЖАМОЛИ

Пастдарғом Самарқанд вилоятининг энг йирик туманларидан бири бўлиб, ҳудудда 325 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Истиқлол йилларида туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти юксалди, аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланди.

Бугун туман маркази ва қишлоқларининг кўрки, таровати кўзни қувонтиради. Жума шаҳридаги «Ёшлар боғи»дан республикамизнинг турли томонларидан келаётган меҳмонларнинг қадами узилмайди. «Шарқ тароналари» фестивали меҳмонлари — хорижлик санъат намояндалари ҳар гал ушбу боғда меҳмон бўлишади.

— Истиқлол йилларида туманимиз таниб бўлмас даражада ўзгарди, ўзбек халқининг ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар пастдарғомликлар тақдирида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топди, десак, асло муболаға бўлмайди,— дейди туман ҳокими Воҳид ­Раҳимов. — Эски тузум даврида ҳудудда атиги 2 саноат корхонаси, яъни пахтани қабул қилиш ва қайта ишлаш заводи бор эди. Улардан чиқадиган чанг-тўзон, шовқин-сурондан ён-атрофдаги хонадонларда яшаётганларнинг юраги безиллаб қолганди. У кунлар энди ўтмишда қолди. Ўтган 25 йил давомида саноат корхоналари сони 243 тага етди. Шулардан 8 таси қўшма корхонадир.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон — Буюк Британия — Россия иштирокида очилган қўшма корхона — «Ўзбиокомбинат» масъулияти чекланган жамияти ўз салоҳиятига кўра, нафақат республикамизда, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. 27 гектар майдонни эгаллаган ва замонавий ускуналар билан жиҳозланган ушбу даргоҳда 60 дан ортиқ турдаги ветеринария препаратлари ишлаб чиқарилади.

Туманнинг «Кимёгарлар» маҳалласидаги кичик саноат ҳудудида эса полиэтилен, пласт­масса маҳсулотлари ва бошқа кўплаб халқ истеъмоли моллари тайёрланмоқда.

Қишлоқ хўжалиги пастдарғомликлар ҳаётида асосий ўрин тутади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли фермерлар ҳаётида туб ўзгаришлар юз берди. Муқаддам етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қаерга, кимга сотишни билмай саргардон бўлган қишлоқ аҳлининг мушкули осон бўлди. Мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш йўлга қўйилганлиги туфайли туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт ҳажми йил сайин ошмоқда.

Биргина «Чаросагроузумлари» масъулияти чекланган жамиятга қарашли фермер хўжаликлари хорижлик ҳамкорлар билан уч минг тоннадан зиёд узум етиштириб бериш шартномаларини имзолагани ҳам фикримиз далилидир. Мазкур жамиятда ҳосилнинг қарийб 7 минг тоннаси қайта ишланади. Иккита совутиш омборхонасида қиш захираси учун тонна-тонна узум сақланади.

Айни пайтда фермер хўжаликлар пахта ва ғалла етиштиришдан бошқа соҳаларга ҳам ихтисослашмоқда. Сер­ҳосил экинзорларда картошка, полиз маҳсулотлари, сабзавотдан мўл ҳосил олинмоқда. Чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа тармоқлар ривож топмоқда.

Кейинги беш йилда туманда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 124 умумтаълим мактабларининг асосий қисми янгидан қурилди, таъмирланди ва капитал реконструкция қилинди. 14 касб-ҳунар коллежларини ҳар йили 4000 нафардан ортиқ ўқувчи битирмоқда. Кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очилганлиги ёшларнинг бандлигини таъминлабгина қолмасдан, уларнинг келажакка бўлган ишончини янада орттирмоқда.

 Айни пайтда ҳар бир билим маскани ўз спорт залига эга. Тадбиркорлар томонидан фақат кейинги бир йил ичида 17 та сунъий қопламали ­футбол майдонлари қуриб, фойдаланишга топширилди.

Лойиҳа қиймати 2 мил­лиард 145 миллион 800 минг сўмлик ёпиқ сув ҳавзаси вилоят туманлари ичида биринчи бўлиб бунёд этилгани аҳолига катта совға бўлди. Сув спортининг ривожланиши учун яратилаётган ушбу қулайлик туфайли спорт билан шуғулланаётган ёшлар сони сезиларли даражада ортди.

2015 йилда Диёра Келдиёрова, Жаҳоной Туркманова, Нурбек Бердиёров, Тўрабек Тиркашев сингари пастдар­ғомлик ёшлар спортнинг дюздо, самбо, юнон рум кураши турлари бўйича жаҳон чем­пиони бўлганликлари ҳам ушбу фикрнинг исботидир.

Ўтган йили Гўзалкент қўрғонида лойиҳа қиймати 4 миллиард сўмдан ошадиган муҳташам боғ ҳамда 2800 ўринли амфитеатрнинг бир қисми ҳашар йўли билан бун­ёд этилди. Туман марказидан анча узоқликдаги бу масканда бугунги кунда турли хилдаги маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

— Аҳолининг ижтимоий муҳофазаси асосий эътиборда, — дейди Халқ депутатлари ­Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП ­гуруҳи аъзоси ­Бахтиёр ­Шукуров. — Айниқса, қишлоқ ҳудудларида аҳоли бандлигини таъминлаш, маънавий-маърифий тадбирлар кўламини чекка ҳудудларга кўчириш борасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Туманнинг Сайрам қишлоғида қўлда гилам тўқиш цехининг очилгани ҳам фикримизнинг исботидир. Сайрам ва Канал­ёқа қишлоқ аёллари бугунги кунда ипак толаларини бўяш технологиялари, нақшлар яратиш сирларини ўзлаштириб, «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи билан маҳсулот чиқаришмоқда. 40 нафарга яқин қиз-жувон чекка ҳудудда барча шарт-шароитлари яратилган муҳим иш ўринларига эга бўлганликларидан мамнун. Бундай имкониятлар барча қишлоқларда яратилиши учун манзилли дас­турлар белгилаб олинган. Шу асосда айни пайт­да деярли барча маҳаллалар қошида маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари иш бошлаганлиги натижасида 10-15 нафардан қишлоқ ёшлари бандлиги таъминланмоқда. Бу борада тадбиркорларнинг ҳиссалари катта бўлаётир. Биргина ўтган йили 19 маҳалла маркази ишбилармонлар ҳомийлигида қад ростлади. Ушбу марказларда хизмат кўрсатиш ва сервис хизматлари ташкил этилди.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида «Ким ­эдигу, ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?» шиори остида коллеж битирувчиларининг тақдимотлари ўт­казилди. Туманнинг 30 жойида ташкил этилган мазкур тадбирда иш берувчи, коллеж битирувчилари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Унда 900 нафардан ортиқ ёш­га мустақил иш бошлашлари учун кредит сертификатлари топширилди. 300 дан ортиқ йигит-қиз ўз ҳунарлари намойиши туфайли иш берувчилар эътиборини тортди. Умумий ҳисоб-китобларга кўра, 14 касб-ҳунар коллежида таълим олган 128 мутахассислик бўйича 4 минг нафардан ортиқ битирувчиларнинг асосий қисми биргина шу тадбир жараёнида иш берувчилар билан меҳнат шартномаларини имзолашди.

Ушбу йигит-қизлар ҳаётдан ўз ўринларини топиб, туманнинг янада гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшишлари шубҳасиздир.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.