08.10.2016

«ҲАЁТИМНИНГ УЗВИЙ БИР ҚИСМИ, ҲЕЧ УНУТИЛМАС ДАВРИ МАНА ШУ ҚАШҚАДАРЁ ЗАМИНИДА КЕЧДИ»

Ислом КАРИМОВ:

Тақдир деймизми, туз-насиба деймизми, ҳаётимнинг узвий бир қисми, ҳеч унутилмас даври мана шу Қашқадарё заминида кечди. Шу боис, мен бу гўзал юртга нисбатан қалбим тўрида меҳр-муҳаббат туйғусини сақлаб, қизғин меҳнат, эзгу орзу-ният ва интилишлар билан ўтган ўша йилларни доимо миннатдорлик билан эслайман. Ўша мураккаб пайтларда оғир муаммолар гирдобида қолиб кетган Қашқадарё вилоятида мавжуд бўлган ночор аҳволни ўнглаш, юртни обод этиш йўлида сиз, азизлар билан қандай ҳаракатлар, қандай катта мақсад ва режаларни амалга оширишга эришганимиз, ўйлайманки, барчамизнинг хотирамизда ёрқин саҳифа бўлиб қолажак.

Шахсан мен умримнинг энг қизғин, суронли ва бахт­ли дамларини Қашқа воҳасида ўтказганимни, шу юртда ўзим учун ҳаётий мактаб, катта тажриба топганимни, сизларнинг қу­вонч ва ташвишларингизга шерик бўлиб, меҳр-оқибат кўрганимни ҳеч қачон унутмайман.

 

 

Минг йиллар қаъридан авлодларга етиб келган тош битикларнинг ҳам бир кун ўчишига, хира тортишига хўрланган тарих кўп марта гувоҳ бўлган. Бироқ халқ юрагида сақлаган эзгу ниятлар хеч қачон завол топмайди. Тилдан тилга, дилдан дилга ўтиб, абадият китобига муҳрланади.

Минг афсуски, ўзи севган, бемисл меҳр қўйган қашқа­дар­ё­­ликларга нисбатан энг азиз туйғуларини изҳор қилган буюк инсон энди орамизда йўқ. Юқоридаги сўзларнинг ҳар бирида юрак амри, тенгсиз меҳр ифодаси бор эди...

Олақўйлик — Китоб туманидаги машҳур муаллимлар, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, ижодкорлар, ўз касбининг моҳир усталари етишиб чиққан менинг она қишлоғим. Юракларни ўртовчи хабар етиб келганида, бир ҳамқишлоғимиз дунёдан ўтган ота-онаси хотирасига бағишлаб маърака ўтказаётган эди, ҳамма лол бўлиб қолди, ишониш қийин эди бу хабарга. Қишлоғимиз оқсоқоли Аҳмадхон Офтобхон ўғли муқаддас Қуръон оятини тиловат қилиб, савобини мар­ҳум Юртбошимиз руҳига бағишлади. Одамлар дуога қўл очишди...

Амаким — 96 ёшли Мажид Хидир ўғлининг уйига бордим. Мусибатнинг тили йўқ, карахт эдим. Рости, тўқсонинчи йил май ойида отам раҳматлини сўнгги манзилга кузатаётганда кўз ёши тўкканман. Йиллар, машаққатлар, суронли курашларга тўла ҳаёт юрагимни қотирди, ёшим анчага етди. Бу сафар нуроний амакимни кўриб, кўз ёшларимни тиёлмадим. Амаким урушда қатнашган, жанггоҳларда жони омон қолган, кейин институтда ўқиб, илм олган, хўжаликларни ­бошқарган, ўнлаб яхши иморатлар қурдирган, гапини топиб айтадиган юртнинг доно кайвониси. У ҳам чексиз қайғу ўтида ёнаётган экан, мени бағрига босди...

Хонтахта атрофида ўтирдик ва у киши дуога қўл очди. Анча вақт жим қолдик. Шундай ҳолатлар бўладики, сўз билан ифодалаб бўлмайди. Юрак измингизга юрмайди, фақат адоқсиз ўйлар оғушида қоласиз. Мен ҳам худди шундай аҳволда эдим. Хаёл узоқларга олиб кетди. Онам ёшлигимда қазо қилган, отам мени ўқитган, қийинчилик билан саксонинчи йилда «Қашқадарё ҳақиқати» газетасига ишга жойлашган эдим. Ҳафтада беш марта чиқадиган, вилоятдаги ҳақиқий аҳволни акс эттирувчи бирорта мақола чоп этишга журъат эта олмайдиган ночор газета эди. Ана шундай мураккаб даврда Ислом Каримов вилоят раҳбарлигини қабул қилди. Иқтисоди қолоқлик бот­қоғига ботган, одамларнинг қадди эгилган, фаравон ҳаёт ҳақидаги орзулар барбод бўлган давр эди. Тез орада ноҳақ қораланганларни ҳимоя қилиш, адолатни тиклаш, иқтисодиётни кўтариш борасида тенгсиз кураш бошланди. Янги раҳбаримиз газетани ҳам фаолликка чақирди. Ҳамкасбларимиздан бирининг қайсидир хўужаликдаги камчиликларни танқид қилган мақоласи босилди. Шунда раҳбаримиз муҳарриримизни ҳузурларига чорлаб: «Энди ўша жойдан аҳвол қандай ўзгараётгани ҳақида яна мақола тайёрланглар. Ҳақиқатни ёзишдан чўчиманглар», деган экан. Менинг касалхоналарда қандай таомлар тайёрланаётгани, таъминот ҳақидаги «Шифохона менюси» сарлавҳали мақолам газетанинг беш сонида чоп этилди. Ҳеч кутилмаганда шундай жанжал кўтарилдики, нақд бало ўқига нишон бўл­дим. Ўша пайтдаги Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги, унинг вилоятдаги бош­қармаси масъул ходимлари газетамиз таҳририятига ёпирилиб келишди. Дағдағалар, мени ишдан бў­шатишга уринишлар бошланиб кетди. Ўшанда раҳбаримиз ўртага тушдилар. Масалани махсус ўрганиш кераклиги айтилди. Натижада алоҳида тафтишчилар касалхоналардаги аҳволни чуқур ўрганишди, менинг камчиликларимни ҳам айтишди, аммо танқид асосан тасдиқланди. Мен ўз ишимда қолдим. Икки бор вилоятимиз раҳбари Ислом Каримов имзо чеккан «Фахрий ёрлиқ» билан тақдирландим. Бу ҳаётимда олган илк мукофот эди. Уларни бир умр кўз қорачиғидай асраб келаяпман. Энди очиқ айтаман, ўшанда раҳбаримиз ҳақиқатни ёқламаганларида, мен ишдан кетган, ҳаётим издан чиққан бўларди. Шунинг учун ҳам у кишининг қилган яхшилигини ҳаётимнинг сўнгги кунигача унутмайман.

— Узоқ йиллик умримда кўп яқинларимни йўқотганман. Беш йиллик қаттол урушда елкама-елка жанг қилган биродарларимдан айрилганман, — дейди Мажид бобо. — Аммо улуғ раҳбаримиз Ислом Каримовнинг вафоти ҳақидаги хабардан юрагим ларзага келди. Бутун умрини, ҳатто жонини халқига, юртига бахшида қилган, сўнгги дақиқагача одамларни, уларнинг бахтли ҳаётини ўйлаган буюк инсон энди орамизда йўқ. Ҳозир эсладим, Шаҳрисабз шаҳрининг кутлуғ тўйида у кишининг сўзларини тинг­ладим. Тантанали маросим тугагандан ке­йин, у киши билан қучоқ очиб кўришдик. Кейин Қарши шаҳрининг 2700 йиллик тўйида қатнашиб, янги ёдгорлик очилиши маросимида сўзлаган нутқ­ларини эшитдим. Ўшанда яна бир бор бу инсонга Оллоҳ чексиз иқтидор, катта қалб ато этганига амин бўлдим. Шуни биламанки, у кишининг орзулари, улуғ режалари, албатта, амалга ошади. Охиратлари обод бўлсин!..

...Мана, Қарши шаҳри. Мана, ўша ёдгорлик монументи. Унда илм олиш ва меҳнатга чоғланган ўғил-қизи ёнида турган ота ва она сиймоси тасвирланган. Раҳбаримиз ёдгорликни «Эл-юрт таянчи», деб атаган эди... Бугун ана шу ёдгорликнинг ёнида махсус жой ҳозирланиб, Йўлбошчимизнинг суратлари қўйилди. Эрталабдан кечгача эл-юрт таянчи бўлган ота-оналар, уларнинг илм ва касб эгаллаётган ўғил-қизлари, турли касб соҳиблари, минглаб, ўн минглаб қаршиликлар хотира маросимига келиб, чуқур қайғу ва чексиз эҳтиромларини изҳор қилишади. Ҳамдардликни қабул қилиб, бош эгиб турганлар орасида етакчилар, ўз меҳнати билан танилган фидойилар, кайвонилар бор эди. Улардан бири — «Нуроний» жам­ғармаси Қашқадарё ви­лоят бўлими раҳбари, ЎзХДПдан вилоят Кенгаши депутати Январ ­Иноятов ­Самарқанд шаҳрида Биринчи Президентимиз ­Ислом ­Каримовнинг дафн этиш маросимида қатнашди. Январ ака қашқадарёликларнинг чуқур ҳамдардликларини изҳор этар экан, тарихимизнинг энг мураккаб даврида вилоятга раҳбарлик қилганлари, халқнинг эгилган қаддини кўтарганлари, мустақиллик йилларида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари чинакамига обод бўлиб, тенги йўқ бунёдкорликлар юз берганини ифтихор билан таъкидлади.

