25.10.2016

МУРОЖААТ ЎЗ-ЎЗИДАН ҲАЛ БЎЛМАЙДИ...

Одамлар ишончини қозониш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш сиёсий партиянинг обрў-эътиборини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бунга эришиш эса ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Шу маънода Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналари электорат вакиллари мурожаатларини ўрганиш, уларга ҳар томонлама кўмак беришда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Вилоятимизда ҳар бир мурожаатга партия фаоллари ва депутатлар томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг аксарияти тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида ҳал этиляпти. Айрим мурожаатлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар бериляпти.

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят ҳамда маҳаллий кенгашлари қошида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналарига йил бошидан буён 1400 га яқин мурожаат бўлди. Уларнинг 300 га яқини коммунал, соғлиқни сақлаш соҳасида, 150 дан ортиғи иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, 55 таси банкдан кредит олиш ва қолганлари бошқа ижтимоий масалаларни ўз ичига олади. Айтиш керакки, мурожаатларнинг ҳозиргача 74 фоизи ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар депутатлар томонидан назоратга олинди.

Мурожаатларга ечим топиш учун биринчи галда масалани депутатлар ва партия фаоллари иштирокида муҳокама қиламиз. Уларнинг фикрларини ўргангач, энг маъқул ечимга тўхталамиз. Шундан сўнг мурожаат маълум бир депутатга юклатилади. Бу билан иш якунланмайди, албатта. Масала ҳал этилмагунга қадар депутатлардан иборат махсус ишчи гуруҳ назоратида туради.

Шу ўринда айрим мисолларга тўхталиб ўтиш жоиз, деб ўйлайман. Ўзбекистон ХДП Бешариқ туман кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабул­хонасига Сурайё Воҳидова ишга жойлашиш бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилган. Туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари кўмаги билан у ҳудуддаги 1-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабига ишга кирган.

Ўзбекистон туман партия ташкилотига Нилуфар Тўйчиева отаси бетоблиги сабабли моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Шарофиддин Жалолов томонидан «Маҳалла» хайрия жамоат фондига депутатлик сўрови билан мурожаат қилиниб, отахонга дори-дармон воситалари олиб берилган.

Айтиш лозимки, Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатлар таҳлили ҳудудда қайси йўналишларда муаммолар борлиги, нималарга кўпроқ эътибор қаратишимиз лозимлигини яққол кўрсатиб турибди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига масала киритишда, аввало, Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар таҳлилига эътибор қаратиши керак, назаримда.

Маълумки, ҳеч ким ўз-ўзидан мурожаат қилмайди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон, унинг манфаати туради. Шунинг учун мурожаатлар ечимига масъулият билан ёндашишимиз лозим бўлади. Бу — замон талабидир.

ЎзХДП Қўқон шаҳар кенгашига шаҳардаги 10 гектарлик чиқинди ташлаш жойи экологик зарар келтираётганлиги ҳақида аҳоли вакилларидан мурожаат тушган. Бу масала мутасадди ташкилотлар эътиборига ҳавола этилган. Лекин амалий натижа бўлмаган.

Данғара туманида яшовчи Анорхон Абдуолимова туман партия кенгашига ойлик иш ҳақи 100 фоиз пластик карточкага ўтказилаётгани сабабли автобусларга терминал ўрнатиш масаласида мурожаат этган. Бу масала масъул ташкилотларга тақдим этилган...

Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятида изчиллик кузатилмаётган айрим партия кенгашлари билан алоҳида иш олиб борил­япти. Бу борада партия ташкилотлари ва гуруҳлари масъулияти, ташаббускорлигини ошириш бўйича режа ишлаб чиқилган. Албатта, партия ташкилоти ва гуруҳи фаол бўлса, ҳудудда мурожаатларга ечим ҳам топилади. Шу боис улар фаолиятини кучайтириш учун ўқув-машғулотлари, семинар-тренинг, давра суҳбатлари ташкил этяпмиз. Тадбирлар доирасида кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этишга жиддий эътибор қаратиляпти.

Тан олиш керак, бугунги кунда Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада кучайтириш, уларни замон талаби даражасида шакллантириш зарур. Бу партиямиз ғояларига хайрихоҳ бўлган кишилар ишончини оширишга, электорат муаммоларининг эътиборсиз қолмаслигига, партиямизнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Шоҳрух ЎКТАМОВ,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши бўлим бошлиғи.



DB query error.
Please try later.