22.10.2016

КОНСТИТУЦИЯ — САЙЛОВ ҲУҚУҚИНИНГ МУСТАҲКАМ КАФОЛАТИ

Демократик тамойиллар асосида ўтка­зиладиган сайловлар мамлакат фуқароларининг давлат органларини тузишдаги бевосита иштирокини таъминлайди. Сайловлар натижасида жамият аъзоларининг хоҳиш-иродаси, олиб борилаётган сиёсатга муносабати аниқланади, фикрлар хилма-хиллиги намоён бўлади. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Бу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайловларда қатнашиши орқали амалга оширилади.

Мамлакатимиз муҳим сиё­сий жараён арафасида турибди. Маълумки, жорий йилнинг 9 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинди. Мазкур жараёнда ҳар бир фуқаро ўз конс­титуциявий ҳуқуқи — сайлов ҳуқуқини амалга ошириш асосида давлат раҳбарини сайлаш учун овоз беради.

Бош қомусимизда нафақат давлат органлари тизими ва ваколатлари балки, ҳокимият олий органларини шакллантириш асослари ҳам белгилаб берилган. Ушбу қоидалар фуқароларнинг ажралмас сиёсий ҳуқуқлари билан уй­ғун ҳолда ўрнатилганлиги шахс, жамият ва давлат муносабатларида халқ ҳокимиятчилиги тамойили узвийлигини таъминлаш имконини яратади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарз­да ташкил этиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади», деган муҳим демократик қоида белгиланган. Бу, биринчидан, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг конституциявий асосга эгалигини, иккинчидан эса, сайловлар демократик бошқарувни таъминловчи воситалардан бири эканлигини кўрсатади.

Айтиш керакки, халқ ҳокимиятчилигини таъминлаш билан боғлиқ энг муҳим конституциявий принциплар, яъни Конституциянинг 7-моддасида мустаҳкамланган «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир», 2-моддада кўзда тутилган «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади», деган қоидалар сайловлар орқали рўёбга чиқади.

Ҳар қандай сайлов жараёнлари Конституция ва қонунларда белгиланган меъёр ва тамойилларга таянади. Аввало, сайлов тамойиллари деганда нимани тушунмоқ керак? Сайлов ҳуқуқи тамойиллари — бу сайлов қонун­чилиги­нинг шаклланиш жараёни, ривожланиши ва ҳаракат­ланиши­нинг асосий ғояси, қоидаси, етакчи мезонидир. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, фуқаролар умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлаш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини эр­кин билдириш ва яширин овоз бериш тамойилларига асосан сайловни амалга оширади. Бу ҳақдаги кафолат Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциясининг 32-моддасида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 117-моддасида давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларининг белгилаб қўйилганлиги фуқароларнинг давлат ҳокимиятини шакллантиришда бевосита иштирокини таъминлайди.

Ушбу конституциявий нормалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Эркин ва адолатли сайловларнинг мезонлари тўғрисидаги декларация ҳамда бошқа халқ­аро ҳужжатларга тўлиқ мос келади.

Сайловларнинг демократик талабларга мос ўтказилишида Марказий сайлов комиссияси муҳим ўрин эгаллайди. Қонунларда Марказий сайлов комиссияси мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик каби асосий тамойиллар асосида фаолият кўрсатиши мус­таҳкамланган.

Марказий сайлов комис­сия­си фаолиятининг мус­тақиллиги деганда, комиссия ва унинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга ошириши тушунилади. Бу билан Марказий сайлов комиссияси аъзолари қарор қабул қилишда сиёсий мо­йилликлар ва бошқа ёт таъсирлардан ҳоли бўлган ўз нуқтаи назарини билдириши белгиланган. Мазкур тамойил ўз аҳамиятига кўра, жуда муҳимдир. Яъни, Марказий сайлов комиссияси аъзолари қарорлар қабул қилишда ўзаро рақобатлашаётган сиё­сий пар­тияларнинг ҳеч бирининг ғоясини устун кўрмайди ёки уларнинг ҳеч бирига ён босмайди. Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Шу ўринда сайловнинг махсус тамойилларига тўхталиб ўтиш ўринлидир. Аввало, умумий сайлов ҳуқуқи тамо­йили ҳақида фикр юритадиган бўлсак, мазкур принципга кўра, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мав­қеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бевосита 18 ёшга тўлганда сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Айрим фуқаролар яъни, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар.

Хорижий мамлакатлар қонунчилигида сайловларда овоз бериш ҳамда сайловларда ўз номзодларини қўйишда турли ёш чегараларининг белгилаб қўйилганлигини кўриш мумкин. Хусусан, Бразилия ва Эронда фуқаролар 16 ёшдан, Индонезияда 17 ёшдан, аксарият давлатларда эса фуқаролар сайлаш ҳуқу­қига 18 ёшдан эга бўлади. Шу билан бирга, айрим мамлакатларда сайлаш ҳуқу­қини олишга бўлган чегара анча юқори қўйилган. Хусусан, Малайзия, Марокаш, Боливияда фуқаролар 21 ёшга тўлганидан кейингина сайлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига асосан Ўзбекистон фуқароларининг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган сайлов ҳуқуқлари давлат муҳофазасидадир. Ушбу қонунга асосан ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган ҳамда бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Президентлик лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга.

Қонунчилигимиз фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириш эркинлиги устидан назорат қилишни ман этади. Сайловчи сайлов бюллетенини шахсан ўзи олади, махсус жиҳозланган кабинада ёки яшириши овоз бериш хонасида уни ўзи тўлдиради ҳамда сайлов қутисига ўзи ташлайди. Хоҳиш-ирода билдиришнинг яширинлиги олдиндан овоз бериш ўтказилганда, сайлов участкасига келиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар овоз беришини ташкил этишда ҳам таъминланади.

Мухтасар қилиб айтганда, сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда Конституциямизда белгиланган меъёр ва тамо­йилларнинг ўрни, аҳамияти беқиёс. Чунки ушбу нормалар сайловларнинг умумэътироф этилган тартиб-қоидаларини ўзида мужассам этади.

 

Восид ЭРГАШЕВ,

Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, юридик фанлар нозоди, доцент,

Хушвақт ҲАЙИТОВ,

юридик фанлар номзоди.


Суратда: Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 562-сайлов участкасида ҳам сайловга тайёргарлик жараёни қизғин кечмоқда.



DB query error.
Please try later.