Хотира маросимлари барча туманларда ўтказилди. Уларда қатнашганлар улуғ Йўлбошчимиз бошлаган қутлуғ ишларни давом эттиришга, эл-юртга хизмат қилишга сўз бердилар.

Суюн АБДИЕВ, Қарши туманидаги «Абдиев Мажид» фермер хўжалиги раиси, Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси:

 — Дарду аламимни сўз билан ифодалай олмайман. ­Самарқанд шаҳрида Биринчи Президентимизни сўнгги йўлга кузатиш маросимида қатнашдим. Айрилиқ дарди шунчалик ўртардики, маросимга қатнашган барчанинг юраклари сел бўлди. Хотирлаш маросимида дунёнинг таниқли давлат ва сиёсат арбоблари Юртбошимизнинг ер юзида тинчлик, дўстлик, яқин ҳамкорлик борасидаги улкан хизматларини алоҳида тилга олишди. Маросимдан Қашқадарёга қайтгач, уйимда ўтира олмадим, даламга чиқиб кетдим. Ахир, ақлимни таниб, ана шу далани кезаман. Шу тупроққа дард-аламларимни, орзу-ниятларимни айтаман. Бу сафар ҳам даламга келиб, хотирага берилдим. Эсимда, Юртбошимиз бир неча бор ана шу даламизга келиб, ғалла ва пахтанинг мўл ҳосилини кўриб суюнган, қимматли маслаҳатлар берган эдилар. Шу йил ёзда келганларида туманимиздаги учрашувда мен билан саломлашиб, фикримни сўрадилар, мен ҳам қалбимдаги ниятларимни айтган эдим. Ҳозир шуларни эслар эканман, шу азиз тупроқ бор экан, улуғ инсоннинг босган излари, қишлоқ одамлари ҳаётини фаровонлаштириш йўлида чеккан машаққатлари абадий қолишига имон келтирдим.

Чўли ЖЎРАЕВ, «Нуроний» жамғармаси Касби туман бўлими раиси, ЎзХДПдан туман Кенгаши депутати:

— Мустақиллик байрамимиз арафасида Президентимизнинг Фармонига кўра, «Дўст­лик» ордени билан мукофотланган эдим. У кишининг вафот этганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, чуқур қайғуга ­ботдим. 2015 йилнинг ёзида мамлакатимиз раҳбари туманимиздаги «Шомурод Султонов» фермер хўжалиги даласида фаоллар билан учрашганда, мен ҳам қатнашган эдим. У киши иқтисодиётни кўтариш, ёшлар тарбияси, қишлоқларни обод қилиш юзасидан қимматли маслаҳатлар бердилар. Рости, кейинги икки-уч йилда туманда пасайиш сезилган эди. Янги ҳоким камчиликларга барҳам бера бошлади. Ободончиликка эътибор кучайди. Жами 48 минг тонна ғалла топшириб, режани ошириб адо этдик. 70 минг тонна пахта етиштириш учун далаларда терим бошланиб кетди. Ана шундай кунларда минглаб касбиликлар хотира маросимида қатнашиб, улуғ Йўлбошчимизга нисбатан эҳтиромларини изҳор қилишди.

Баҳодир ҲОЖИЕВ, Қарши Олимпия захиралари коллежининг дзю-до бўйича мураббийи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози:

— Мамлакатимиз спортчиларининг Бразилияда ўтказилган олимпиадада эришган ғалабалари бутун дунёга ёйилди. Олимпиадада қатнашган курашчилар орасида шогирдим Сойиб Қурбонов ҳам бор. Бу улкан муваффақиятлар ­Биринчи Президентимиз ғамҳўрлиги туфайлидир. Биргина Қарши шаҳрида ўнлаб замонавий ўйингоҳлар, теннис корт­лари, сузиш ҳавзалари барпо этилган. Раҳбаримизнинг кўрсатмаси билан ўтган йили муҳташам Бадиий гимнастика саройи қуриб, ишга туширилди. Энди юрагимни очсам, қайғумизнинг чеки йўқ. Коллежда «Хотира дарси» ўтказиб, ўқувчиларга Ислом Каримовнинг хизматлари, орзулари ҳақида гапириб бердим. Ишонаманки, ёшларимиз улуғ Йулбошчимизнинг даъватларини унутмай, спорт соҳасида юртимиз довруғини дунёга таратишда давом этадилар.

