01.11.2016

ИСТАК ВА ИШОНЧ

2016 йил 5 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолия­тининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон аввало, бандлик масаласини ҳал этиш, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, халқимиз турмушини янада фаровонлаштиришга хизмат қилади. Унинг ҳар бир банди муҳим ва ҳаётий аҳамиятга эга.

2017 йилнинг 1 январидан бошлаб ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладилар.

Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти деганда нима тушунилади? Тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритиб, фойда олишни кўзлашни тушуниш мумкин. Нима учун давлат рўйхатидан ўтилмайди? Сабаби кўп: расмийлаштириш билан боғлиқ ҳужжатлар, харажатлар, югур-югурлар кўп, рўйхатдан ўтса, катта миқдорда солиқ тўлаш керак, деган тушунчалар мавжуд. Аслида ҳам шундайми? Асло йўқ.

Ҳозирги кунда давлат рўйхатидан ўтиш учун интернет орқали 30 дақиқа, шахсан ўзингиз борсангиз кўпи билан 2-3 кун, ёки 5 кун кетар. Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтишнинг афзал томони — вақтингиз тежалади, йўлкира учун сарфланадиган харажатларингиз фойдага қолади, энг асосийси, масъул шахслар эшиги олдида сарғайиш чекланади. Шу боис ҳам 2016 йил давомида интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтган якка тартибдаги тадбиркорларнинг сони шу кунга қадар 20294 тага етди. Шу билан бирга, рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун «Ягона дарча» тамойили асосида идорама-идора югуришларга ҳам чек қўйилди, десак муболаға бўлмайди. Давлат рўйхатидан ўтиб, янги иш бошловчи тадбиркор 6 ой муддатга солиқлар тўловидан озод қилинади, яъни ўзини тиклаб олиши, бизнесни йўлга қўйиб олиши учун имтиёз яратилган.

Ўз юртининг гуллаб-яшнашини хоҳлаган ва бунга ҳисса қўшишни ўзининг бурчи деб билган ҳар бир инсон учун тадбиркорлик катта имкондир. Тадбиркорлар аниқ ҳисоб-китобни яхши кўришади. Келинг, бир ҳисоблаб кўрайлик, сиз ноқонуний фаолият юритсангиз қанча зарар кўрасиз-у, қонуний тадбиркор бўлсангиз қанча фойда кўрасиз? Юқоридаги Фармонда келтирилган чора-тадбирларга кўра, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини биринчи марта содир этган шахс­лар маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилишлари учун бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаб беришлари шарт.

Етказилган зарар нимадан иборат бўлади? Бу сиз ноқонуний фаолият юритган ҳар бир ой учун тадбиркор сифатида тўланиш лозим бўлган солиқ миқдорининг умумий жамламасидир. Яъни масалан, чакана савдо фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар Тошкент шаҳрида қонуний фаолият юритишда энг кам ойлик иш ҳақининг 9 баравари, яъни 1347975 сўм миқдорида солиқ тўлайди. Дейлик, сиз ноқонуний чакана савдо фаолияти билан 3 ойдан бери шуғулланаётган бўлсангиз, етказилган зарар сифатида юқорида қайд этилган солиқ миқдорининг 3 баравари миқдоридаги суммани бир ой ичида қоплаб беришингиз ­лозим бўлади. Бундан ташқари, шу бир ой ичида тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтишингиз, рухсат этувчи зарур ҳужжатларни ҳам расмийлаштиришга улгуришингиз лозим бўлади.

Энди ўйлаб кўринг, ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланиб, катта миқдордаги етказилган зарарни бир ой ичида қоплаб берган маъқулми, ёки давлат рўйхатидан ўтиб, 6 ой солиқ тўловидан озод этилиб, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишдан қўрқмасдан хотиржам фаолият юритган афзалми?

Албатта, қонунга итоат этиб, хотиржам меҳнат қилиб, бойлик топиб, элимизга мададкор бўлиб юришга нима етсин. Юқорида қайд этилганидек, қонуний тадбиркор бўлиш учун ҳозирги даврда фақат истак керак, ишонч керак. Фаолиятингиз йўлида ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, йўлингизга ғов бўлаётган тўсиқларни олиб ташлашни эса давлат кафолатламоқда.

 

Дилфуза АБУЛХАСАН,

Республика Савдо-саноат палатаси мутахассиси. 



DB query error.
Please try later.