Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
22.10.2016

МАЪНАВИЯТИМИЗ КЎЗГУСИ

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Тошкент шаҳар партия кенгаши билан ҳамкорликда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Тил — миллат тараққиёти ва келажагининг пойдевори» мавзусида давра суҳбати ўтказди. Ушбу тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, адабиёт ва санъат намояндалари, ўқитувчи ҳамда талабалар иштирок этишди.

Университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Иброҳим Йўлдошев тадбирни очиб, мустақиллик йилларида она тилимиз янада сайқаллашгани, дунё миқёсида нуфузи ошгани, қатор илмий изланишлар ва тадқиқотлар олиб борилаётгани ҳамда улар тилимизнинг бойишида муҳим манба бўлаётганини таъкидлади.

— Озод Ватан, эркин халқ тушунчаларини она тилисиз тасаввур этиб бўлмайди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Комилов. — Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни мамлакатимизнинг бутун ҳудудида ўзбек тили давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди, тилимизнинг ривожланиши ва мақоми мустаҳкамланишида муҳим асос бўлди. Шуни ҳам айтиш керакки, тил инсонлар орасида мулоқот воситасигина бўлиб қолмасдан, балки миллатнинг миллийлиги ва тараққиёти белгиси ҳамдир. Бугун жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнларининг салбий оқибатларидан ёш авлодни асраш учун, аввало, уларда она тилимизга ҳурмат туйғусини янада кучайтириш зарур, деб ўйлайман.

— 1989 йилнинг 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши мустақиллигимиз йўлидаги муҳим қадам бўлган эди, — деди адабиётшунос олим, профессор Омонулла Мадаев. — Шу кундан эътиборан тилимизнинг ривожланиш йўлларидаги барча сунъий тўсиқлар олиб ташланди, у давлат томонидан қонун ҳимоясига олинди. Тилга буюк маънавий-маданий мерос, умуммиллий бойлик, олий қадрият сифатида қараш шаклланди. Она тилимизни илмий тадқиқ этиш ҳаракати кучайди.

Шунингдек, у она тилимиз қоидаларига амал қилмаслик ҳоллари ҳамон учраётгани ҳақида куйиниб гапирди.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бош муҳаррири Сафар Остонов, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева она тилимизнинг нақадар бойлиги, қадимийлиги ва жозибадорлиги ҳақида фикр юритишди. Адабиёт ва санъат асарларидан мисоллар келтирилди.

Она тилимизни асраб-авайлаш, уни ривожлантириш ва софлигини сақлаб қолишга ҳар биримиз масъулмиз. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаёт, истиқболи порлоқдир.

 

Хуршида УМАРОВА



DB query error.
Please try later.