27.10.2016

ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 октябрь куни имзоланган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мамлакатимизда бос­қичма-босқич ҳамда изчил олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.

Ҳаммамизга аёнки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган.

«Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»да бу борада белгиланган барча принципиал қоидалар Конс­титуциямизда ўз аксини топган. Шу асосда мамлакатимизда инсоннинг ҳаёти, шахси ва эркинлигининг дахлсизлиги олий қадрият сифатида эътироф этилмоқда.

Бир эслайлик, давлатимиз мустақиллигининг илк кунларидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуслари билан суд-ҳуқуқ тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Судларнинг давлат ҳокимияти органи сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш соҳадаги энг устувор вазифа сифатида белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципига асосланиши ҳақидаги қоида мустаҳкамланган. Бу суд органларини мустақил давлат органи сифатида ташкил этишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилди. Мазкур конституциявий нормадан келиб чиқиб, дастлаб Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Яъни, суд-ҳуқуқ соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб боришга ҳуқуқий замин яратилди. Ўтган йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар изчиллиги ва босқичма-босқичлигини таъминлашга катта эътибор қаратилди.

Маълумки, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш мақсадида миллий қонунчилик тизимида «Хабеас корпус» институти жорий этилди.

Эътироф этиш жоизки, 2008 йилдан бошлаб, эҳтиёт чoрaси сифaтидa қaмoққa oлишгa сaнкция бeриш ҳуқуқи прoкурoрдaн судгa ўткaзи­лиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ташланган муҳим қадамлардан бири бўлди.

2010 йил 12 ноябрда қабул қилинган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»да ҳам суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Концепцияда белгиланган асосий қоидаларга мувофиқ, жиноят процессуал қонунчилигининг иккита муҳим йўналишида шахснинг дахлсизлик ҳуқуқларига тегишли бўлган процессуал мажбурлов чорасини, яъни айбланувчини лавозимдан четлаштириш тўғрисидаги, шунингдек, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судянинг санкцияси асосида қўллаш тартиби жорий қилинди. Ушбу процессуал ҳаракатларни белгиловчи қоидалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида мустаҳкамлаб қўйилди.

Жиноят қонунчилигига киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг муҳимлиги шундаки, амалиётда тергов жараёнида содир бўлиши мумкин бўлган хатоларнинг олдини олиш, холисликни таъминлаш, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳуқуқларини ишончли тарзда ҳимоя қилиш имкони кенгайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлсак, «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишонч­ли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонида ўта долзарб масалалар қамраб олингани, тизимдаги ислоҳотлар изчил давом этаётгани аён бўлади.

Ушбу Фармонга асосан 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб дастлабки тергов бос­қичида суд назоратини янада кучайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддаларида белгиланган почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилади. Шунингдек, дафн этилган мурдани эксгумация қилиш, яъни жиноятга алоқаси бўлган шахснинг жасадини қайта текширувдан ўтказиш мақсадида кўмилган жойидан очиб олишга санкция бериш ҳуқуқи ҳам судларга ўтказилади. Мана шу икки қоида ҳам, энг аввало, фуқароларнинг устувор конституция­вий ҳуқуқ­ларини янада мустаҳкамлашга, шу билан бирга, ўтганларнинг ҳурматини жойига қўйишга хизмат қилади.

Хўш, ҳозирда почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш, шунингдек, экс­гумация қилиш тартиби қандай?

Маълумки, Жиноят-процессуал кодексининг 166-моддасида почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш асослари белгиланган. Унда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи бошқа шахсларга юборган ёхуд бошқа шахслар гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига юборган почта-телеграф жўнатмаларида содир этилган жиноятга доир маълумотлар ёки иш учун аҳамиятга молик ҳужжатлар ва буюмлар бор деб гумон қилиш учун етарлича асослар бўлганда, суриштирувчи, терговчи бу шахсларнинг барча почта-телеграф жўнатмаларини ёки уларнинг айримларини хатлаб қўйишга ҳақли. Бунинг учун прокурорнинг санкциясини олиш талаб этилади. Бироқ бунда, яъни, дастлабки тергов босқичида гумон қилинувчи, айбланувчининг ҳуқуқларини бир томонлама ҳал этиш эҳтимолини оширади. Шу маънода, Президент Фармонида белгиланган почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш учун санк­ция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилишининг аҳамияти жуда катта, деб ўйлаймиз.

Энди эксгумация қилиш­нинг амалдаги тартибига тўхталсак.

Маълумки, Жиноят-процессуал кодексида мурдани эксгумация қилиш асослари белгиланган. Унга мувофиқ, зарур бўлган тақдирда кўздан кечириш, таниб олиш, текшириш ёки экспертизага намуналар олиш учун мурдани қабрдан чиқариб олиш мумкин. Бунинг учун суриштирувчи, терговчи қарор чиқариб, прокурорнинг санкциясини олади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, эксгумация қилиш учун санкция бериш ҳақида прокурор ўзининг қарорини қабул қилишда майит (мурда)нинг қариндошларидан розилик олиш ҳақидаги қоида амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Бундай ҳолатда прокурорнинг якка тартибда қабул қилган қарори бир томонлама асосланиши, қолаверса, эксгумация қилиш зарур бўлган майит қариндошларининг айрим норозилигига, турли хил гумонлар ва англашилмовчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Келгусида эксгумация қи­лиш учун санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши, биринчидан, холисликни таъминласа, иккинчидан, турли хил шубҳа-гумонларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Чунки судлар бундай ишларни асосан очиқ суд мажлисида ва томонларнинг иштирокида кўриб чиқади. Бу қоида орқали инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланади, азал-азалдан яшаб келаётган миллий ва диний урф-одатларимизга ҳурмат сақланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларининг таъминланишига янада кенг йўл очиб беради.

 

Абдуманноб РАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг катта эксперти.



DB query error.
Please try later.