18.10.2016

САЙЛАШ ҲУҚУҚИ КАФОЛАТЛАНАДИ

Асосий қонунимизда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулликлари белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу ҳуқуқ фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилиши қайд этилган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон хал­қи номидан фақат у сайлаган Олий Мажлис ва Президент иш олиб бориши мумкинлиги мустаҳкамланган. Яъни, халқ ваколат берадиган органлар қайсидир орган ёки мансабдор шахс томонидан тайинланмайди, балки бевосита халқ томонидан умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайловларда яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Мамлакат фуқаролари ўзларининг номидан иш юритиш ваколатига эга бўлган шахсларни бевосита сайлайдилар. Бунинг моҳиятида нафақат маълум бир номзодни танлаш, балки мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаёти, ички ва ташқи сиёсати бўйича энг муносиб ҳамда халққа маъқул дастурни қўллаб-қувватлашдек долзарб масала ҳам туради.

Шу маънода жорий йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Ватанимиз тарихидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеадир. Чунки Президент — давлат бошлиғи. У мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш, Конституция ва қонунларга қатъий риоя этиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш, давлат мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, давлат ҳокимияти органлариниг келишилган ҳолда фаолият юритиши ҳамда ҳамкорлик қилишига масъул шахс ҳисобланади. Шунинг учун ҳам сайлов жараёнларининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунлари билан тартибга солинган.

Мазкур қонунларда фуқароларга ўз танловларини эркин, ихтиёрий ва адолатли равишда амалга оширишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилиши кафолатланган. Авваламбор, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эгадирлар.

Қайд этиш жоизки, фуқаролар нафақат сайловда овоз беради, балки бутун сайлов жараёнини ташкил этишда қонунда белгиланган тартибда фаол қатнашади. Яъни, фуқаролар Президентликка кўрсатилган номзодларни дастлабки тарзда қўллаб-қувватлаш, сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш ва сайлов билан боғлиқ бош­қа жараёнларда бевосита иштирок этади.

Сайлов қонунчилигимизда кенг турдаги муносабатлар қамраб олинган. Унга кўра, имконияти чекланган шахслар, беморлар, сайлов куни овоз бериш имкониятига эга бўлмаганлар учун ҳам тенг шарт-шароитлар яратиб берилади. Бу ҳам фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмаслигининг амалдаги ифодасидир.

«Фуқаролар сайлов ҳу­қуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга асосан сайловчиларга референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловларида бевосита қатнашиш ҳуқуқи кафолатланади. Демак, сайловчиларнинг хоҳиш-истаги, сиё­сий иродаси ифода этилиши долзарб аҳамиятга эгадир. Мазкур Қонуннинг 19-моддасида саломатлигининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган сайловчилар участка сайлов комиссиясига тегишли илтимос билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Бунда комиссия овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этиши шартлиги белгилаб қўйилган.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасида Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа доимий ишлайдиган даволаш муассасаларида, фуқароларнинг олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги турар жойларида, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлиги белгиланган.

Бундан ташқари, сайлов куни яшаш жойида бўлолмайдиганлар учун ҳам сайлаш ҳуқуқи кафолатланган. «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга асосан сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар олдинроқ овоз бериши мумкин. Тегишли участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг талабига кўра, белгиланган шаклда бўлган, номзодлар тўғрисида тегишли маълумотлар қайд этилган сайлов варақаларини беради. Сайловчилар тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясига қолдиришлари мумкин. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчилар, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакилларига етказилади. Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги учас­тка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади.

Қонунчиликда айби суднинг ҳукми билан аниқланмагунга қадар шахс айбсиз деб ҳисобланишини эътиборга олган ҳолда, участкалари тузилиши мумкин бўлган объектлар сирасига қамоқда сақлаш жойлари ҳам киритилган. Чунки Ўзбекистон Республикасининг          Конституциясига кўра, фақатгина суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайди.

Агар фарзандимиз ёки бирон-бир қариндошимиз ҳарбий хизматда бўлса, уларга ҳам сайлов ҳуқуқи кафолатланади. Қонунга кўра, сайлов участкалари ҳарбий қисмларда ҳам тузилади.

Бундан ташқари, амалиётда сайлов участкаларида ёш болали оналар учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, имконияти чекланган, ногирон фуқаролар учун овоз беришга қулай тарзда жиҳозланган кабиналар ташкил қилиш изчил йўлга қўйилган. Бу ҳам сайлов ҳуқуқининг кафолати ҳисобланади.

Агар фуқаронинг сайлов ҳуқуқлари бузилса, унга ўз сайлов ҳуқуқини суд йўли билан ҳимоя этиш, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланган.

Сайлов қонунчилигини бузган шахслар учун Ўзбекис­тон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари белгиланган.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқлари давлат муҳофазасида эканидан далолат беради.

 

Самира САИД-ГАЗИЕВА,

юридик фанлар номзоди.



DB query error.
Please try later.