20.10.2016

ЎЗБЕКИСТОН ОБИДАЛАРИДАГИ БИТИКЛАР

Пойтахтимизда мустақиллигимизнинг 25 йиллиги ҳамда «Uzbekistan Today» ахборот агентлиги ташкил этилганлигининг 10 йиллиги муносабати билан «Uzbekistan Today» АА томонидан ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси кўмагида ва бош­қа ташкилотлар билан ҳамкорликда «Узоқ ўтмишдан мактублар: Ўзбекистон обидаларидаги битикларда таълим, маърифат, тинчлик ва бунёдкорлик» мавзусида «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» лойиҳасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Давра суҳбати кўринишидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси илмий жамоатчилиги, давлат, жамоат, шунинг­дек, халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари диққатига ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри, бундан ташқари Самарқанд вилоятининг икки тарихий меъморчилик мажмуалари — Регистон ва Шоҳи Зиндага бағишланган 12 китоб-альбомдан иборат туркум тақдим этилди.

— Аждодларингиз қолдирган қўҳна битиклар туркум нашри мамлакатингиздаги бетакрор обидалардаги ёзувлар билан танишиш имконини берди, — дейди ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор. — Бу тарихий ёзувлар наинки Ўзбекистон, балки бутун дунё тамаддуни учун ҳам аҳамиятлидир.

Тадбирда таъкидланганидек, эпиграфика ёдгорликлари маданий мероснинг нафақат мамлакатимизда ёки ислом олами, балки бутун дунё тамаддунини ўзида акс эттирувчи энг ёрқин ва яққол намунаси ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон обидаларидаги битиклар сони бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирида туради. Бироқ турли сабабларга кўра, ушбу битиклар ҳалигача ўрганилмаган ва нашр этилмаган. Масалан, ҳисоб-китобларга кўра, Амир Темур даврига оид ёдгорликлардаги битикларнинг бор-йўғи ўн фоизи ўқилгани, ўрганилгани ва қисман чоп қилинганлигини айтишнинг ўзи етарли. Шу сабабли маданий меросимизнинг энг ёрқин ва аҳамиятли саҳифалари фанга, халқимиз ҳамда мамлакатимиз меҳмонлари учун номаълумлигича қолиб келган. Илмий тадқиқотлар жараёнида меъморчилик ёдгорликларидаги 1500 дан ортиқ битик (уларнинг кўпчилиги илк марта) ўқилди ва таржима қилинди. Жумладан, улар орасида 200 дан ортиқ шеър, панд-насиҳат, ҳикматлар, 150 дан ортиқ уста ва хаттотлар исмлари, 300 та диний ва 150 та бағишлов матнлари, 150 та хронограмма, 100 та тарихий саналар, 100 ҳукмдорларнинг фармойишлари ва бош­қалар мавжуд.

Кези келганда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон обидаларидаги кўплаб битикларнинг доно мурожаат, панд-насиҳат, шеърий насиҳат, тарихий воқеалар тўғрисидаги маълумотларни қамраб олганлиги, ҳар бир инсонни таълим олиш, маърифатли бўлиш, тинчлик ва бунёдкорлик сари чорлаши уларнинг ниҳоятда муҳим аҳамиятидан дарак беради. Айнан мана шу жиҳатлар мазкур тақдимотнинг шиоридир. «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркум нашрининг муқовасида Ўзбекистоннинг қадимий ёдгорликларидан бири ҳисобланган Сурхондарё вилоятидаги Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуасидаги «Ким илм талабида бўлса, жаннат ҳам унинг талабида бўлади» битиги ўйиб ёзилгани бежизга эмас.

Ҳар бир китобда мана шундай ўнлаб эпитафия (қабр тошига битилган ёзув), яхшиликни тарғиб қилувчи битиклар, мурожаат ва чақириқлар тақдим этилган.

Алоҳида қайд этиш керакки, кўп йиллар давомида мутахассислар ушбу битикларни тадқиқ қилишга уриниб келмоқдалар. Маҳоратли усталар томонидан битилган асрий монограмма ва бошқа матнларнинг тўғри тал­қини борасида юзага келган илмий мунозаралар бугун ҳам давом этмоқда. Аммо қадимий ўзбек заминида жойлашган тарихий обидалардаги битикларни ўрганиш шу пайтгача тўлалигича амалга оширилмаган, шу билан бирга чоп ҳам этилмаган. «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркум наш­рини чоп этиш ушбу йўналишдаги биринчи кенг миқёсдаги лойиҳа ва у Ўзбекистон меъморий обидаларидаги битикларнинг ўзига хос жамланмаси бўлиб қолади.

Тадбирда таъкидланганидек, тақдим этилаётган туркум йирик лойиҳанинг биринчи босқичини ўзида мужассам этган бўлиб, бу борада ишлар яна давом эттирилади. Шунингдек, кейинги жилдлар бутун Ўзбекистон обидаларидаги ўрганилмаган битикларни қамраб олади.

 

Абдусалим МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.