18.10.2016

ҚУРУЛТОЙДАН КЕЙИНГИ МУЛОҲАЗАЛАР

Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 14 октябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг X қурултойи бўлиб ўтди. Унда партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод ҳамда унинг Сайловолди дас­тури тасдиқланди. Шуни­нг­дек, партия ташкилотлари- нинг сайлов билан боғлиқ ташкилий ва сиёсий вазифалари белгилаб олинди. Бугунги кунда маҳаллий партия ташкилотларида қурултой қарорлари чуқур ўрганилиб, уларда кўзда тутилган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.

Қурултойда муҳокама этилган масалалар, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш бўйича белгиланган вазифалар, шунингдек, Президентликка номзоднинг Сайловолди дастуридаги устувор йўналишлар ҳамда уларнинг аҳамияти ҳақида депутатлар, партия фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

 

Ёқуб УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сайлов халқнинг хоҳиш-иродаси эркин ифода этиладиган, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштирокини таъминлайдиган муҳим сиёсий жараёндир.

Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида эркин ва адолатли сайловларнинг қонунчилик асосларини шакллантириш ва янада ривожлантириш борасида катта амалий тажриба тўпланди. Бугунги кунга қадар Ўзбекистонда сайлов жараёнларини ҳуқуқий тартибга солувчи ўнга яқин қонунлар, хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Ўтган давр мобайнида Президент сайлови билан боғлиқ қонунчиликка қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Масалан, бошқа давлатлар, халқ­аро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчиларга мандатлар бериш тартибига оид, сайловчилар рўйхатини тузишга доир, сайловолди ташвиқоти, уни амалга ошириш шакллари, усуллари ва турларини ҳамда муддатларини аниқ белгилайдиган, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаш мақсадида сиё­сий партиялар томонидан йиғиладиган имзо варақаларининг сонини қисқартиришга оид муҳим янги меъёрлар ўз аксини топди. Буларнинг барчаси сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларида фаол иштирок этиши учун яратилган қулайликдир.

Фракциямиз аъзолари, маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари аъзолари сайлов кампания­си даврида сайлов қонунчилигига оид тарғибот ишларида фаол иштирок этиши керак, деб ўйлайман. Сайловолди ташвиқот ишларини кучайтиришда партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ҳамкорликда тадбирларни юқори савияда ўтказишимиз, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз, партиямиз ғояларини, Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов Сайловолди дастурида белгиланган масалаларнинг аҳамиятини кенг тушунтиришимиз талаб этилади.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси:

— Қурултойда билдирилган фикр-мулоҳазалар сайлов кампанияси даврида фаолиятимизни янада самарали ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.

Таъкидлаш керакки, партия­миз мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён демократик тамойиллар асосида ўтказиб келинаётган барча сайловларда фаол иштирок этиб келмоқда. Демак, бу борада тажрибамиз етарли. Сайловолди ташвиқот жараёнларида куч ва имкониятларимиздан самарали фойдаланишимиз талаб этилади.

Яқинда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарори асосида вилоят кенгашимизда сайлов штабини туздик. Унга энг малакали ходимларимиз ва экспертларимиз жалб қилинди. Сайлов кампаниясининг барча жараёнлари давомида ишни юқори даражада ташкил этиш учун зарур бўладиган шарт-шароитлар яратилди.

Албатта, ушбу штаблар партия ташкилотлари, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва бошқа фаолларимизга, шунинг­дек, ўтказиладиган тадбирларга, ташкилий, ахборот-таҳлилий, моддий-техникавий жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиб бориши талаб қилинади.

Яна бир муҳим жиҳати, сайловда партиямиз томонидан кўрсатилган номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёр­дам бериш, сайловолди тарғиботини олиб бориш, давлат ва жамоат ташкилотлари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатини ҳимоя қилиш, ишонч­ли вакилларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида аҳамият беришимиз зарур.

Президентликка номзоднинг ишончли вакилларини тайинлашда партиямизнинг энг салоҳиятли, обрў-эътиборга эга ва фаол аъзоларини танлашимиз ҳамда уларнинг ўз ваколатларини тўлақонли амалга ошириши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб беришимиз керак.

