08.10.2016

ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ

ишончли ҳимоялаш — долзарб масала

Бугунги кунда халқаро вазиятнинг шиддат билан ўзгариши, ер юзининг турли нуқталарида янги низо ўчоқларининг пайдо бўлиши жаҳон жамоатчилигида чуқур ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Мамлакатлар иқтисодиёти орқага кетмоқда, иш ўринлари қисқармоқда, инсоннинг олий ҳуқуқлари, муқаддас қадриятлари поймол қилинмоқда. Бу давлатлар тинчлигига, фуқаролар ҳаётига катта хавф соляпти.

Ана шундай мураккаб шароитда мамлакатимизда хотиржамликни таъминлаш, халқимизнинг осойишта турмушини ҳимоя қилиш, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти ва масъулиятини кучайтириш долзарб масаладир. Яқинда қабул қилинган «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонун бу борада муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур Қонуннинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ­Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қў­митаси аъзоси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Комила ­КАРОМОВА ­билан суҳбатлашдик.

— Бугун дунёнинг турли ҳудудларида юз бераётган мудҳиш воқеа-ҳодисалар, таҳдидлар фақат ўша давлат ёки минтақа ҳаётига дахлдор деган одам адашади. Чегара билмас бу хавф-хатарлар бутун инсо­ниятнинг, тараққиётнинг душманидир. Геосиёсий ўйинлар, диний ­экстремизм, терроризм, наркобизнес, миллатлараро низолар инсо­ниятга катта офатлар келтиришини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

Ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи органлар, хусусан, ички ишлар тизими ­фаолияти бундай қалтис жараёнда мамлакатда тинчликни таъминлашда катта аҳамият касб этади. Бир сўз билан айтганда, юртда тинч­лик, осойишталик ҳукм суриши, фуқаролар хавфсизлиги, ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши кўп жиҳатдан ушбу соҳа ходимлари масъулиятига боғлиқ.

Шунинг учун мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликнинг яхлит тизимини жорий этиш зарурати туғилди. «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонун шу мақсадда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Қонунга кўра, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, тезкор-қидирув ­фаолиятини амалга ошириш, жиноят ишлари бўйича суриштирув ҳамда дастлабки терговни ўтказиш ички ишлар органлари фаолиятининг асосий йўналишларига киради. Шунинг­дек, улар уюшган жиноятчиликка ва терроризм­га қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, эҳтиёт чоралари ва жазони ижро этиш чораларини қўллашни ташкил қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлашга доир ишларни амалга оширади.

Қонунда ички ишлар органлари ­фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ягоналик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофликдан иборат эканлиги белгиланган.

— Шу ўринда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асосларига чуқурроқ тўхталсангиз...

 — Қонунда қайд этилишича, ички ишлар органлари ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш асосида амалга оширади.

Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарз­да муомалада бўлиш тақиқланади.

Агар Қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ички ишлар органлари фуқаронинг шаъни, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли бўлган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

Яна бир муҳим томони — ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этганида ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши керак. Фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бунинг сабабини ҳамда асосларини, шунингдек, фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириши шарт.

— Ички ишлар органлари ходимларининг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари нимадан иборат?

— Бу ҳақдаги меъёрлар Қонуннинг 3-бобида келтирилган. Хусусан, 16-моддада ички ишлар органларининг мажбуриятлари белгиланган. Унга кўра, ички ишлар органлари ходимлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкини, шахс, жамият ва давлат хавф­сизлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида барча зарур чораларни кўриши лозим. Жамоат жойларида, шу жумладан, кўчаларда, майдонларда, истироҳат боғларида, транспорт магистралларида, вокзалларда, аэропортларда, шунингдек, оммавий тадбирларни ўтказиш чоғида улар фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаши керак. Бундан ташқари, Қонунда жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, чек қўйиш ва фош этиш чораларини кўриш мажбуриятлари қайд этилган.

Ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар фуқаролардан қонун ҳужжатларига риоя этишни, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни тугатишни талаб қилиши, бу талаблар бажарилмаган тақдирда эса мажбурлов чораларини қўллаши мумкин.

Шунингдек, фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш, уларни содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда ушлаш мақсадида фуқароларга тегишли бўлган турар-жойларда ва бошқа биноларда, уларга қарашли ер участкаларида фуқароларнинг розилиги билан, ташкилотлар жойлашган ҳудудда ва биноларда эса уларнинг маъмурияти рухсати билан ёки мулкдорнинг розилиги билан бўлиш ҳуқуқига ҳам эга.

Умуман олганда, ички ишлар органлари фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларда, жамоат жойларида тартибни сақлаш бўйича қатор ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгалиги қонунда батафсил баён этилган.

— Ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласи ҳам долзарбдир. Қонунда бу борада қандай кафолатлар белгиланган?

— Албатта, Қонунда бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ички ишлар органлари ходимлари соғ­лиғини сақлаш, меҳнатига ҳақ тўлаш, уй-жой билан таъминлаш, мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиши мумкинлиги белгиланган. Шунингдек, Қонунда ички ишлар органлари ходимларининг давлат пенсия таъминоти, суғуртаси билан боғлиқ масалалар ҳам акс этган.

Сайловолди дастуримизда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот ислоҳотларини такомиллаштириш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилганлигини инобатга олсак, мазкур Қонун партиямиз учун ҳам принципиал аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялаш, юртимиздаги тинч ва осуда ҳаётни асраб-авайлашга хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.