20.10.2016

ОНА ТИЛИМ – ЖОНУ ДИЛИМ

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 27 йил тўлди. 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган Қонун, ҳеч шубҳасиз, фавқулодда муҳим тарихий воқеа, эрк йўлида ташланган дадил қадам, ўзига хос истиқлол, икки йилдан кейин келадиган улуғ Мустақиллик йўлига тўшалган бахмал пойандоз эди.

Бу қутлуғ ғалаба юрт шаъни, миллат тақдири учун узоқ вақт давомида олиб борилган, ўтган аср саксонинчи йилларининг иккинчи ярмидан кескинлашган курашлар натижаси эди. Бобокалонларимиз Маҳмуд Қош­ғарий тилимизнинг беқиёс бойлигини асослаб, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Бобораҳим Машраблар улуғлигини кўрсатиб берган, маш­ҳур адибларимиз шоҳ асарларида камолу жамолини намоён этган, жадид мутафаккирлари чор босқини, қизиллар босими сабаб ночор ҳолга тушиб, таъсир доираси кама­йиб бораётган тилимиз учун куйиниб, койинишлари, саъй-ҳаракатлари натижаси эди.

Она тил учун қайғуриш миллат тақдири, Ватан тақдири, ўзлик учун қайғуриш, курашнинг муҳим ҳалқаси эди. Бу курашнинг авж нуқтаси 1989 йилга тўғри келди, ёз ойида қонун лойиҳаси эълон этилиши, кузга бориб қонун қабул қилиниши билан хотима топди, йўқ, давлат тили мақомини олган она тилимиз истиқболи ҳақида қайғуриш янги бос­қичга кирди ва бу ҳаракат йиллар оша давом этди ва давом этажак.

Ўша кезларда масъул вазифада ишлаб, тил комиссиясига бошчилик қилган академик Бахтиёр Назаровнинг хотирлашича, республиканинг янги раҳбари Ислом Каримов тил масаласига алоҳида эътибор қаратди, лойиҳани кенг халқ муҳокамасига қўйиш ташаббускори бўлди, одамлар дилида борини тўкиб солишсин, айтишсин, ёзишсин, деди. Мустабид тузум даврида халқимизнинг ичига ютган дард-армонлари кўп экан, комиссияга келган беш мингдан ортиқ хат-хабар, талаб, таклифлар бунинг далолати. Муҳокама тўрт ой давом этди, яна чўзилиши мумкин эди.

Ислом Каримов «Давлат тили тўғрисида» қонун қабул қилган Олий советнинг ўн биринчи сессиясида сўзлаган «Тил элни бирлаштириши лозим» номли нутқида жумладан, шундай деган эди: «Ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди, деб жуда тўғри айтишади... Ҳар қандай миллат, катта ё кичиклигидан қатъи назар, ўз она тилини ҳурмат қилади».

Матбуотда илк бор эълон қилинган лойиҳа кўпчиликни қониқтирмаган, иккинчи лойиҳа, уни тайёрлашда аҳолининг катта қатлами қатнашгани, жиддий қайта ишлангани боис, маъқул топилганди. Масаланинг мураккаблиги шунда эдики, асосий кўпчилик бир тил — ўзбек тили давлат тили бўлиши лозимлиги, бу табиий ва мантиқийлигини астойдил маъқулласа, баъзилар икки тилга, жумладан, рус тилига ҳам давлат тили мақоми берилишини хоҳлашди, ўзимиздагилардан ўз лойиҳасини тақдим этганлар бўлди.

Хайриятки, соғлом мантиқ, адолат кучи ғолиб келди. Лекин бунга осонликча эришилгани йўқ. Тилимиз тақдирига, қонун қабул қилиниши тарихига қизиққан ёшлар, мутахассислар ўша кезлардаги босма нашр­лар тахламларини варақлаб, мавзуга доир материалларни ўқиб кўришсин.

Оммавий ахборот воситалари катта-кичик, ранг-баранг материаллар бериб, наш­риётлар турфа китоб, тадқиқотлар чоп этиб борди. Телевидениемизнинг «Тилга эътибор — элга эътибор» кўрсатувини, радиомизнинг мунтазам эшиттиришларини, «Ёшлик» журналининг «Тил сандиғи» рукни материалларини, «Ўзбекистон овози» саҳифаларидаги Атамашунослик комиссияси таклиф, тавсияларини эслаш жоиз.

Илк лойиҳа эълон қилинган кезларда халқ холис сўз, қатъий фикрга илҳақ, маҳтал бўлиб турганда ортиқча эҳтиёткорлик қилиб, «кўрайлик-чи, буёғи қандай бўларкин, тарозининг қайси палласи босиб кетаркин», дея кутиб, сукут сақлаб турган айрим таниқли тилшунослар ҳам отни қамчилаб қолишди, катта-кичик китоб, тадқиқотлар нашр этила бошланди.

Тилимизга Давлат тили мақоми берилганига 27 йил тўлди. Ушбу сана узоқлашгани сари хос қонуннинг аҳамияти, кучи тобора кўпроқ аён бўлиб боряпти. Ўтган йиллар давомида Республикамиз Биринчи Президенти, ҳукуматимизнинг тилга доимий, катта ғамхўрлигининг гувоҳи бўлдик. Ҳар йили октябр­да тил байрамининг кенг нишонланиши, соҳага оид дарслик, қўлланма, луғат, рисолалар яратилиши, кўплаб мақолалар, суҳбатлар эълон қилиниши, кўп жилдлик «Изоҳли луғат»нинг юзага келиши, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самар­қанд давлат чет тиллар институти фаолияти, янги факультет, кафедралар очилиши, Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилиши ва ҳоказо бунинг далилидир.

2012 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 12 банд­дан иборат қарори қабул қилинди. Унда хорижий тилларни ўрганишни янада ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этиш, ЎзДЖТУни унинг ишчи органи қилиб белгилаш қайд этилган эди. 2013 йил 23 майда давлатимиз раҳбари, Биринчи Президентимиз «Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги яна бир қарорга имзо чекди. Ярим йил ичида бир олий ўқув юрти ҳақида иккита қарор чиқиши ва тўлиқ амалга оширилиши ҳар қанча фахрланса арзигулик фавқулодда мурувват эди. Жаҳон тиллари университети, деган қутлуғ ном билан аталувчи ўқув-тарбия маскани зиммасига катта масъулият юкланди.

Университет жамоаси бу ғамхўрликка жавобан юртимизни жаҳонга, жаҳонни юртимизга таништиришга хизмат қиладиган юқори малакали тилшунос, адабиётшунос, ўқитувчи, халқаро журналистлар, моҳир таржимонлар етиштириш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Қайси тилни ўрганмайлик, фикри-зикримиз жону дилимиз — она тилимизда, уни бойитиш, сай­қал топтириш, муҳофаза қилиш, мав­қеини оширишга қаратилган. Янги ташкил этилган Ўзбек тили ва адабиёти университетининг муҳим вазифаларидан бири ҳам шунда, деб ўйлайман.

 

Сайди УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, ёзувчи.



DB query error.
Please try later.