Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
13.10.2016

ЎЗБЕК ПАХТА ТОЛАСИ ЖАҲОН БОЗОРИДА ХАРИДОРГИР

Тошкентда XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бошланди

Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитанинг энг муҳим тадбирлари ре­естрига киритилган ушбу ярмарка дунё миқёсида пахта бозори сиёсатини белгиловчи нуфузли анжуманлардан биридир.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2005 йилдан буён анъанавий ўтказилаётган ярмарка «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси, «Ўзбек­енгилсаноат» акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, Товар-хом­ашё биржаси ва «Сифат» маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро пахта уюшмаси, Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита, «Cotton Outlook» халқаро ахборот агент­лиги ва Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар федерацияси сингари нуфузли ташкилотлар билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ўзбек пахта толасига бўлган эҳтиёж жаҳон бозорида мунтазам ортмоқда. Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси иштирокчилари йил сайин кўпайиб бораётгани ҳам шундан далолатдир. Мисол учун, 2005 йилги даст­лабки ярмаркада 30 мамлакатдан 170 га яқин компания вакиллари қатнашган бўлса, 2010 йилда 34 давлатдан 300 дан зиёд фирма ва компания мутахассислари иштирок этди. Бу йил анжуманда 40 дан зиёд давлатдан вакиллар қатнашмоқда.

«Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси раиси А.Камолов, «Ўзбек­енгилсаноат» акциядорлик жамияти раиси И.Ҳайдаров ва бошқалар Ўзбекистон жаҳон пахта бозоридаги етакчи мамлакатлардан бири бўлиб, пахта ишлаб чиқариш бўйича дунёда олтинчи, экспорт бўйича бешинчи ўринда туриши, экспорт имиджини мустаҳкамлаш учун кенг кўламли ишлар қилингани, жаҳон бозорида рақобат кучаяётган ҳозирги шароитда ўзбек пахта толасининг рақобатбардошлигини янада ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

«Cotton Outlook» халқаро ахборот агентлиги бош муҳаррири Р.Батлер ўзбек пахта толаси халқаро стандартларга тўла жавоб бериши, тола ишлаб чиқариш даражаси барқарор сақланаётгани истеъмолчиларга мақбул келаётганини алоҳида қайд этди. 42 мамлакатни бирлаштирган Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитанинг бошқарувчи директори А.Гитчунс эса дунё миқёсида катта аҳамиятга эга ушбу нуфузли пахта форумида бир неча йиллардан буён иштирок этаётганидан мамнунлигини билдириб, изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон жаҳон пахта бозорининг йирик иштирокчиларидан бирига айланганини таъкидлади.         

Ярмарканинг асосий воқеалари «Ўзэкспомарказ» махсус павильонида ўтмоқда. Павильон халқаро ярмарка стандартларига мувофиқ жиҳозланган бўлиб, тармоққа оид барча маълумотни қамраб олган ахборот стендлари ўрнатилган. Анжуман қатнашчилари бу йил мамлакатимиз пахта заводларида ишлаб чиқарилган 650 туркум толанинг намуналари билан танишиш ва сифат жиҳатидан ўз эҳтиёжларига мос тойларни танлаб олиш имконига эга.

— Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси анъанавий тус олгани қувонарли ҳол, — дейди Россия саноат-савдо вазирининг ўринбосари Виктор Евтухов. — Ярмарка юқори савияда ташкил этилган, самарали ишлаш учун барча шароит яратилган. Жорий йилда йирик миқдорда пахта толаси харид қилиш ва келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қўшма корхона ташкил этиш ниятидамиз.

— Биз 50 минг тонна аъло сифатли тола харид қилиш тўғрисида шартнома имзоладик, — дейди Бангладешдаги «Dsm Commodities Ltd.» компаниясининг вакили Фашхур Раҳмон. — Музокаралар жараёни ҳамжиҳатлик руҳида ўтмоқда, сотиш шартлари барча халқ­аро стандартларга мос. Халқаро ярмаркада иштирокимиз жуда самарали бўлди, у янги алоқалар ўрнатиш, янада фойдали битимларни амалга ошириш имконини берди. Компаниямиз ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор.

Тадбир қатнашчилари ярмарка доирасида бўлиб ўтадиган анжуман ва давра суҳбатларида жаҳон пахта бозорининг бугунги ҳолати ва унинг истиқболларини муҳокама қилиш баробарида, Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноатига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан танишмоқда. Зеро, ярмаркада тола намуналаридан ташқари, тўқимачилик корхоналаримизнинг маҳсулотлари — калава, матолар, тайёр буюмлар ҳам кенг намойиш этилмоқда. Тўқимачилик ярмаркаси экспозицияси «Ўзэкспормарказ»нинг алоҳида павильонидан жой олган.

