11.10.2016

ЭРКИНЛИК ВА ИМКОНИЯТЛАР

одамлар манфаати ҳимояси ҳамда тараққиётга хизмат қилади

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида бош­қарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, хусусий мулк устуворлигини таъминлаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

2000 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 31 фоизи кичик бизнес соҳасида яратилган бўлса, 2015 йилда мазкур кўрсаткич 56,5 фоизни ташкил этди. Бугунги кунда саноат маҳсулотларининг 40 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи айнан шу соҳа ҳиссасига тўғри келаётир.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва халқимиз даромадларининг ўсиб боришида, хусусий тадбиркорликнинг ўрни ниҳоятда салмоқлидир. Айни вақтда банд аҳолининг қарийб 78 фоизи шу соҳада меҳнат қилмоқда. Энг муҳими, сўнгги беш йил ичида тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадларнинг улуши 47,1 фоиздан 52 фоизгача ўсгани аҳоли даромадларининг ошиши, одамларнинг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш борасида муҳим аҳамият касб этиб бораётганидан далолат беради.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ва Сенатининг жорий йил 8 сентябридаги қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб ва топшириқлари ижросини изчил давом эттириш, турли бюро­кратик тўсиқлар ва асоссиз текширувларни бундан кейин ҳам қатъият билан чеклаш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг эркин фаолияти учун кенг имконият яратиш, уларнинг манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида янги сифат босқичини бошлаб беради, десак муболаға бўлмайди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувдан ҳимоя қилувчи ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга қаратилган мутлақо янги бозор механизмлари ва нормаларининг ўрнатилиши фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан биридир.

Хусусан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, режадан ташқари текширишлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинмоқда.

Фармонда асосий эътибор тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган маъмурий ва жиноят қонунчилигини янада эркинлаштиришга қаратилмоқда. Хусусан, солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ва тадбиркорлик фао­лиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошириш сингари биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларини улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва ҳуқуқбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирда жавобгарликнинг барча турларидан озод қилиш тартиби белгиланмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди. Мазкур жазо чорасининг қўлланилиши оқибатида қонун­бузарликка йўл қўйган шахслар, одатда, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки уни давом эттириш имкониятидан, энг ёмони, оиласининг эҳтимол ягона даромад манбаидан маҳрум бўлар эдилар.

Таъкидлаш жоизки, Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» ҳисоботига кўра, Ўзбекистон, авваламбор, суд ишлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини изчил татбиқ этилиши туфайли хўжалик судларида тижорат ишлари билан боғлиқ баҳс-мунозараларни ҳал этишда энг кам вақт сарфлайдиган давлат сифатида дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди. Чунончи, биргина жорий йилнинг тўқ­қиз ойида 4 мингдан ортиқ суд мажлислари видеоконференция тарзида ўтказилган бўлиб, унинг натижасида хўжалик юритувчи субъектларининг 2 миллиар­д­га яқин маблағи тежалди.

Хўжалик судлари фаолиятида суд мажлисларига аудио ва видео қайд этиш механизмларининг жорий этилиши ва қабул қилинган суд қарорларининг Интернет тармоғидаги веб-сайтда жойлаштирилиши суд жараёнларида шаффофлик ва холисликнинг ошишига, уларнинг янада такомиллашувига хизмат қилади.

Фармон қоидаларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 аниқ чора-тадбир амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур Комплекс чора-тадбирлар доирасида божхона ишини такомиллаштириш, солиқ маъмурчилиги сифати ва самарадорлигини янада яхшилаш, республиканинг экспорт салоҳияти ўсишини, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этишни ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг таш­қи бозорда рақобатбардошлигини оширишни рағбатлантирадиган валютани тартибга солиш ва валюталар курси сиёсатига илғор бозор механизмларини жорий этиш бўйича аниқ таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Шундай қилиб, мазкур фармон мамлакатимиз танлаган йўлнинг бардавомлиги ва изчиллигини таъминлаш, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишининг асосий омили ҳисобланган тадбиркорлик фаолияти ривожига тўсиқ бўладиган барча сунъий ғов ва расмиятчиликларни батамом бартараф этишга, иш ўринларини кўпайтиришга, аҳоли турмушини янада фаровонлаштиришга хизмат қилади.

 

Хуршид ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Хусусий мулк ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш масалалари бўйича бошқарма бош мутахассиси.



DB query error.
Please try later.