20.10.2016

ТАФАККУР ХАЗИНАСИ

Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ учун она тили муқаддас ҳисобланади. Тил унинг яратувчиси – халқнинг, миллатнинг тарихи ва маданиятини ўзида мужассам этади. Айни вақтда, у жамиятни ривожлантириш омили, миллатнинг ажралмас хусусияти ва давлатнинг суверенлигини кўрсатувчи белгилардан бири саналади.

Дунёда олти мингдан зиёд тил ва диалектлар мавжуд бўлиб, шундан фақатгина юзга яқини давлат мақомига эгадир. Улар орасида ўзбек тили ҳам борлиги бизда ифтихор туйғусини уйғотади.

Мамлакатимизда 1989 йил 21 октябрда — «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинган бўлса, 1992 йилда мустақил Ўзбекистон Конституциясида давлат тилининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлаб қўйилди.

Ўтган йиллар давомида хорижда ҳам ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ошганлигини кўришимиз мумкин. АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа бир қатор давлатларнинг етакчи университетларида ўзбек тили ва адабиёти кафедралари ҳамда турли хил ихтисослаштирилган марказларнинг очилаётганлиги бунинг яққол тасдиғидир.

Давлатимиз барча фуқароларга нафақат давлат тилини ўрганишни ва ўрта-махсус таълим олишни кафолатлайди, балки рус, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз, турк­ман ва республикада истиқомат қилувчи бошқа миллат тилларини ўрганишга ҳам шароит яратиб берди. Мамлакатимиздаги телерадиокомпания ва радиостудиялар ўндан ортиқ тилда кўрсатув ва эшиттириш олиб боради. Бу эса Ўзбекистонда яшовчи миллат ва халқларнинг тилларига нисбатан ҳурмат намоёни ҳисобланади.

Ҳозирги пайтда давлат ҳокимияти, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг меъёрий ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар, маҳалла, кўча, хиёбон ва майдонлар, Тошкент метрополитени бекатлари миллий қадриятларга асосланган ҳолда ўз номларига эга бўлиб бормоқда.

Ўзбек тилшунослари, ёзувчилар, олимлар ва шоирларнинг умумий ҳаракатлари билан ўзбек тилини ривожлантириш бўйича узлуксиз жараён давом этмоқда. Жумладан, 5 жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» нашр этилди. Мазкур китоб замонавий адабиётда фойдаланиладиган 80 минг­дан ортиқ сўз ва сўз бирикмалари, илмий, техник, санъат, маданият ва бошқа соҳаларда ишлатиладиган атамалар, диалектизмлар ва тарихий сўзларни ўзида мужассам этган. Шу билан бирга, 2 жилдлик «Ўзбек-рус тили луғати», «Ўзбек тилининг қиёсий луғати», «Ўзбек мумтоз адабиёти луғати» ва бош­қа қўлланмалар чоп этилди.

Ҳозирги пайтда ўзбек тилини қўллаш кўлами кенгайиб, ахборот-коммуникация, компьютер технологиялари ва Интернет, аниқ фанлар, тиббиёт, иқтисодиёт, ҳуқуқ ва бошқа соҳаларга татбиқ этиб келинмоқда. Ўзбек тилидаги атама ва байналмилал сўзларни қайта кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Атамаларни тизимлаштириш, бир-бирига мослаштириш, янги тушунчаларни англатувчи сўз­ларни танлаш жараёни давом этяпти. Ўзбек тилини илмий асосда ривожлантириш мақсадида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказилиб, кўплаб илмий-оммабоп китоблар, рисолалар, ўқув қўлланмалар, луғатлар нашр этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазир­лар Маҳкамасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунни амалга ошириш давлат Дас­турига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, «O’zbegim dasturlari» электрон нашриётлар таҳририяти билан ҳамкорликда 120 минг сўзни ўз ичига қамраб олган «Ibora» ўзбек-рус-инглиз электрон луғати яратилди. Мазкур дас­тур ўзбек тилидан рус ва инглиз, инглиз тилидан ўзбек ва рус ҳамда рус тилидан ўзбек ва инглиз тилига таржимани амалга оширишга имкон яратади. Луғатнинг яна бир қулайлиги шундаки, ўзбек тилидаги сўзлар нафақат кирилл ёзувида, балки лотин ёзувида ҳам берилган.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг жорий йил 13 майда қабул қилинган «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони мус­тақиллигимизнинг 25 йиллик байрами арафасидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Университетда учта: ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқи­тиш, ўзбек-инглиз таржима факультети ташкил этилди. Бу факультетлар биринчи ўринда она тилимизни қўллаш доирасини кенгайтиришга, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганишга хизмат қилади.

Тил халқнинг маънавият кўзгуси, тафаккур хазинаси маҳсулидир. Айнан шунинг учун давлат тилига ҳурматда бўлиш, унинг бой имкониятларини ўрганиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз саналади.

 

Омонулла МУҲАММАДЖОНОВ,

юридик фанлар доктори.



DB query error.
Please try later.