Таъкидлаш лозимки, пар­тия­­мизнинг ушбу жараёндаги асосий кучи минтақавий, маҳаллий ва бошланғич даражадаги партия ташкилотлари, тар­ғиботчилар ҳисобланади.

Шунингдек, номзодга тушган савол ва бошқа мурожаатларни тезкорлик билан умумлаштириб, фуқароларга ўз вақтида қониқарли жавоб беришда кўмаклашиш минтақавий ва маҳаллий кенгашлар олдида турган муҳим вазифалардан бири, деб ўйлайман.

 

Халилла ЕШИМБЕТОВ, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси:

— Сайловни юксак савияда, уюшқоқлик билан ўтказишга барчамиз бирдек масъулмиз. Шунинг учун Президент сайлови билан боғлиқ тадбирларда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлар фаол иштирок этиши лозим.

Тарғибот жараёнларида партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзод — Ҳотамжон Кетмонов Сайлов­олди дас­турининг аҳамиятли томонларини сайловчиларга содда тилда тушунтиришимиз керак, деб ҳисоблайман.

Таъкидлаш жоизки, номзодимизнинг дастури партиямиз дастурий мақсадлари билан ҳамоҳанг. Номзод ўз дастурида биринчи навбатда аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий такомиллаштириб бориш масаласини ўртага ташлаган. Бу бежизга эмас, албатта.

Чунки ҳар бир давлат ўз иқтисодий салоҳиятини ошириш, халқининг турмуш даражасини юксалтириш ҳақида ўйлайди. Унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, тараққиёти бевосита шунга боғлиқдир.

Шу маънода номзод дастурида ифода этилган ғоялар бугунги долзарб ижтимоий масалаларни ўз ичига олган. Хусусан, дас­турда аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий равишда такомиллаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилган. Унда муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган корхоналарда, хусусан, юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш масаласи илгари сурилган.

Ҳаётда кўп кузатганман. Моддий ёрдамга эҳтиёжманд одам тушкун кайфиятда юради. Аста-секин боқимандаликка ўрганиб қолади. Бу жамият барқарорлиги, мамлакат тараққиётига ўз салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди, албатта. Шунинг учун номзод дастурида қайд этилган мазкур таклиф бандлик борасидаги муаммоларни ҳал этиш, ўз ишини йўлга қўйиш истагида юрган юртдошларимизни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

 

Умурбек БЕКТЕМИРОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масаласи муҳим ўрин тутади. Юртимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Шундай экан, улар иштирокида турли тадбирлар, давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар ўтказиш, сайлов ҳуқуқининг мазмун-моҳияти, мамлакатимиз келажагини белгилашдаги аҳамиятини тушунтириш долзарб вазифадир.

Бугунги кунда партиямиз сафида 150 мингга яқин йигит-қиз бирлашган. Демак, мазкур сиёсий жараёнда «Истиқбoл» ёшлар қанoти томонидан амалга оширилаётган лойиҳа ва тадбирларни ёшларнинг сиёсий билимларини кучайтиришга йўналтириш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, электоратимизнинг биринчи марта ўз сайлаш ҳуқуқидан фойдаланадиган гуруҳига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлади.

Сайловда биринчи марта иштирок этаётган ёшларнинг сайлов қонунчилиги тўғрисидаги тушунчаларини бойитиш, ёшлар ўртасида тарафдорларимиз сафини кенгайтириш, Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастури мазмунини ҳаммабоп тарзда тушунтириш талаб этилади. Хусусан, «Менинг биринчи сайловим», «Сайловда фаол иштирок этиш — менинг фуқаролик бурчим» каби лойиҳаларни ўтказишни режалаштираяпмиз. Ёшлар билан ташкил этиладиган тадбирларни узоқ қишлоқ ва туман марказларида ўтказиш янада юқори самара беради, деб ўйлайман.

Ўз навбатида таъкидлаш лозимки, сайлов жараёнларида олиб борадиган тар­ғибот ишларимиз, нафақат ёшларнинг муҳим сиёсий жараёндаги фаоллигини оширишга, шу билан бирга, партимизнинг ёш хайрихоҳлари сафи кенгайишига хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.