22.10.2016

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда Адлия вазирлиги ҳамкорлигида сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик мавзусига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиялар, Адлия вазирлиги ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, амалиётчи мутахассислар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 16 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонунига мувофиқ, сайловга доир қонун ҳужжатлари ҳам такомиллаштирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси саккизта моддадан иборат «Сайловлар ва референдумларни ташкил қилиш ва ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик» деб номланган V1 боб билан тўлдирилди.

Сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик қатъий белгиланиши сайлов эркинлиги принципининг тўлиқроқ амалга оширилиши, сайлов тизими янада демократлаштирилиши, сайловнинг очиқ ҳамда ошкоралиги тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод, ишончли вакил ҳамда кузатувчининг ҳуқуқларини, сайловолди ташвиқоти шартлари ва тартибини бузиш каби ҳаракатлар маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод ёхуд сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар содир этиш ҳам маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилишига олиб келади.

Сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016 йил 7 октябрда сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий иш юритишни расмийлаштириш юзасидан тавсия­лар тасдиқланди.

Мазкур тавсияларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, баённомани Марказий сайлов комиссияси, округ сайлов комиссиялари аъзолари тузишлари мумкин. Баённома тузиш учун сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, номзодларнинг ишончли вакилларининг аризалари, участка сайлов комиссияларининг хабарлари, фуқароларнинг аризалари, корхона, муассаса, ташкилот, жамоат ташкилоти ва мансабдор шахсларнинг хабарлари, оммавий ахборот воситаларининг хабарлари асос бўлади.

 

Б.БОЗОРОВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: