01.11.2016

ҲАР БИР САВОЛ, ҲАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА

Пойтахтимиздаги «Истиқлол» санъат саройида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. ­Анжуманда 2016 йил 5 октябрда имзоланган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон ва унинг ижроси билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. Ушбу фармоннинг партиямиз электорати учун аҳамиятли томони шундаки, тадбиркорлик ривожланса, янги иш ўринлари кўпаяди, бандлик муаммоси ечимига хизмат қилади, ижтимоий ҳимоя кучаяди, аҳоли турмуши фаровонлашади.

Анжуман онлайн тарзда ташкиллаштирилиб, унда «Темирйўлчилар» ва «Авиасозлар» маданият саройлари, Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган академик лицейи, Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш институти, Тошкент давлат педогогика ва Тошкент давлат ахборот технологиялари университети, Ўзбек Миллий академик драма театри ҳамда Алишер ­Навоий номидаги киночилар уйи, «Туркистон» санъат саройи ҳамда 505 маҳалла фуқаролар йиғинларига тўпланган 40 мингга яқин тадбиркор қатнашиш имконига эга бўлди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекис­тон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, Давлат солиқ ҳамда Божхона қўмиталарининг раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ­Давлат солиқ қўмитаси раиси ­Б. Парпиев, Ички ишлар вазири А.Аҳмадбоев ва бошқалар таъкидлаганидек, бу фармонда тадбиркорлик субъектларига кенг эркинлик бериш, хусусан, уларнинг фаолиятига ҳар қандай аралашувни чеклаш, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишини таъминлаш давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлаб қўйилди.

— Ҳозир ҳар бир корхона, ҳар бир тадбиркор экспорт имкониятидан тўлиқ фойдаланиши керак, — дейди «Зиё барака текс» оилавий корхонаси раҳбари Меҳринисо Исломова. — Мазкур фармон асосида иш тутсак, бунга эришамиз деган умиддамиз. Фаолиятимиз давлат ҳимоясида эканини ҳис қилиш кишига куч-қувват бахш этади. Янги имтиёзлар берилиб, янада кенг имкониятлар яратилаётгани ғайратимизни ошириб, ишонч билан ишлашга чорлайди. Ушбу фармоннинг биз тадбиркорларни хурсанд қилган томони шундаки, эндиликда фаолиятимизга аралашувлар йўқолади, яъни тадбиркорлик субъект­лари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб бекор қилинади.

— Тиббиёт соҳасига тегишли янги корхона очдик, — дейди ­Носир Маҳсумов. — Яқин кунларда иш бошлаймиз. Фармонда тадбиркорликни ривожлантириш учун кўплаб имтиёзлар белгиланибди. Бу имкониятлардан унумли фойдалансак, яқин келажакда корхона қув­­­вати ошади, янги иш ўринлари ­яра­­­тилади. Фармонга биноан илк бор ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъекти, етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф этса, корхона раҳбарияти ва унинг ходимлари жавобгарликдан озод қилинар экан. Мазкур ҳолат тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахсларга ҳам тааллуқли экан. Демак, мазкур шахсларга фаолиятини қонунга мувофиқлаштириш имконини беради. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш каби жиноий жазони қўллаш тақиқланиши ҳам ҳар томонлама адолатли бўлди, деб ўйлайман.

Анжуман давомида фармонга асосан ишлаб чиқилган «Коррупция­га қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида ташкил этиладиган Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакиллик институти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Очиқ мулоқот иштирокчилари фармон юзасидан ҳамда ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга мутасадди раҳбарлардан тўғридан-тўғри жавоб олишди.

Мазкур очиқ мулоқотнинг яна бир қулай жиҳати шунда бўлдики, видеоконференцалоқа тизими орқали пойтахтимизнинг барча туманларида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари вакиллари ҳам мулоқотга қўшилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов сўзга чиқди ва тадбиркорларнинг қатор саволларига жавоб беришди.

 

Шаҳбоз САИДОВ

 



DB query error.
Please try later.