Мамлакатимизда тўқимачилик саноатини ривожлантириш, юртимизда етиштирилган пахтадан юқори қўшимча қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самараларини бераётир. Мисол учун, 90-йилларнинг бошида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари экспортининг умумий ҳажми 7 миллион АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, соҳада олиб борилган изчил ислоҳотлар ва янги бозорларни эгаллаш ҳисобига бу кўрсаткич бир миллиард долларга етиб, тайёр маҳсулотлар дунёнинг элликдан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда.

Сўнгги йилларда ўзбек толаси тоифа ва микронейри бўйича энг сифатли, деб эътироф этилмоқда. Бу Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг соҳага оид фармон ва қарорларининг бажарилиши натижасида амалга оширилган таркибий ўзгаришлар самарадорлигининг ёрқин ифодасидир. Мамлакатимизнинг бу соҳадаги сиёсати барқарор ишлаб чиқариш ҳажмларини сақлаш, ўзбек пахтасининг минтақавий ва халқаро савдоси учун рақобат муҳитини яратишга асосланган.

Пахта толасини энг илғор халқаро стандартлар асосида сертификатлаш билан ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилардан мустақил бўлган, Европа ва Америкадаги етакчи пахта уюшмалари аъзоси — «Сифат» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази шуғулланиб келмоқда. Юқори ликвидлиги билан ажралиб турувчи толамиз сифатини кафолатловчи мазкур марказнинг «Миллий маълумотлар базаси»да юртимиз пахта тозалаш корхоналарида ишлаб чиқилган пахта толасининг сифат кўрсаткичлари тўғрисида тўлиқ маълумотлар жамланган.

— Сифат кўрсаткичи билан бир вақт­да толанинг тозалиги ҳам яхшиланмоқда, — дейди «Сифат» маркази бош директорининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Бойхонов. — Бу замонавий автоматлаштирилган тўқимачилик фабрикалари учун муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ўзбек пахта толаларининг ўртача узунлиги ҳамда узунлик бўйича бирхиллиги сезиларли равишда юқори кўрсаткичларга эга.

Соҳада амалга оширилган ўзгаришлар, янгиланишлар эвазига пахта селекцияси ва уни етиштиришдан толани сертификатлаш ва сотишгача бўлган жараёнлар энг илғор жаҳон стандарт­лари даражасига кўтарилди. Ғўза селекциясида илмий тадқиқотлар олиб бориш учун яратилган қулай шарт-шароитлар натижасида селекционер олимларимиз ғўзанинг 110 дан зиёд навини яратди. Улардан 30 дан ортиғи Давлат реестрига киритилган.

Ўзбекистон олимлари эришган сўнгги ютуқлардан бири — бу дунёдаги илк ген-нокаут технологиясидир. Мазкур технология чидамли хусусиятларга эга «Порлоқ» навлари туркумини яратиш имконини берди. Бунинг самарасида мамлакатимизда янги нав толасини сотиш учун нархлар тарификациясига ўзгартиришлар киритилди ва ушбу тола бошқа навларга қараганда 12 фоиз қиммат сотилмоқда. Ҳозир бир қатор уруғчилик йўналишидаги фермер хўжаликларида «Порлоқ-1», «Порлоқ-2», «Порлоқ-3» ва «Порлоқ-4» янги ғўза нав­ларининг уруғлик чигити тайёрланмоқда.

Бу йилги халқаро ярмарка доирасида, аввалгиларидан фарқли ўлароқ, «Пахта саноатининг ривожланиши ва жаҳон бозорида ўзбек пахта толаси рақобатбардошлигини ошириш истиқболлари», «Тўқимачилик тармоғининг рақобатбардошлигини ошириш — экспорт имкониятлари ортишининг муҳим омили», «Пахта ва тўқимачилик тармоқларида илмий ва технологик янгиликлар» каби мавзуларда учта секцияга бўлинган ҳолда ўзаро мулоқотлар ўтказилмоқда.

Ярмарка доирасида иштирокчилар «Тошкент-тола» пахта терминали, Тошкент вилоятидаги «Ўзбекистон» пахтани қайта ишлаш заводи, «Uzteks­Chirchiq» қўшма корхонасида бўлиб, мамлакатимиз пахтачилик секторида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самаралари билан танишиш имкониятига эга бўлади. Енгил саноат салоҳияти, жумладан, маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган турфа либослар намойиши ҳам режалаштирилган.

XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.

 

Сайёра ШОЕВА,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: