18.10.2016

ДЕПУТАТЛИК СЎРОВЛАРИ

электорат манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим воситаси

Депутатлик сўрови давлат ҳокимияти бошқаруви органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга оширишда, қонунлар ижросини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Энг асосийси, сайловчилар, партия электорати вакилларини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишга хизмат қилади.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида халқ депутатлари Андижон вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига 600 яқин депутатлик сўрови юборилган. Мурожаатлар иқтисодий, ижтимоий, уй-жой, коммунал, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга оид масалаларни ўз ичига олган.

Хўш, уларнинг натижалари қандай бўлди? Электорат манфаатларини ҳимоя қилишда депутатлик сўровлари қай даражада самара бермоқда? Ушбу муҳим институтдан янада кенгроқ фойдаланиш учун нималарга эътиборни кучайтириш керак?

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашида партиямиздан сайланган 15, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 151 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Айтиш керакки, ҳокимият вакиллик органларидаги депутатларимиз партиямиз дастурий мақсадлари ҳамда вазифаларини амалга оширишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатишмоқда. Масалан, жорий йилнинг шу даврига қадар халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз депутатлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 50 га яқин депутатлик сўрови билан чиқишган бўлса, бу кўрсаткич туман ва шаҳарлар кесимида 500 дан ортиқни ташкил этди. Муҳими, уларнинг аксариятига вақтида жавоб олинди ва электорат манфаатларига дахлдор катта-кичик муаммоларни жойларда ҳал этишга эришилди.

Мисол учун, Шаҳрихон тумани Қўрғонча маҳалласида истиқомат қилувчи Алишер Нурхонов суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ масалада халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати Дурбек Абдураҳмоновга мурожаат қилди. Ўз нав­батида, депутат туман газ идорасига сўров юбориб, мурожаат ҳал этилишига кўмаклашди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, айрим мутасадди ташкилотлар депутат сўровига вақтида жавоб бермаяпти. Менимча, бу борада тушунтириш-тарғибот тадбирларини ташкил этиб бориш, таъсир чорасини қўллаш зарур.

Мисол учун, Асака тумани Обод маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси вакиллари томонидан маҳаллада тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳақида халқ депутатлари Асака туман Кенгаши депутати Илҳомжон Қодировга ёзма мурожаат билан чиқишган. Ушбу масала бўйича депутат туман ҳокимлиги, вилоят «Сувоқава» ташкилотига қайта-қайта сўров юборган. Лекин масала ҳозирга қадар ижобий ҳал этилмаган.

Ҳаёт ўзгариб, кундан-кунга олдимизга янги талаблар қўйилмоқда. Депутат, мутасаддилар ҳаётга бошқача нигоҳ билан қараши, уни зийрак кузатиши керак. Қайсидир ҳудудда аҳолини ташвишлантириб келаётган муаммо бўлса, уни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик зарур. Сўнгги йилларда бир қатор қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида сиёсий партиялар, депутатларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайди. Ҳар бир депутат яратиб берилган имкониятлардан келиб чиқиб, депутатлик сўрови, ижро ҳокимияти раҳбарлари ҳисоботини эшитиш механизмларидан кенг фойдаланиши зарур, деб ўйлайман.

Ҳозир одамлар ислоҳотлар ва уларнинг маъно-мазмуни ҳамда аҳамиятини яхши тушунади, ўзлари сайлаган депутатдан фақат амалий ишлар кутади.

 

Сардорбек ҚОСИМОВ,

Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.