27.10.2016

БИРНИНГ ШАРОФАТИ МИНГГА, МИНГНИКИ ТУМАНГА

Тадбиркор, ЎзХДП аъзоси Нурали Баратов паррандачилик хўжалигини қандай сақлаб қолгани ва янада ривожлантираётгани ҳақида

— Тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳақидаги янги фармон тараққиётни бунданда жадаллаштиришга хизмат қилади. Очиғи, бунгача қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларнинг айримларида ижро сезилмас эди. Аксинча, бу гал ишга халақит берадиганлар ўз қилмишларини ўйлаб кўришади. Ўринбосарим — ўғлим Бегалига «Энди яна ҳам ғайрат қилгин, барака топасан!», дедим...

У Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини ҳаяжонланиб шарҳлаб берди.

— Фармонда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилашга алоҳида эътибор берилган, — дейди Нурали. — Биласизми, бу нима дегани? Энди ҳар қандай яхши қонун ва қарорлар қоғозда қолиб кетмайди, дегани.

— Паррандачиликка ҳам нафи тегармикан? — эҳтиёт бўлиб сўрайман ундан. — Асосий йўналишларда тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоялаш назарда тутилган, менимча.

— Унда бу ҳужжатнинг моҳиятини тўла англаб етмабсиз, — дейди у яна тўлқинланиб. — Фармонга кўра, 5 та устувор соҳа бўйича 42 та аниқ чора-тадбир Дастури тасдиқлангани матбуотда шарҳлаб берилди-ку! Улар барча соҳага, шу жумладан, паррандачилик тараққиётига ҳам бевосита дахлдор. Тарихий хотирасиз келажак йўқ, дейишади. Бугунги ютуқларимизни англаш учун ўтмишдаги қи­йинчиликларни, йўл қўйилган хатоларни эсдан чиқармаслик лозим. Мен чеккан азоб-уқубатларимизни, қандай қилиб хўжалигимизни асраб қолганимиз, янги-янги лойи­ҳаларни амалга оширганимизни ҳеч қачон унутмайман. Жамоамиз аъзолари ҳам унутмайди...

Ўрта бўй, истараси иссиқ, доим дўппи кийиб юрадиган Нурали Баратов билан янги фармон ҳақида, ўзининг янги режалари ҳақида суҳбатлашамиз. Нурали ҳамиша ниманидир мўлжаллаб юрадиган ташаббускор йигит. Бундан икки йил олдин янги иш бошлаганини айтган эди. Дарҳақиқат, кичик цех тузиб, ўтган йили минг бош бедана кўпайтирган эди, бу йил эса мазкур рақам икки ярим баробарга етибди. Яна бир янгилиги — балиқчилик экан. Паррандадан озроқ ем чиқитга чиқиши мумкин. Шуни ўйлаб, бир гектар ташландиқ жойда ҳовуз қазиб, кўлга айлантирибди, натижада бу йил 5 тонна зоғора, оқ амур, дўнгпешона зотли балиқларни савдога чиқарибди. «Келаси йил балиқ 10 тоннадан кам бўлмайди», дейди у.

Маълумотларга қараганда, истиқлолгача мамлакатимизда 170 дан ортиқ ихтисослашган йирик паррандачилик хўжалиги бўлган ва уларнинг қарийб 35-40 фоизи бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб кета олмаган. Қашқадарё вилоятида Қамаши, Касби, Деҳқонобод туманларидаги хўжаликлар фаолиятини тўхтатган. Чироқчи туманидаги «Истиқлол» хўжалиги энди ўзини ўнглаяпти.

— Дунёнинг ривожланган мамлакатларида паррандачилик соҳасида ниҳоятда юқори натижаларга эришилмоқда, — дейди Нурали Баратов. — Уларда наслчилик, маҳсулдорлик, озуқа борасида тинмай изланиш олиб борилади. Юртимиз истиқлолга эришгач, бошқа соҳалар қатори паррандачиликни ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилди. Ҳукуматимизнинг яхши қарорлари чиқди. Афсуски, мен хўжалик раҳбарлигини қабул қилганимда, товуқ деярли қолмаган, роса қарзга ботган эдик. Жамоамиз аъзоларига: «Ҳали яхши кунлар келади, келинглар, умидсизланмайлик, бор имкониятни ишга солайлик», дедим. Ростини айтсам, аҳволни қандай ўнглашни ўзим ҳам билмасдим. Юрагим сиқилар, кеча-кундуз тинмай ўйлардим, чора қидирардим. Охири, яхши одамлар ҳузурига бордим. «Бухоро парранда» МЧЖ раҳбари Убайдулло ака Қобиловга минг раҳмат, 1995 йилда 40 минг бош жўжани қарзга берди, 35 минг бош сермаҳсул товуқ бўлди. Республика паррандачилик уюшмаси ҳам ёрдам қўлини чўзди. Ишни ташлаб кетган айрим ходимларимиз ҳам қайта бошлади...

