18.10.2016

АЗАЛИЙ БУЮКЛИК МАСКАНИ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1996 йил 18 октябрь куни Самарқандда Амир Темур ҳайкалининг очилиш маросимида шаҳарга шундай таъриф берган эди

Дунёда тарихий шаҳарлар кўп. Уларнинг ҳар бирига инсоният ўтмишида тутган ўрни ва бугунги тараққиёти, цивилизация ривожидаги аҳамияти, маданияти, сайёҳлик ва савдо-иқтисодий салоҳиятига кўра баҳо берилади. Қадимий ва ҳамиша навқирон, ер юзининг сайқали, Шарқ гавҳари деган таърифу тавсифлар билан ташбеҳланадиган Самарқанд ана шундай шаҳарлар орасида алоҳида эҳтиром билан тилга олинади.

Бу қадимий ва муқаддас заминнинг азалдан илм-фан, маданият, савдо ва ҳунармандлик маркази, халқимизнинг юксак ақл-заковати, бун­ёдкорлик салоҳиятини дунёга намоён этган буюк алломаларга бешик бўл­гани ҳақида тарихий манбаларда асосли фикр­лар келтирилган.

Самарқанд илк бор қадимги Туронзаминнинг биринчи ҳукмдори – Алп Эр Тўнга (Афросиёб) давлатининг пойтахти бўл­ган. Кейинчалик бу шаҳар Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган Буюк Ипак йўлининг чорраҳаси сифатида цивилизация марказига айланган.

Соҳибқирон Амир Темур ҳукмронлиги даврида Самарқанд нафақат қудратли давлат пойтахти, балки том маънода Шарқнинг энг гўзал шаҳари, Марказий Осиёнинг йирик иқтисодий, сиёсий, маданий маркази бўлган. Буюк саркарда бу ерда ҳашаматли саройлар, масжид ва мадрасалар қурдирган. Ўнлаб боғ-саройлар, майдонлар, ҳовузлар, фавворалар, кўчалар барпо этган. Деҳқончилик ва боғдорчилик ривожи учун ариқлар қаздирган, зироатчиларга кўплаб енгиллик ва имтиёзлар берган. Натижада бу даврда Самарқанд том маънода гуллаб-яшнаган. Аҳоли тинч-осойишта, фаровон ҳаёт кечирган.

Амир Темур саройида бўлган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўз эсдаликларида шундай ёзади: «Бу ерда нон, гўшт, мева-чевалар, паррандалардан тортиб ҳамма нарса мўл-кўлдир. Нон шу даражада арзонки, ундан арзон бўлиши мумкин эмас, гуруч эса ҳайратланарли даражада кўп. Бу шаҳар ва унинг замини шу даражада бой, саховатлики, ҳайрон қоласан киши».

Мирзо Улуғбек асос солган астрономия мактаби туфайли Самарқанд йирик илм-фан ўчоғига айланди. Буюк олим ва давлат арбоби бу ерда улкан мадраса бунёд этиб, илм аҳлига ҳомийлик қилди, уларни қўллаб-қувватлади. Ушбу мактаб вакиллари бўлган Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи каби олимлар фалакиёт ва математика фанлари ривожига беқиёс ҳисса қўшди. Жаҳон мумтоз адабиётининг йирик намояндалари Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳам Самар­қандда таълим олиб, уни ўз асарларида гўзал ташбеҳлар билан таърифлаган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камроқдур. Самарқанд шаҳри ажаб ораста шаҳредур…» деб ёзган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг алоҳида эътибори ва фарзандлик меҳри туфайли истиқлол йилларида Самарқанднинг асл тарихий қиёфасини тиклаш, салоҳиятини юксалтириш борасида беқиёс ишлар амалга оширилди. Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан Самарқандда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шаҳар марказида Соҳибқирон бобомизнинг салобатли ҳайкали қад ростлади. Амир Темур мақбараси атрофида кўркам хиёбон ташкил этилди. Мирзо Улуғбек мадрасаси қайта таъмирланди.

2007 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги ЮНЕСКО иштирокида халқ­аро миқёсда кенг нишонланди. Ушбу қутлуғ тўй арафасида боқий шаҳар янада гўзаллашди. Барпо этилган ўнлаб ижтимоий-маиший иншоотлар — таълим муассасалари ва спорт майдончалари, тиб­биёт масканлари ва меҳмонхоналар, магистрал йўллар, кўркам боғу хиёбонлар Самарқанд аҳолиси ва меҳмонларига ҳар томонлама муносиб шароит яратиш баробарида, қадим шаҳар кўркига кўрк қўшди.

Амир Темур, Руҳобод мақбаралари, Регистон майдони, Ҳазрати Хизр ва Бибихоним масжидлари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Мирзо Улуғбек расадхонаси қайта таъмирланди. Уларни бир-бири билан боғлайдиган кичик халқа йўлининг қурилиши шаҳар аҳолиси ва сайёҳлар учун катта қулайлик яратди.

