20.10.2016

ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТЛАР СИФАТИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ

Ижтимоий ҳимоя тушунчаси нафақат ижтимоий ёрдам ва нафақалар билан таъминлаш, шу билан бирга, ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини изчил ривожлантириш масаласини ҳам қамраб олади. Бу, ўз нав­батида, аҳолининг ҳар томонлама фаоллигини оширишга, жамият ҳаё­тида тўлақонли иштирокини кафолатлашга хизмат қилади.

Мамлакатимизда кексалар, жисмоний имконияти чекланганларга эътибор қаратиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ғамхўрлик кўрсатиш учун зарур шарт-шароит яратилмоқда. Айниқса, ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш, иш шароитида енгиллик яратиш, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу масалалар қонунчиликда янада мустаҳкамланмоқда. Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган еттинчи ялпи мажлисида маъқулланган «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бош­қа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Қонун шулар жумласидандир.

Ижтимоий ҳимоя тушунчаси нафақат ижтимоий ёрдам ва нафақалар билан таъминлаш, шу билан бирга, ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини изчил ривожлантириш масаласини ҳам қамраб олади. Бу, ўз нав­батида, аҳолининг ҳар томонлама фаоллигини оширишга, жамият ҳаё­тида тўлақонли иштирокини кафолатлашга хизмат қилади. Шу жиҳатдан олиб қарасак, ушбу Қонун долзарб ҳаётий аҳамиятга эга экани яққол намоён бўлади.

Мазкур Қонуннинг мазмун-моҳия­ти, аҳамиятли жиҳатлари ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

 

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Аввало, ижтимоий хизматлар тушунчасига тўхталиб ўтиш ўринли бўлади. Қонунга кўра, бу тушунча ижтимоий хизматлар кўрсатишга муҳтож шахслар, ҳаёт тарзи сифатини ошириш, жамият ҳаётида бош­қа фуқаролар билан тенг ҳолда иштирок этиш учун имконият яратиш ва ўзларининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар комп­лексидир.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, долзарб вазифалардан ҳисобланади. Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қандай бўлиши, аввало, улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ. Ушбу Қонун бу борадаги ислоҳотларни янада янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Айтиш керакки, мазкур ҳуқуқий ҳужжат орқали аҳолининг қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг комплекс тизими яратилади. Унда ижтимоий хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ белгилаб қўйилган.

Унга кўра, ижтимоий хизматларга муҳтож шахс­ларни ўз вақтида аниқлаш, ҳисобга олиш ва уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларнинг оила ва жамият билан алоқаларини сақлаш, қулай муҳитда бўлиши учун шароитлар яратиш, давлат органларининг ижтимоий хизматлар билан боғлиқ фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш ҳамда соҳада ижтимоий шерикчиликни ривожлантириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларига киради.

Ушбу нормалар инсон манфа­атини ҳимоя қилиш, барча фуқаролар муносиб турмуш кечириши учун кенг шароит яратиш билан бир қаторда пенсионерлар, имконияти чекланган кишилар давлат ҳамда жамият эътиборидан четда қолмаслигини таъминлайди.

 

Бунёджон ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Инсон манфаатини олий қадрият, деб биладиган давлат ўз фуқароларининг фаровон турмуши ва саломатлигини муҳофазалашга алоҳида эътибор қаратади. Жамиятнинг маънавий даражаси эса ёрдамга эҳтиёжманд инсонларга муносабати билан ҳам белгиланади. Шу боис мамлакатимизда кексаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ногиронларнинг ҳамма қатори яшаши, таълим олиши ва ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Қонунларимизда уларга алоҳида имтиёзлар белгиланмоқда.

Масалан, кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий кўмаклашиш ва маслаҳатлар бериш хизматини олайлик. Бу уларнинг умумий ўрта, ўрта махсус ва касбий таълим олиши, ишга жойлашиши, уй-жой, маиший ва моддий ёрдам, техник реабилитация воситаларини олишда кўмаклашиш каби хизматларни ўз ичига олади. Қонунда ҳомийлик ва васийликни белгилаш, фарзандликка олиш, болаларни оилада тарбиялашга олиш (потранат) ва уларни интернат муассасаларига жойлаштириш, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни болалар интернат муассасалари тарбияланувчиларини тайёрлаш масалалари ҳам белгиланган.

Алоҳида таъкидлаш керакки, бу борадаги ишлар тизимли йўлга қўйилиши партиямизнинг дастурий мақсадлари амалга ошишига, электорат манфаатлари ҳимояси таъминланишига хизмат қилади.

 

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Жамиятимизда инсонийлик ва ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкамланишида ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамияти катта. Қонун ижтимоий ҳимоя қилиш тизими жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишини кафолатлайди. Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнини тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини янада яхшилаш, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.

Қонунга кўра, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимида жамоатчилик назоратини нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бош­қа институтлари амалга ошириши мумкин. Давлат ташкилотлари жамоатчилик назорати қонунчиликка мувофиқ ўтказилишига кўмаклашиши шарт. Бундай назорат натижалари давлат ташкилотлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.

Мазкур Қонунда ижтимоий ҳимояни кучайтириш билан боғлиқ долзарб масалалар қамраб олинган. Шу боис партиямиз ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришимиз талаб этилади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.