18.10.2016

МУРОЖААТЛАР ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Ички ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда ички ишлар органлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш сифатини ошириш бўйича семинар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидландики, Ички ишлар вазирлиги тизимида қонун ижроси таъминланиши долзарб масаладир.

— Фуқароларнинг Ички ишлар вазирлигига, соҳавий хизматларимизга мурожаат қилишлари учун шарт-шароит яратилган, — деди ўз маърузасида Ички ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бош­қармаси бошлиғи Илҳом Турғунов, — Аҳоли турли муаммо ва масалалар бўйича вазирлигимизга хат, интерфаол усул ва «ишонч телефонлари» орқали бемалол мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаатлар билан ишлашни такомиллаштириш тўғрисида Ички ишлар вазирининг буйруғи қабул қилинди ҳамда соҳага оид бошқа идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта ишлаб чиқилди.

Вазирликнинг «2016-2017 йиллар давомида ички ишлар органларининг мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси» қабул қилинди.

Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахс­ларга қулайликлар яратиш мақсадида вазирлик марказий аппаратининг бевосита мурожаатлар билан ишловчи асосий соҳавий хизматлари, ҳудудий ички ишлар идоралари «Ягона интерактив давлат хизматлари портали»га тўлиқ уланди.

Бу билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тўғридан-тўғри қабул қилиш йўлга қўйилди.

2016 йилнинг 9 ойи мобайнида «Ягона интерактив давлат хизматлари портали» орқали жами 4032 та мурожаат келиб тушди. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти қабулига фуқаро ва юридик шахсларни «электрон нав­бат»га ёзиш орқали интерактив хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилди. Шу йилнинг 9 ойи мобайнида 185 нафар фуқаро ушбу хизмат ёрдамида ИИВ раҳбарияти томонидан қабул қилиниши ташкил этилди.

Ички ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушаётган мурожаатлар билан ишловчи махсус бўлим ташкил қилинган. Виртуал қабулхона орқали келиб тушаётган мурожаатларнинг барчаси вазирликнинг марказий аппарати томонидан кўриб чиқилмоқда.

ИИВнинг барча марказий соҳавий хизматларига виртуал қабулхона ор­қали келиб тушган ҳар қандай мурожаат бўйича ўша хизмат раҳбарининг масъуллиги белгиланиб, ариза бўйича тўлиқ ва сифатли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш вазифалари юклатилган.

Семинарда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимларининг мавзуга оид маърузалари тингланди ҳамда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.