29.10.2016

ДАСТУР ИЖРОСИ — ЮКСАЛИШ ОМИЛИ

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжумани «2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялаш Дастурининг» ижросига бағишланди.

Маълумки, Дастурда 2015-2019 йилларда 150 та инвестиция ло­йиҳалари бўйича 9,8 миллиард доллар миқдоридаги маблағнинг ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Яъни унинг амалга оширилиши натижасида 5,5 мингдан зиёд трансформатор пунктлари ҳамда 25 минг километрдан ортиқ электр тармоғи линиялари қурилади ва қайта таъмирланади, миллий мобиль алоқа оператори тармоғи яратилади, 12 минг километрлик оптик толали алоқа тармоғи қурилади, коммутация марказлари модернизация қилинади, рақамли телевидение тармоғини кенгайтириш орқали республиканинг энг чекка ҳудудларида жойлашган аҳоли пункт­лари қамраб олинади. Шунингдек, 885 километрлик темир йўллари электрлаштирилади, Тошкент шаҳри аэропортида «Тошкент-4» янги йўловчи терминали қурилади, Термиз ва Нукус шаҳарлари аэропортлари бинолари қайта таъмирланади. Андижондан Қўнғиротгача, Самарқанддан Термизгача, Қаршидан Шаҳрисабзгача бўлган йўналишларда 2700 километрга яқин автомобиль йўллари қурилади ва қайта қурилади.

Шунингдек, 8600 км. ичимлик сув тармоқлари ва 358 км. санитария тозалаш (канализация) тармоқлари қайта қурилади ҳамда модернизация қилинади.

— Бугунги кунга келиб, Мароқанд — Қарши ва Самарқанд — Бухоро темир йўл участкалари электрлаштирилиб, мазкур йўналишларда юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд қатнови йўлга қўйилди, — дейди вазирликнинг етакчи мутахассиси Сардорхон Ҳасан­хўжаев, — Бундан ташқари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси учун 1 та «Ми-8 МТВ-1» русумидаги вертолёт ҳамда 1 та «Boing 787-800» русумидаги самол­ёт харид қилиниб, фойдаланишга топширилди. 376 км. автомобиль йўллари қайта таъмирланди.

Шуни айтиш жоизки, Дастурда белгиланган лойиҳаларнинг бажарилиши бўйича жорий йилнинг охирига бориб, 302 та трансформатор пункти ва 320 километр­лик электр тармоғининг қурилиши, битта юқори тезликда ҳаракатланувчи Talgo-250 русумидаги поезд­нинг харид қилиниши ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари« Миллий авиакомпанияси учун иккинчи «Boing 787-800» русумидаги самол­ёт келтирилиши назарда тутил­ган.

Бундан ташқари, 512 километрлик автомобиль йўллари қайтадан таъмирланади, шунингдек, А-380 автомобиль йўлининг Бухоро — Тўрткўл йўналишида 125 километр, М-39 трактининг Ғузор — Термиз йўналишида 50 километр, М-37 трактининг Самарқанд — Навоий йўналишида 16,7 километр масофадаги йўллар қурилиши якунланади.

Шундай қилиб, 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурининг ижроси натижасида юртимиз саноат салоҳияти самарадорлиги янада юксалиб, унинг жадал ривожланишига йўл очади. Илғор йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг барпо этилиши эса, ўз нав­батида, миллий иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва технологик янгилашга кенг шароит яратади. Бунинг самарасида ташкил этиладиган иш ўринлари банд­ликни таъминлашда муҳим омил бўлиб, халқимиз фаровонлиги, унинг ҳаёт сифати янада ошишига хизмат қилади.

 

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.