Молиявий кўмаксиз ривожланиш қийин. Вилоят саноат-қурилиш банкидан 2000 йилда 50 миллион сўм, 2007 йилда 200 миллион сўм кредит олиб, ишимизни ўнглай бошладик. Товуқ сони кўпайди. Жўжа очириш цехини таъмирлаб олдик. Эски товуқхоналаримизнинг ҳар бирида 10 минг парранда боқилади. Бироқ тараққиётнинг талаби қаттиқ, олдинга юрмаган ют-қазади. Шунинг учун 2013 йилда банкдан 1 миллиард сўм кредит олиб, Украинада тайёрланган ускуналарни ўрнатдик. Бу замонавий цехимизда бир йўла 35 минг товуқни парвариш қилиш мумкин.

— Наслчилик ва озуқа ҳақида суҳбатлашсак, бу икки омилсиз паррандачиликни ривожлантириш қи­йин, шундай эмасми?

— Дарҳақиқат шундай, — дейди қатъият билан Нурали. — Паррандачиликда ҳар бир сўм ҳисобда, шунинг учун ҳукуматимиз қатор имтиёзлар яратган. Биз емни Қаршидаги «Дунё-М» корхонасидан тўғридан-тўғри, шартнома асосида сотиб оламиз. Хитойдан 74 минг АҚШ долларига озуқа тайёрлаш цехи келтириб ўрнатдик. 45 гектар еримизга ғалла, маккажўхори экамиз ва емга аралаштирамиз. Натижада тўйимли озуқа ҳосил бўлади. Энди наслчиликка келсак, олдин «Леггорн», «Беларус» зотли товуқларни боқардик. Илгари хўжаликдаги 80 киши йилига 5 миллион дона тухум етиштирган бўлса, ҳозир бутунлай бў­лакча. Аввало, биз 35 иш ўрнини сақлаб қолдик. Ўтган йили 5 миллион дона тухум етиштирдик. Тухум етиштириш бу йилнинг охиригача 7 миллион донага, пар­ҳез гўшти 40 тоннага етади. Қандай қилиб бунга эришдик? Келинг, уринишларимизни айтиб берай. 2013 йилда Россиянинг Свердловск вилоятидаги паррандачилик хўжалигидан 10 минг бош зотли жўжа келтириб кўпайтирдик. Тухумини цехимизда очириб, 15 минг бош жўжани аҳолига бепул тарқатдик.

Ўтган йили голландиялик мутахассислар хўжалигимизга келишди. Ишдан суҳбат бўлди. Биз бу давлатда етиштирган «Декалп» зотли товуқнинг жўжасини «Мароқанд» МЧЖ дан олаяпмиз. Ниҳоятда сермаҳсул, йилига ўртача 280 дона тухум беради. Ҳозир 74 минг товуқ бўлса, унинг 34 минг боши тухумга кираяпти.

Нурали ҳеч нарсани оширмай-тоширмай ҳикоя қилиб берди, цехларни кўрсатди. Ишчилар билан таништирди. Масалан, товуқ боқар — оператор Салима Остонова, унинг умр йўлдоши, устахона чилангари Жўрақул Нуралиев узоқ йилдан буён меҳнат қилишаяпти. Коллежни тугатган ўғли Темур ҳам ишга келибди. Умуман, жамоада 15 нафар коллеж битирувчиси меҳнат қилмоқда.

Нуралининг ўзи айтмаган бир гапни бошқалардан эшитдим. У ижтимоий мададга муҳтож қатор оилаларга, талабаларга корхона ҳисобидан ёрдам кўрсатиб келаётган экан. Кимгадир уй қуришда ёрдам берибди, 15 нафар талабанинг шартнома пулини тўлабди.

— Мен партиямиз ташкил топгандан буён аъзоман, — дейди Нурали Баратов. — Бозор шароитида одамларни ижтимоий ҳимоя қилиш, янги иш ўринлари яратиш, коллеж ўқувчиларини ишга қабул қилиш ва бошқа вазифаларни бажаришга ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз лозим, деб ўйлайман.

Тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳақидаги фармонни жамоада муҳокама қилдик. Натижада янги режа тузилди. Банк­дан кредит олиб, 50 минг бош товуқ парвариш қилинадиган янги ускуналарни келтирмоқчимиз. Натижада маҳсулот кўпаяди, камида яна 10 иш ўрни яратилади.

— Бир воқеани айтмасам бўлмас, — дейди Нурали. — Бундан ўн йил бурун туман ҳокимлиги хўжалигимизни банкрот қилишга уринди. Ҳайрон бўлдик, ҳеч кимдан қарзимиз йўқ, ривожланиш йўлига тушиб олаётган эдик. Ке­йин билсак, қайсидир бадавлат кишига хўжаликни сотмоқчи бўлишган экан. Йўқ, ниятларига етишолмади. Ўзлари қонун олдида жавоб беришди... Агар ўшанда қаттиқ турмаганимизда, ким билади дейсиз, корхона тугатилиб кетармиди...

Унинг меҳнат фаолияти аслида катта-кичик курашлардан иборат. Ана шу курашларда у тобланмоқда, орзуларини амалга оширмоқда, иззат-ҳурмат топмоқда.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.