14.10.2016

САЙЛОВ ҲУҚУҚИ БЕВОСИТА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

4 декабрь куни мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Айни кунларда барча ҳудудларда сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳал қилувчи паллага кириб бормоқда. Айниқса, сайловчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, сайлов ҳақида, унинг аҳамияти ва қонуний асослари тўғрисидаги тушунчаларини янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Шу мақсадда газетамизда «Президент сайлови: савол ва жавоб» рукни ташкил этилган. Таҳририятимизга сайловчилардан саволлар келиши давом этмоқда.

 

 

Жойларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича ишлар жадал олиб бориляпти. Қонунчилигимизда Президент сайловини ўтказиш принциплари қандай белгиланган?

Моҳинисо Фармонова, шифокор (Тошкент шаҳри)

 

Акмал УМАРАЛИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Демократик тамойиллар, мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий шароитда ўтказилаётган мазкур сайловда барча сиёсий партиялар қатнашиш истагини билдирди.

Қонунчилигимизда Президент сайловини ўтказиш принциплари алоҳида белгиланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича сайловолди кампаниясида ва овоз беришда ихтиёрий равишда қатнашадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади. Фуқароларнинг хоҳиш-ирода билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси битта овозга эга. Яъни, ҳар бир сайловчи фақат ўзи учун овоз беради.

 

 

— Мен бу йил Президент сайловида илк бор иштирок этаман. Сайловга тайёргарлик жараёнларини мунтазам кузатиб боряпман. Мени бир савол қизиқтир­япти. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи тўғрисида тушунча берсангиз.

Маҳбуба Шодмонова, коллеж ўқувчиси (Самарқанд вилояти)

 

Аксавли ТУМИШОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси: 

— Мамлакатимизда фуқароларнинг давлат бош­қарувини ташкил қилишда иштирок этиш ҳуқуқини кафолатловчи сайлов тизими янада такомиллаштирилди, қонунчилик асослари мустаҳкамланди. Фуқароларга сайловда ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, мамлакатнинг олий органларига вакилларини сайлаш, номзодларга овоз беришда қулай имконият яратилди.

Қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга.

Ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ир­қий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суднинг ҳукмига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашмайди.

 

 

Сайловга камида қирқ кун қолганида участка сайлов комиссия­лари тузилар экан. Уларнинг вазифаси нималардан иборат?

Наргиза Мадраҳимова, ўқитувчи (Наманган вилояти)

 

Баҳром ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида тузилади. Унинг таркиби 5-19 нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат бўлади. Агар комиссия 7 нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади. Участка сайлов комиссиясининг шахсий таркиби округ сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг сони зарур ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузуридаги участка сайлов комиссияси раиси вазифасини ваколатхоналарнинг раҳбарлари амалга оширади.

Шу ўринда кўпчиликни участка сайлов комиссияларининг ваколатлари қизиқтиради. Қонунчиликка кўра, улар участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади. Сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништириш, рўйхатдаги ноаниқликлар ҳақидаги аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш, тегишли ўзгартишлар киритиш масаласини ҳал қилиш ҳам унинг ваколатига киради.

Шунингдек, участка сайлов комиссияси сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда қатнашиш имконияти бўлмаган сайловчилардан сайлов конвертларини қабул қилади. Сайлов ўтказиладиган кун ва овоз бериладиган жой ҳақида аҳолини хабардор қилади. Овоз бериладиган бинолар ва сайлов қутилари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди.

Бундан ташқари, сайлов куни сайлов участ­касида овоз берилишини ташкил этиш, сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқиш ҳам уларнинг фаолиятига киради. Агарда сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни уюштириш масалаларига доир ариза ва шикоятлар тушса, уларни кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: