25.10.2016

ЎЗБЕКИСТОН ХДП БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАРИДА

сайловга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Шу кунларда мамлакатимизда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари Президент сайлови, унинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятига оид тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Барча ҳу­дудларда партия аъзоларининг сайлов бўйича сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш ишлари жадал олиб бориляпти. Бу жараёнда, айниқса, бошланғич партия ташкилотларининг ўрни, фаоллиги долзарб аҳамият касб этади.

Маълумки, аъзолари томонидан қўллаб-қувватланмаган партия­нинг таъсир кучи ҳам, обрўси ҳам бўлмайди. Шунинг учун сайлов кампанияси даврида бошланғич партия ташкилотлари иши­­ни кучайтириш, улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш ҳал қилувчи масалалардан бири ҳисобланади.

 

Шавкат Мамадалиев, ЎзХДП Марказий Кенгаши Бошланғич ташкилотлар билан ишлаш сектори мудири:

— Сайловга пухта тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлаш зиммамизга катта масъулият юклайди.

Сайлов жараёнларида фуқаролар, сиёсий партияларнинг фаоллик кўрсатишига қараб, дунё жамоатчилиги мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар равнақи, хал­қимиз, миллатимизнинг ­сиёсий салоҳияти ва маданияти ҳақида тассуротга эга бўлади. Биз буни доим ёдда тутишимиз лозим.

Ҳозирги кунда аъзоларнинг сайлов бўйича сиёсий билимини юксалтириш, партиямизнинг ҳаётий ғояларини кенг тушунтириш ишлари жадал олиб бориляпти. Бу жараёнда бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини ошириш алоҳида аҳамият касб этади. Қуйи бўғин бевосита аъзоларимиз, электорат вакиллари орасида фаолият юритгани учун партиямиз дастурий мақсадларини аҳолига етказиш, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришда катта имкониятга эга. Демак, сайловолди тадбирларини таъсирчан, самарали ўтказишда партиямиз бошланғич ташкилотларга суянади.

Шундан келиб чиқиб, сиё­сий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувлар имкон қадар қуйи бўғинларда кўпроқ ташкил этиляпти. Уларда сайловга оид қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни, сайловчилар фаоллигининг аҳа­мияти, ҳуқуқ ҳамда бурч­­­­­лари батафсил тушунтирилмоқда.

Партиямиз тизимида 10 мингга яқин бошланғич ташкилот мавжуд. Аъзоларимиз сони 426590 нафарга етди. Бу — катта куч ва катта имконият, дегани. Биз сайлов кампанияси вақтида одамларда фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш ишларида ана шу кучдан самарали фойдаланишга, бош­лан­ғич ташкилотлар орқали одамларни мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараёнга фаол жалб қилишга интил­япмиз. Сайловолди тадбирлари партия фаоллари, депутатлар ва аъзоларимиз ҳамжиҳатлиги асосида ўтказилмоқда. Тадбирларда одамларнинг кўнглига, юрагига етиб борадиган фикр­лар, мулоҳазалар билдиришга, айни пайтда жамоатчиликдан таклифлар олишга, уларнинг муносабатини билишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Шунингдек, тадбирларда сайлов ва унинг аҳамияти, партиямиз ғоя­лари, амалий ташаббуслари ҳақида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирил­япти, саволлар бериляпти.

Маълумки, қонунчиликка мувофиқ, яқинда сайловолди ташвиқоти бошланади. Бу жараёнда ҳам олдимизда катта вазифалар турибди. Пар­тиямиздан Президентликка кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастурини кенг тушунтириш ва тар­ғиб қи­лиш, одамларни мам­лака­тимиз­даги муҳим сиёсий жараёнга фаол жалб этиш ишларида бош­лан­ғич пар­тия ташкилотларимиз имкониятларидан янада самарали фойдала­ниши­миз керак. Шунда хай­­ри­хоҳларимиз, бизга ишонганлар, номзодимиз илгари сураётган дас­турни қўллаб-қувватловчилар сафи кен­гая­ди.

