29.10.2016

ТАШАББУСКОРЛИК ВА ҚАТЪИЯТ

электорат манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижроси электорат манфаатлари ҳимоясида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларидан бу масалага алоҳида эътибор қаратиш, масъулият билан ёндашиш талаб этилмоқда.

Ҳаракат дастурида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалаларни партия гуруҳларимизда ўрганиш, доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш бўйича аниқ вазифалар ва уларни амалга ошириш муддатлари белгиланган. Хўш, бу борада жорий йилда қандай натижаларга эришилмоқда?

— Бугун таклиф ва ташаббуслар билан чиқишда депутатлар, партия гуруҳлари фаоллигини кучайтириш ҳаёт талабига айланди, – дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Акмал Турсунбоев. – Бу борада уларнинг ҳуқуқлари, ваколатлари кенгайтирилди. Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари аъзолари бундан самарали фойдаланишяпти. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган турли масалалар ўрганилиб, уларнинг ечими назоратга олинмоқда.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳлари томонидан 166 масала партия гуруҳлари, 101 масала доимий комиссия йиғилишларида кўриб чиқилган. Шундан 69 масала сессияларда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган. Бунда электорат манфаатлари ҳимоясига, хусусан, бандлик дастури, битирувчиларни ишга жойлаштириш, қонун ва қарорлар ижросини ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи 26 пар­тия гуруҳида таҳлил этилиб, депутатларимиз ташаббуси билан 19 ҳудудда доимий комиссия ҳамда 13 ҳудудда сессия муҳокамасига олиб чиқилган. Натижада электорат манфаатларига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилинишига эришилган.

Лекин шуни ҳам айтиш керакки, Ҳаракат дастури ижросида барча туман ва шаҳар Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари бирдек фаоллик кўрсатишмаяпти. Айрим масалалар фақат партия гуруҳларида кўриб чиқилиши билан чекланилмоқда. Ҳар бир ҳудудий партия ташкилоти, депутатлардан бу ҳақда чуқур ўйлаб, керакли хулоса чиқариб олиш талаб этилади.

Муайян масалани тор доирада муҳокама қилиш билан унга оқилона ечим топиш қийин. Шунинг учун электорат манфаати билан боғлиқ ҳар бир масалани сессияда атрофлича кўриб чиқиш, пишиқ-пухта қарор қабул қилиш, унинг ижросини изчил назоратга олиш керак бўлади.

— Айни пайтда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия­миз гуруҳида 11 нафар депутат фаолият олиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон ХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Юлдуз Тўрақулова. – Ҳаракат дастуридан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик масалалар доимий комиссиялар йиғилишлари, сессияларга олиб чиқиляпти. Яқинда партиямиз гуруҳи «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг ижросини ўрганиб, шу ҳақдаги масалани шаҳар Кенгаши сессияси муҳокамасига киритди. Шаҳримизда 111 та хусусий, 16 та давлат тасарруфидаги дорихона ва 33 та дорихона шохобчаси фаолият юритади. Партия­миз гуруҳи аъзолари дорихоналар ишчи-ходимлари малакаси, маълумоти, дори воситаларини сақлаш ҳолатлари, уларнинг сифатини ўрганишди. Аниқланган камчиликлар сессия йиғилишида атрофлича муҳокама этилди. Аҳолини ўйлантираётган ижти­моий масалаларни ҳал қилиш юзасидан амалий ишларимизни янада кўпайтиришга эришмоғимиз лозим.

Хусусан, партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, алоҳида қўллаб-қувватлаш ва ёрдамга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилиш, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг тўғри тақсимланиши устидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, коммунал хизматлар сифатини яхшилаш ишларига алоҳида эътибор билан қарашимиз зарур. Ҳудудларда ушбу йўналишлардаги ҳолатни чуқур ўрганиб, доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига киритиш учун ҳаётий таклифлар тайёрлаш талаб этилади.

— Жорий йилнинг шу даврига қадар халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари томонидан электорат манфаатлари билан боғлиқ 20 дан ортиқ масала атрофлича кўриб чиқилди, – дейди Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши бўлим бошлиғи Саломат Турсинов. – Шундан 15 масала тегишли доимий комиссияларга, 8 таси эса сессияга олиб чиқилди. Қабул қилинган қарорлар ижроси назоратга олинган. Бу борада Чимбой, Амударё, Тўрткўл, Қўнғирот ва Кегейли туман Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари фаолияти самарали бўлмоқда.

Партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан Тўрткўл туман Кенгаши сессиясида туман поликлиникаларини замонавий тиббиёт ва диагностика асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, Қўнғир­от туман Кенгаши сессиясида касаначиликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, Чимбой туман Кенгаши сессиясида эса иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг бажарилиши тўғрисидаги масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Шуни яна бир бор айтиш керакки, электорат манфаатлари билан боғлиқ долзарб масалани ўрганиб, доимий комиссия ёки сессия муҳокамасига киритиш билан чекланиш ярамайди. Бу ўринда қабул қилинган қарорларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш, суст­кашликка йўл қўяётган мутасадди ташкилотлар фаолияти устидан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, зарур пайтда қатъият кўрсатишимиз лозим.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.