Зарнигор АҲМЕДОВА, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси:

— Яқинда ўғил кўрдим, унга Олим, деб исм қўйдик. Биринчи Президентимизнинг вафоти ҳақидаги хабар юрагимни ларзага солди. Гўёки дунёни қорон­ғулик босгандек бўлди. Ўша аснода чақалоғимнинг йиғисидан ўзимга келдим, кўз ёшларимни тўхтатолмай, боламни бағримга босдим. Шунда бу улуғ инсон биз учун қанчалик азиз эканлигини юрак-юракдан англадим. Эсимда, мактабда ўқиётганимда, Биринчи Президентимизнинг фармони билан менга Зулфия номидаги Давлат мукофоти берилган эди. Бу менга билдирилган юксак ишонч эди. Бу ишонч олдида ўзимни ҳамон қарздор ҳисоблайман. Умрим охиригача бу ишончга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан...

...Қаршидан йўлга чиқиб, Шаҳрисабзга етиб келиб, ­шаҳар марказига йўл оламан. ­Жаҳоннинг тенгсиз обидаси ­­­­­­­­­Оқсарой қанотларини ёзган оққуш сингари обод хиёбон бошида қад кўтарган. Шу майдонда улуғ Амир Темур бобомизга муаззам ҳайкал ўрнатиш, шаҳарнинг қутлуғ 2700 йиллик тўйини ўтказиш тадбирлари бошида ­Биринчи Президентимиз турган эди. Улуғ Соҳибқирон бобомиз қолдирган меросни эъзозлаб, Шаҳрисабз шаҳрини қайтадан обод қилган, бунёдкорлик режасини тузиб берган ҳам Йўлбошчимиз эди. Қадимий манбаларда кайд этилишича, улуғ саркарда замонида боғлар 8 гектар атрофида бўлган, бугун 80 гектарга етди. Обод хиёбон бўйлаб юриб, Кўкгумбаз жомеъ масжиди қаршисига етиб келаман. Янгидан таъмирланган муқаддас маскан ёнида алоҳида жой ҳозирланиб, хотирлаш маросими ўтказилаяпти. Қалби миннатдорчиликка тўла минглаб, ўн минглаб шаҳрисабзликлар бир неча кун давомида ўзларининг чексиз эҳтиромларини изҳор қилишди.

Шаҳло РАҲМОНОВА, Шаҳрисабз тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси, ҳоким ўринбосари, ЎзХДПдан туман Кенгаши депутати:

— Шаҳрисабзликлар бугун чекаётган ғам ва қайғуни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Чунки Юртбошимиз туманимиз меҳнат аҳлига чексиз меҳр қўйган, Шаҳрисабз шаҳрини обод қилиш ишларини бошида турган эди. Мен ўзим 2011 йилда Қарши туманидаги «Бахт» фермер хўжалиги шийпонида мамлакатимиз раҳбари билан учрашган эдим. Ўшанда шаҳардаги 88-мактабда тил-адабиётдан дарс берардим. Менга гал келгач, мактабда тил байрами ўтказганимиз, ўқувчиларимиз шаҳримизга келаётган хорижлик меҳмонлар билан инг­лиз тилида бемалол сўз­лашганлари ҳақида гапириб бердим. Шунда Юртбошимиз ниҳоятда мамнун бўлиб, «Ёш­ларга она тили қатори инглиз тилини ҳам пухта ўргатинг», дея маслаҳат берган эди. У кишининг улуғ ниятлари юртимизда тўла амалга ошмоқда. Тошкент­да бу йил Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил топиб, биринчи талабаларини қабул қилди. Хорижий тилларни ўрганиш тобора яхшиланиб бормоқда. Фахрланиб айта оламизки, шаҳримизнинг мактаб ва коллежларида таълим олаётган ёшлар Шаҳрисабзга келаётган сайёҳлар ва меҳмонларга бир неча тилда тарихимиз, фаровон ҳаётимиз ҳақида ҳикоя қила олишади. Юртбошимиз орзу қилганидек доно, интилувчан ёшлар камолга етмоқда. Улар ҳеч қачон буюк Йўлбошчимизни, у кишининг тенгсиз хизматларини унутишмайди...

Оғир ва мусибатли дамларда Юртбошимизнинг ушбу сўзларини ёдга оламан: «Ўз­бекис­тон — муқаддас Ватан. ­Ота-боболаримиз хоки ётган ер. Ўзимиз ётадиган ер».

Тенгсиз йўқотишдан ўртанаётган, Буюк Йўлбошчимизнинг даъватларини қалбига жо қилган халқимизнинг тилаги битта: Бу тупроқ — муқаддас. Жонимиз, қонимиз шу тупроқ билан, ­Ватан билан бир. Озод Ватан, она ­Ватан янада обод бўлғусидир!

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.