29.10.2016

ОЛОВ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

Инсоният қадимдан оловга мўъжиза сифатида қараб, ундан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиб келган. Олов турмушимизни фаровонлаштиради, ҳунармандчиликдан тортиб, йирик саноат корхоналари фаолиятини оловсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Бироқ оловдан фойдаланишнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Уларга тўғри амал қилинсагина ҳаётимиз бехавотир, тинч ва осуда кечади. Баъзан кичкина эътиборсизлик ҳам фалокатларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, болаларнинг гугурт ёки олов билан ўйнашлари оқибатида кўплаб ёнғинлар келиб чиққан.

Шу боис ҳам ҳар бир ота-она болаларига бу ҳақда тушунча бериши, эҳтиёт чораларини кўриши лозим. Шунингдек, ҳар бир хонадонда электр асбобларидан тўғри фойдаланишга одатланиш, носозларини ишлатмаслик зарур. Хонадонларда ёнғин хавфсизлигига риоя қилиш бўйича айрим маслаҳатларни билдирмоқчимиз.

Электр асбоб-ускуналаридан фойдаланиб бўлгандан сўнг, уларни электр тармоғидан ўчиришни асло унутмаслик керак. Уйдан чиқиб кета туриб, газ асбоблари ва электр чироқларини албатта ўчириш лозим. Хонада газ ҳиди сезилса, чироқ ва бош­қа электр асбоблари, учқун берувчи воситаларни ёқиш мумкин эмас. Электр асбобларининг ортиқча қизиб кетиш ҳоллари ҳам ёнғин содир бўлишига олиб келади. Хонадонлардаги электр тармоқларини бир вақтнинг ўзида бир неча ток қабул қилувчи воситаларга улаш ҳам хавфли. Ҳатто, ошхонада қозондаги ёғни қиздираётганда назоратсиз қолдириш аянчли ҳолларга олиб келиши мумкин. Ёқиб қўйилган электр иситгич асбобларини, электр дазмол ва плиталарни қаровсиз қолдирманг. Уларни фақат ёнмайдиган материаллардан бўлган махсус тагликка қўйиш лозим. Ёниб турган газ плитаси устида кир қуритиш кучли ёнғин чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Ёнғин хавфсизлиги қонун-қоидалари, меъёр ва талабларига аниқ амал қилсак, ҳеч қачон хавф-хатар юз бермайди.

 

Соҳиб ОЧИЛОВ,

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи

электр техник таҳлилхонаси бошлиғи.



DB query error.
Please try later.