13.10.2016

ҲУДУДЛАРДАН ДЕЛЕГАТЛАР САЙЛАНДИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Андижон вилоят кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партия ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш, аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш ҳамда партиянинг Х Қурултойига делегатлар сайлаш тўғрисидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Дастлаб ушбу масалалар бўйича вилоят партия кенгаши раиси Абдулҳамид Нурматов маъруза қилди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз сиёсий ҳаётида катта воқеа ҳисобланади, — деди у ўз сўзида. — Шу боис мазкур сиёсий жараёнда партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлашимиз, сайловга пухта тайёргарлик кўришимиз зарур.

Сайлов кампанияси даврида партиямизнинг туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотлар аҳоли, электорат вакилларининг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, сиёсий-ҳуқуқий дунё­қарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган тарғибот ишларини изчил йўлга қўйиш лозим. Мазкур жараёнда, айниқса, Президент сайловида биринчи марта овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланадиган ёшлар, хотин-қизлар, қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари иштирокида турли тадбирлар, давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бу масала «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари етакчиларининг диққат марказида туриши, ҳар бир тадбирни юқори савия­да ўтказиш талаб этилади.

Шукуржон МАМАТҚУЛОВ, Ўзбекистон Қаҳрамони:

— Сайловда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ифода этилади. Шунинг учун бу масала ҳақида ҳаммамиз чуқур фикр юритишимиз зарур, деб ўйлайман. Сайлов орқали ҳар биримизнинг конституциявий ҳуқуқларимиз ҳимоя қилинади, содда қилиб айтганда, бизнинг овозимиз, муносабатимиз эртанги кунимиз учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис аввало, кимга ва нима учун овоз бераётганимизни тўғри англаб, тушуниб олишимиз керак.

Тарғибот, тайёргарлик ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратсак, ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлади.

Матлуба ТЎЙЧИЕВА, ЎзХДП Бўз туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати:

— Ўтаётган ҳар бир кун бизни мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига яқинлаштирмоқда. Албатта, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи қонунларимизда кафолатланган. Аммо сайловчи, унинг сиё­сий фаоллиги, масъулияти деган тушунчалар ҳақида ҳам обдон ўйлаб, фикр юритишимиз жоиз. Демократик жамиятда яшаётган ҳар қайси фуқаронинг ўз қарашлари, сўзи ва фикри бўлиши зарур.

Шу боис биз сайловолди тадбирларда сайловчиларни фаолликка ундашга, бу борада очиқ мулоқотлар ўтказишга эътибор қаратяпмиз.

Пленумда, шунингдек, партия дастурий мақсад ва ғояларини амалга ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Улар асосида тегишли вазифалар белгилаб олинди.

 

* * *

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят кенгашининг пленумида маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари иштирок этди.

Пленумда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Комилов сўзга чиқиб, партиянинг Президент сайловидаги фаол иштирокини таъминлашда ҳудудий ташкилотлар олдида турган вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Маълумки, мамлакатимизда жаҳон стандартларига тўлиқ мос келувчи миллий сайлов тизими яратилган, — деди Навоий вилоят партия кенгаши раиси Акмал Асатов. — Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи фақат сиёсий партияларга берилгани юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, халқимизнинг хоҳиш-иродасини тўлиқ намоён этишда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлаш учун, аввало, бошлан­ғич партия ташкилотлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратишимиз, ўтказилаётган тадбирларнинг таъсирчанлигини янада оширишимиз зарур.

— Сайловга тайёргарлик ишларида партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлаш учун жойларда электорат манфаатларига хизмат қиладиган тадбирларни кўпроқ ўтказишимиз зарур, — деди Конимех туман партия кенгаши раиси Канимгул Нарбаева. — Партиямиз илгари сураётган ғоя ва таклифларни, қонунчиликдаги меъёр ва қоидаларни сайловчиларга кенгроқ тушунтирсак, ўйлайманки, сайлов очиқ-ошкора ва демократик руҳда ўтишига ҳисса қўшган бўламиз.

— Партиямизнинг устувор вазифаларидан бири — оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёш оилаларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштиришдан иборатдир, — деди «Оила» илмий-амалий маркази вилоят бўлими раҳбари, халқ депутатлари Кармана туман Кенгаши депутати Гулчеҳра Рўзиева. — Халқчил ва одамлар кўнглига яқин ғоя ва таклифларни илгари сураётган партиямиз олдида яна бир масъулиятли вазифа турибди. Уни адо этиш учун барчамиз якдил, ҳамфикр ва маслакдош бўлишимиз зарур, деб ўйлайман. Биз депутатлар, партия фаолларидан ташвиқот ишларини кўпроқ маҳаллаларда, оддий одамлар орасида олиб бориш, уларни фаоллик ва фидойиликка ундаш талаб этилади.

Шунингдек, Бухоро, Жиззах, Сирдарё ва Сурхондарё вилоят партия ташкилотларининг пленумлари ҳам бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш масалалари кенг ва атрофлича муҳокама этилди. Ўзбекистон ХДПнинг навбатдаги Қурул­той­и­га делегатлар сайланди.

 

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.