11.10.2016

ОЧИҚЛИК, ОШКОРАЛИК ВА ХОЛИСЛИК

сайлов жараёнларини ёритишда бош мезон бўлади

Сайловлар умумэътироф этилган демократик тамойилларга мувофиқ очиқ ва ошкора ўтишида оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Шунингдек, улар долзарб сиёсий жараёнда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга катта таъсир кўрсатади.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси қизғин давом этмоқда. Хўш, мазкур жараёнлардан мамлакатимиз аҳолиси, дунё жамоатчилигини яқиндан хабардор қилиш, бу борада оммавий ахборот воситалари вакилларига қулай шароит яратиш борасида қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

Ушбу мавзу юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий ­сайлов комиссияси матбуот хизмати раҳбари Низомиддин ­НУРМАТОВга айрим саволлар билан мурожаат қилдик.

 — Миллий қонунчилигимизда сайлов жараёнларини ёритишда ошкоралик масаласи алоҳида эътиборга олинган, — деди Н. Нурматов. — Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунда сайлов жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш бўйича аниқ нормалар бегиланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш Ўзбекис­тон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари зиммасига юклатилган бўлиб, улар ўз фаолия­тини очиқ ва ошкора амалга оширади. Албатта, бунда ОАВнинг эркин фаолият юритиши, тезкор ва холис ахборот етказиши долзарб аҳамиятга эга.

Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика мат­буот маркази ташкил этилган. У ерда юртимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун сайлов жараёнига бағишланган брифинглар, матбуот анжуманлари мунтазам ташкил қилинмоқда. Матбуот марказининг асосий вазифаларидан бири мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакилларини сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича тегишли расмий маълумотлар, зарур материаллар билан таъминлашдир. Бу ерда ОАВ вакилларининг профессионал фаолияти учун барча зарур шарт-шароит мавжуд, интернет ҳамда алоқа воситаларидан фойдаланиш имкониятлари яратилган.

Округ сайлов комиссиялари қошида ҳам матбуот марказлари ташкил этилган. Яъни, ҳудудларда ҳам журналистларнинг тезкор ва самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит ҳамда ахборот-коммуникация воситалари муҳайё қилинган.

Бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, интернет фаол татбиқ қилинмоқда. Айни шу нуқтаи назардан, сайловчиларнинг катта қисми интернетдан кенг фойдаланадиган ёшлар ҳисобланади. Шу боис сайлов жараёнига оид барча ахборотлар Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайти (www.­elections.uz)га жойлаштирилиб, ундаги маълумотлар доимий равишда янгилаб борилмоқда. Ушбу сайт орқали фуқаролардан келиб тушаётган сайловга оид саволларга ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда.

Президент сайловига дунё ҳамжамиятининг ҳам қизиқиши юқори. Демак, сайлов билан боғлиқ тезкор ва холис ахборотлар тарқатилиши долзарб аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз.

— Албатта, бу борада мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари қулай имкониятга эга. Журналистлар аккредитациядан ўтиши учун жорий йилнинг 1 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика мат­буот марказига мурожаат қилишлари мумкин. Аккредитация учун қу­йидаги ҳужжатларни тақдим қилишлари лозим. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси номига ОАВ ташкилотининг расмий бланкасида мухбирни аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги ариза, аккредитациядан ўтадиган журналистнинг ўлчами 3,5х4,5 см бўлган икки дона фотосурати, ОАВ ташкилотининг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, электрон ОАВ учун — эфирга узатиш лицензиясининг нусхаси. Хорижий журна­листлар учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг нусхаси бўлиши керак.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш учун журналистларни аккредитациядан ўтказиш ишлари давом этаяпти. Ҳозирга қадар Марказий сайлов комиссияси томонидан 500 дан ортиқ хорижий ва миллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари аккредитация қилинди.

Сайлов комиссияларининг барча тадбирлари журналистлар иштирокида ўтказилмоқда. Мавзуга оид телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар мунтазам эфирга узатилмоқда, сайловчиларга сайлов жараёни босқичларини тушунтирадиган роликлар намойиш этилмоқда. Сайлов кампанияси босма ва интернет-нашрларда ҳам кенг ёритилмоқда.

— Маълумки, шу йилнинг 21 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси бир қатор оммавий ахборот воситалари билан икки томонлама битим имзолади. Унинг аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш тўғрисида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекис­тон Миллий ахборот агентлиги, «Жаҳон» ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, «Uzreport» ахборот агентлиги билан Марказий сайлов комиссияси ўртасида икки томонлама битимлар имзоланди. Унинг асосий мақсади сайлов билан боғлиқ жараёнларни аниқ, холис ва тезкорлик билан сайловчиларга етказишдир.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнини кенг ёритади.

Битимлар сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатлари — Ўзбекистон Республикаси Конституция­си, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунлар ва сайлов жараёнини тартибга соладиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, бу битимлар Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва сайлов қонунчилиги соҳасидаги олим ва экспертлар билан суҳбатлар уюшти­риш, сайловчиларнинг ҳуқу­қий маданиятини юксалтириш, ­Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ижроси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайлов­олди дастурлари ҳақида жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилишда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, улар сайлов кампания­си тўғрисида хорижий мамлакатлар давлат ва жамоат арбоблари, эксперт ва таҳлилчилари фикр-мулоҳазалари билан мамлакатимиз аҳолисини доимий равишда таништириб боради.

Битимларни амалга ошириш ­доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиб бориш, Президентликка номзодларнинг сайловолди дас­турлари қоидаларини, шунингдек, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига тааллуқли мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда (тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан) кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор берилади.

Хулоса сифатида айтиш керакки, Президент сайлови жамият ва фуқаролар ҳаётида долзарб аҳамият касб этади. Шу боис сайлов билан боғлиқ ҳар бир жараённи кенг жамоатчиликка етказишда очиқлик, ошкоралик ҳамда холисликни таъминлаш асосий вазифалардан ҳисобланади. Бунинг учун Марказий сайлов комиссияси томонидан барча имкониятлар яратиб берилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ суҳбатлашди. 



DB query error.
Please try later.