08.10.2016

МУСИҚА МАКТАБИ ЯНГИДАН БУНЁД ЭТИЛДИ

Фарғона вилояти, Учкўприк туманидаги 20-болалар мусиқа ва санъат мактаби капитал таъмирланиб, миллий ва жаҳон мусиқа асбоблари, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Ҳозирги кунда масканда 287 нафар ўғил-қиз устозлари ёрдамида ўз маҳоратларини ошираётир.

— Бундан 25 йил олдин мактабимизда ҳозиргидек шароитлар, имкониятлар йуқ эди. Ўқувчилар кўримсиз хоналарда ўқишарди, — дейди мактаб директори ­Маъруфжон Охунов. — Бугун эса замонавий мусиқа асбоблари, ўқув адабиётлари ва зарур ускуналар билан жиҳозланган кенг, ёруғ ва шинам хоналарда сабоқ олаётган иқтидорли ёшларимиз турли кўрик-танлов ҳамда фести­валларда юксак натижаларга эришмоқда.

Мактабнинг анъанавий хонандалик йўналишида таҳсил олаётган Лайло Адҳамова 2015 йили Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган «Муғом» халқаро болалар кўрик-танловида 3-ўринга муносиб кўрилди. Яқинда пойтахтимизда ўтказилган «Истеъдод» халқаро кўрик-танловида эса 2-ўринни қўлга киритди.

—      Санъатга болалигимдан қизиққанман, — дейди Лайло ­Адҳамова. — Бугун юртимизда биз ёшларга кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътибор ҳамда ўз истеъдодимизни тўлиқ намоён этишимиз учун яратилган имкониятлар, қолаверса, устозларим Ғофуржон Юнусов ва Шерали ­Раҳмоновларнинг меҳнати билан кўплаб танловларда муваффақиятли иштирок этиб келяпман.

Мусиқа инсонни эзгуликка ўргатади. Санъатни юракдан ҳис этган, унга болаликдан ошно бўлган инсоннинг қалби эзгу фазилатларга лиммо-лим бўлади. Лайло Адҳамова каби қалби эзгуликка тўла санъатсевар ўғил-қизларимиз бугун жаҳон саҳналарида ўз истеъдодларини намоён этиб, Ватанимиз довруғини дунёга ёймоқда, халқимиз қалбини ғурурга тўлдирмоқда. Энг муҳими, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юрт­нинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъу­лиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етмоқда.

 

Ҳилола ЮНУСОВА,

журналист.



DB query error.
Please try later.