Самарқанднинг жаҳон илм-фани, маданияти ва санъати ривожига қўшган улкан ҳиссаси эътиборга олиниб, 1996 йилда Президент Ислом Каримовнинг фармонига кўра, Самар­қанд шаҳри Амир Темур ордени билан мукофотланди. 18 октябрь куни шаҳарда Амир Темур ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди ва унда Биринчи Президентимиз ушбу орденни шаҳар байроғига қадаб қўйди ва бу кунни Самарқанд куни сифатида нишонлашни таклиф этди. Шундан буён ҳар йили ушбу сана юртимизда кенг нишонланмоқда.

— Ўша тантанали маросимда Юртбошимиз катта қувонч ва ғурур билан гапиргани ҳали-ҳамон кўз ўнгимда, — дейди «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳасан Нормуродов. — «Самарқанд — халқимиз, миллатимиз довруғини бутун дунё­га таратган, минг-минг йиллик тарихга эга илоҳий масканимиздир. Самарқанд — ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳардир», деганида барчамизнинг қалбимиз буюк инсонларга бешик бўлган шу муқаддас замин фарзанди эканимиздан фахр-ифтихорга тўлган эди.

Ислом Каримов ҳар доим Самарқанд ҳақида сўзлаганида шу азиз юртга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати, фарзандлик садоқатини ифода этарди. Бу садоқат шаҳарни янада обод қилиш, унинг тарихий улуғворлигига муносиб замонавий қиёфасини яратишга бўлган улкан бунёдкорлик ишларида яна ҳам яққол намоён бўларди. Шунинг учун мустақилликнинг илк йилларидан Самар­қандда мисли кўрилмаган қурилиш-ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Улуғ аждодларимиз номи билан боғлиқ масканларни обод қилиш, тарихий-меъморий обидаларни тиклаш-таъмирлаш, янги боғ ва хиёбонлар ташкил этиш, шаҳарнинг транспорт коммуникация тизимини янгилаш, инфратузилмасини замон талаблари даражасига келтириш борасида узоқ истиқболга мўл­жалланган дастурлар асосида иш олиб борилди.

Ана шу бунёдкорлик ишлари туфайли бугун Самар­қанд яна Амир Темур давридагидек ер юзининг сайқалига, йирик халқаро анжуманлар, сиёсий мулоқотлар, маданий тадбирлар ўтказиладиган марказга айланди. Инсон ўз умри давомида ҳеч бўлмаса бир марта бориб кўриши шарт бўлган дунёдаги 50 шаҳар қаторидан жой олди.

Биринчи Президентимизнинг ташаббуси, ғоя ва лойиҳалари асосида Самарқандда бошланган ишлар бугун изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилда шаҳарнинг 66,3 километр бўлган 50 кўчасини таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Йўллар кенгайтирилиб, атрофидаги турар-жойлар ва бошқа иншоотлар шаҳар бош режаси асосида реконструкция қилинмоқда. Коммуникация тармоқлари янгиланаётир. Шаҳар ҳавоси мусаффолигини таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида 1000 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Яшил майсазор ва гулзорлар ташкил этилди. Янги фавворалар қурилди.

Биргина Рудакий кўчасида 100 га яқин объектлар бунёд этилмоқда. Ўнлаб кўп қаватли замонавий уйлар, ижтимоий объектлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростламоқда. Ушбу бун­ёдкорлик, ободонлаштириш ишларида тарихий ва замонавий анъаналарни ўзида мужассам этган шаҳарсозликнинг илғор усулларидан, ланд­шафт дизайнидан кенг фойдаланилмоқда.

Азалдан одамлар Самар­қандни бир бор кўришни, унинг заминида мангу ором топган азиз-авлиёлар, буюк инсонлар хоки пойини зиёрат қилишни орзу қилишган. Буни ўзлари учун шараф, деб билишган. Бугун Самарқанд ана шундай истак, қутлуғ ниятдаги инсонлар билан ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Юртимиз шаҳар ва қишлоқларидан келаётган минг­лаб ватандошларимиз, хорижий мамлакатлардан келаётган меҳмонлар Самарқандни, унинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб, ўз ҳурмат ва эҳтиромларини изҳор этмоқда.

Зеро, Биринчи Президентимиз таъбири билан айтганда, Самарқанд тупроғининг ҳар бир заррасида улуғ бир ҳикмат бор, ҳар бир кўчаси, майдон ва хиёбонида салобат, файзу тароват бор. Самар­қанднинг мовий гумбазлари, осмонўпар миноралари, улардаги бетакрор ранглар, олам-олам мазмунга эга нақшу нигорлар бизни ерга қараб эмас, бошимизни баланд кўтариб, қадр-қимматимизни билиб яшашга ундайди.

 

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.