 

Олим Равшанов, ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси:

— Вилоят партия кенгашида Президент сайловига тайёргарлик жараёни қизғин паллага кирган. Ҳар бир етакчи, партия фаоли ва аъзоси мазкур сиёсий тадбирнинг юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги юксалишидаги аҳамияти ҳа­қида тар­ғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Сайловда партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган ҳар бир тадбирга олдиндан жиддий тайёргарлик кўряпмиз, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни изчил йўлга қўйдик. Тадбирларнинг қай даражада самарали ўтиши кўп жиҳатдан аъзоларимиз ва хайрихоҳларимизни жипслаштириб турган бошланғич ташкилотларга, уларнинг етакчиларига боғлиқ, албатта.

Шу боис биз дастлаб қуйи бўғин етакчиларининг сайловга оид билим ва кўникмасини оширишга эътибор қаратдик. Шу мақсадда кўп­лаб давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказилди, сайлов қонунчилиги бўйича адабиёт ва қўлланмалар қуйи бўғинларга етказилди.

Эътиборли томони, етак­чилар ва партия аъзоларининг тадбирлар ўтказиш бўйича ташаббуслари кўпа­йиб бормоқда. Мисол учун, Қарши шаҳридаги 3-оилавий поликлиника, Ғафур Ғулом, «Шайхали» маҳалла фуқаролар йиғинлари, Нишон туманидаги Қарши магис­траль каналидан фойдаланиш бошқармаси, Муборак туманидаги «Ёшлик, «Кончилар», «Истиқ­лол» маҳалла фуқаролар йиғинларидаги бошланғич ҳамда ҳудудий партия ташкилотларимиз сайлов қонун­чилигини тушунтиришга қаратилган тадбир ўтказиш бўйича ташаббуслар билан чиқишди. Албатта, бундай таклифлар фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Тадбирлар давомида бир нарсага кўп гувоҳ бўлдик: бугун одамларда ижтимоий-сиёсий жараёнларга қизиқиш юқори. Семинарларда сайлов ва унинг аҳамияти, партия ғоялари, амалий ташаббуслари ҳақида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдириляпти, таклифлар айтиляпти. Бу фақат бир нарсани — мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг самараси, тақдири кўп жиҳатдан сиёсий партиялар фаолиятига боғлиқ эканини англатади.

Ўз-ўзидан айёнки, муҳим синов олдидан тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз, сайловчилар партия­миз ғояларини чуқур тушуниб, қўллаб-қувватлашига эришишимиз, бунда бошлан­ғич ташкилотлар кучидан самарали фойдаланишимиз керак бўлади.

 

Шуҳрат Аҳмедов, Чилонзор туманидаги «Гавҳар» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ЎзХДП ҳудудий ташкилоти етакчиси:

— Маҳалламизда партиямиз­­­­нинг 30 нафардан ортиқ аъзоси бор. Президент сайловига биз ҳам қизғин тайёргарлик кўряпмиз. Сайловга тайёргарлик кўришга оид барча тадбирларда нафақат аъзоларимиз, шу билан бирга, партиямиз ғояларига хайрихоҳ кишилар иштирокини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Хусусан, сайлов кампанияси эълон қилингандан бошлаб ҳозирги кунга қа­дар бошланғич ташкилотимизда партия­миз аъзоларининг сайлов қонунчилиги бўйича билимини ошириш, ЎзХДП илгари сураётган ғоялар аҳамиятини тушунтиришга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилди. Уларда партиямизнинг тар­ғиботчилар гуруҳи аъзолари билан бирга, мутахассислар, сиёсатшунослар ҳам иштирок этяпти.

Сайлов демократиянинг энг муҳим белгиси, фуқаролар хоҳиш-иродаси ифодаланишининг мустаҳкам кафолатидир. Агар таққослаб кўрадиган бўлсак, одамларнинг бугунги дунёқараши билан бундан 10-15 йил олдинги тушунча ва тасаввури орасида ер билан осмонча фарқ бор. Ҳозир фуқаролар сайлов тизими ва тартибини, ўзининг сайлаш, сайланиш ҳуқуқини яхши идрок этади. Тадбирларда илгари сурилган фикр-мулоҳазалардан ҳам билаяпмизки, сайловчилар, партиямиз аъзолари сайловга, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги билан боғлиқ ислоҳотларга бефарқ эмас. Демак, биз бошланғич ташкилотлар етакчилари шунга яраша масъулиятни ҳис этиб, виждонан ишлашимиз, мамлакат раҳбарини сайлашдек муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнга тайёргарликни кучайтиришимиз зарур.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.