18.10.2016

ЮРИДИК КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ: СИФАТ ВА САМАРАДОРЛИК ОШМОҚДА

Адлия вазирлиги томонидан «Юридик кадрлар тайёрлаш тизими: кеча ва бугун» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Тошкент давлат юридик университети фаолиятига оид янгиликлар, таълим тизимидаги истиқболли ло­йиҳалар, илмий-методик ишлар хусусидаги маълумотлар тақдим этилди.

Бугунги кунда юридик университетда ўқув жараёни дунёнинг кўпгина мамлакатларида амалда бўлган ва ўзининг қулайлиги ҳамда самарадорлиги билан тан олинган ўқитишнинг модуль тизимига асосланиб амалга оширилмоқда. Мазкур тизим талабаларда мустақил таълим олиш қобилиятини ривожлантириш, уларнинг ўз соҳаси йўналишларига қизиқишларидан келиб чиқиб, ўқув фанларини танлаш имкониятини бериш ва мус­тақил таълим олишини таъминлаш учун тўлақонли ўқув адабиётларини яратишни назарда тутади.

Маълумки, талабаларни фундаментал базавий, шунингдек, амалий касбий тайёргарлигини таъминлайдиган дастур ва ўқув режалар асосида ўқитиш зарур. Шунинг учун университетнинг ўқув дастурлари Германия, Франция, Буюк Британия, шунингдек, Япония давлатлари тажрибасини ўрганиш асосида оптималлаштирилган бўлиб, ўқитишнинг замонавий шакл ва методлари, педагогик, ахборот-коммуникация, инновацион технологияларни қамраб олади.

Ҳозирда модуль тизими асосида талабаларнинг 2-курсдан бошлаб ўз хоҳишларига кўра, 5 та йўналишдан бирини танлаб юридик таълим олиши жорий этилган. Махсус фанларни инглиз тилида ўқитиш амалиёти ҳам йўлга қўйилган.

Тадбир қатнашчиларининг эътибори талабалар билимини назорат қилиш масаласига ҳам қаратилди. Айнан шу мақсадда жорий йилнинг 22 апрелида «Тошкент давлат юридик университетида ўқитишнинг модуль тизими шароитларида талабалар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тўғрисида»ги Низом қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида талабалар мустақил таълим олиш кўникмасини ривожлантириш ва ёзма нутқ қобилиятини шакллантириш, улар билимини холис баҳолашнинг механизми ишлаб чиқилди. Бу жараёнда объективликни таъминлаш мақсадида рейтинг дафтарчаси бекор қилиниб, талабалар рейтингини аниқлаш электрон тизими жорий этилди.

Ҳуқуқий фанлар бўйича янги авлод дарслик ва ўқув қўлланмаларини яратиш дастури доирасида 75 та режалаштирилган дарсликдан 65 таси нашр этилаётгани маълумот ўрнида келтирилди.

Мазкур илм даргоҳи хорижий давлатларнинг бир қатор нуфузли университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Тулуза университети, Осака, Мия, Нагоя университетлари, Германия, Франциядаги университетлар шулар жумласидандир.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.