Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
27.10.2016

2017 ЙИЛДА ИЖТИМОИЙ СОҲА ҚАНДАЙ МОЛИЯЛАШТИРИЛАДИ?..

Бюджет даромадлари тўлиқ шаклланиши, харажатлари тўғри йўналтирилиши мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлиги ортиб боришида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун давлатимизда бюджет ва унинг ижросига жиддий эътибор қаратиб келинади.

Давлат бюджети даромадлари шаклланиши, унинг харажатлари молиялаштирилиши анча мураккаб жараёнлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бунда бюджет ва унинг ижроси билан боғлиқ ҳар бир масалани чуқур таҳлил қилиш, хато-камчиликларни вақтни ўтказмасдан бартараф этиш чораларини кўриш катта аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар «2017 йил учун Ўзбекистон Республикаси Бюджетномаси, шунингдек, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги масалани қизғин муҳокама этишди.

Ушбу масала юзасидан Молия вазирининг ўринбосари Мубин Мирзаев ахборот берди. Таъкидландики, 2017 йилда мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,9, қишлоқ хўжалиги 6,2 фоизга ўсиши назарда тутилмоқда.

Келгуси йилги Давлат бюджетининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, у биринчи навбатда, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини янада оширишга қаратилган. 2017 йилда Давлат бюджетида асосий эътибор ижтимоий соҳани ривожлантиришга, яъни таълим, соғ­лиқни сақлаш, аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иш хақи, пенсия, стипендия ва нафақалар ҳамда бошқа биринчи даражали тўловларни ўз вақтида молия­лаштиришга йўналтирилган. Бу, ўз навбатида, аҳоли реал даромадларининг ўсиши, шу орқали турмуш даражаси ва харид қобилиятининг янада ошишига хизмат қилади.

Аҳад АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фрак­ция­си аъзоси:

— Биламизки, бюджет давлат олдидаги вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадида пул маблағларининг жамғарилиши ва сарф қилинишидир. Бюджет сиёсати эса мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик, бюджет тизимидаги мувозанатни сақлаган ҳолда, давлат тасарруфидаги маблағларни келгусида унинг молия­вий имкониятларини ошириш мақсадида ўта самарадорлик билан ишлатиш, демакдир.

Айтиш керакки, Давлат бюджетида йилдан-йилга ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг улуши ошириб борилмоқда. 2016 йилда ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар бюджет харажатларининг 59,2 фоизини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилда 59,7 фоизгача кўпайтирилиши белгиланган.

Таълим харажатлари эса ўтган йилга нисбатан 18,0 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 6,9 фоизни ташкил этади. Демак, Давлат бюджетидан мазкур соҳага ажратилаётган салмоқли маблағлар таълим-тарбия масканларида билим олиш шароити ва имкониятларини яхшилаш учун кенг йўл очади. 

Саҳобиддин АРЗИҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция­си аъзоси:

— Фракциямиз Давлат бюджети ижросида мамлакатимизда ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалалари доимий эътиборда бўлаётганини қайд этади. Жумладан, келгуси йил учун таклиф этилаётган ло­йиҳада соғлиқни сақлаш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,0 фоизни ташкил этиши белгиланган. Мазкур тизимни ислоҳ қилиш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш юзасидан қабул қилинган дастурлар молиялаштирилишини таъминлаш ишлари изчил ва тизимли асосда давом эттирилмоқда. Биз бундай ёндашувни муҳим, деб биламиз ҳамда уни қўллаб-қувватлаймиз. Чунки аҳолининг соғлиғини сақлаш, соғ­лом авлодни вояга етказиш учун шароит яратиб берилиши Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига тўла мос келади.

Давлат мақсадли жамғармалари, жумладан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жам­ғармаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жам­ғармаси, Олий ўқув юрт­ларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаларининг даромадлари аниқ ҳисоб-китобларга асосан етарли манбаа билан таъминлаши белгилангани депутатлар томонидан алоҳида қайд этилди.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари Давлат бюджети лойиҳасида белгиланган асосий кўрсаткичлар аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалаларига эътибор йил сайин ортиб бораётганининг яққол ифодаси эканини таъкидлашди.

Шуларни инобатга олиб, Ўзбекистон ХДП фракцияси 2017 йил учун Ўзбекистон Республикаси Бюджетномаси, шунингдек, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Давлат бюджетининг харажатлари самарали ва мақсадли олиб борилишини таъминлашда мутасадди вазирликлар ҳамда идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Йиғилишда, шунингдек, 2017 йилга мўлжалланган аҳоли бандлиги Дас­тури лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Меҳнат вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Низомовнинг қайд этишича, мазкур Дастур янги объектларни ишга тушириш, фаолият юритаётган ишлаб чиқариш қувватларидан тўлақонли фойдаланиш, саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ҳамда кичик бизнесни ривожлантириш, ижтимоий инфратузилма, коммуникация, уй-жой қурилиш ҳажмини кенгайтириш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилган. Унга кўра, келгуси йилда 994,7 минг киши ишга жойлаштирилиши кўзда тутилган.

Хайрулла РЎЗМЕТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фрак­ция­си аъзоси:

— Бозор иқтисодиёти шароитида аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш долзарб масала ҳисобланади. Бу вазифани ҳал этишда янги иш ўринлари очиш, аҳолига бар­қарор даромад ман­баини яратиш муҳим аҳа­миятга эга.

Таъкидлаш жоизки, Дастур ло­йиҳасида ижтимоий ҳимоя­га муҳтож фуқаролар бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 

Масалан, банд бўлмаган аҳоли ва ишсизларга, биринчи навбатда ёшларга, хотин-қизларга, имконияти чекланган шахсларга касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ва ишга жойлаштириш хизматлари кўрсатилиши белгиланган. Бунинг учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг имкониятлари ишга солинади. Ушбу марказларда ҳамда базавий касб-ҳунар коллежларида ишсиз фуқаролар машинасозлик, электротехника, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишларида касб-ҳунарга қайта ўқитилади ва малакаси оширилади.

Шу маънода олиб қарасак, Дастур лойиҳаси партиямиз дастурий мақсадлари, электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади.

Зулайҳо АКРАМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фрак­ция­си аъзоси:

— Дастур доирасида ташкил этиладиган янги иш ўринлари ҳамда бўш ва захира қилинадиган иш ўринларига 508,8 мингдан ортиқ касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини жойлаштириш кўзда тутилмоқда. Муҳим томони шундаки, Дастур лойиҳасида коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашнинг янги услубларини қўл­лаш масалалари алоҳида акс этган. Хусусан, коллежларнинг ўқув жараёнига ишга жойлашиш ва ўз ишини очиш масалалари бўйича иккита ўқув-амалий курсини киритиш, интернет тармоғида «Ўз ишингни ярат» махсус порталини очиш, коллеж ва лицейларда меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар ва мутахассисликлар ҳақида маълумотларнинг намойишини ташкил этиш каби вазифалар белгиланмоқда.

Буларнинг барчаси таълим муассасаларини битираётган ёшларни эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлашда, фарзандларимизнинг ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишида муҳим аҳа­мият касб этади, деб ўй­лайман.

Атрофлича муҳокамалардан сўнг, Ўзбекистон ХДП фракция­си аъзолари партиянинг ғоявий мақсадлари ва Сайловолди дас­туридан келиб чиқиб, 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури лойиҳасини қўллаб-қувватлашди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: