08.10.2016

САЙЛОВОЛДИ ТАДБИРЛАРИ

юқори савияда ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг жорий йил 14 октябрь куни ўтказиладиган X Қурултойига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Айни кунларда ҳудудий партия кенгашлари пленумларида делегатлар сайланмоқда.

Сайловлар – демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси ҳисобланади. Шу маънода, сайловни юксак савияда, уюшқоқлик билан ўтказишга барчамиз бирдек масъулмиз. Шунинг учун Президент сайлови билан боғлиқ тадбирларни ўтказишда партиянинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлар фаол иштирок этиши талаб этилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгашининг навбатдаги пленумида бу фикрлар алоҳида таъкидланди. Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этиш, аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш ҳамда партиянинг Х Қурултойига вилоят партия ташкилотидан делегатларни сайлаш тўғрисидаги масалаларни атрофлича муҳокама этишди.

Пленумда Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, туман, шаҳар партия кенгашлари раҳбарлари, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ва фаоллар қатнашди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ­воқеадир. Сайловни тегишли қонунчилик талаблари асосида, умум­эътироф этилган халқаро меъёрларга мувофиқ ўтказиш, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг сайлов қонунчилиги бўйича билимларини юксалтириш масалалари жуда долзарб. Бу сиёсий партиялар, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди, — деди ­вилоят партия кенгаши ­раиси Меҳрож Дархонов йиғилишни очар экан. — Бунинг учун барча даражадаги партия ташкилотлари сайловчиларнинг онгида юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш ишларига ўз эътиборини қаратиши зарур бўлади. Яна бир муҳим вазифа шундан иборатки, сайлов кампаниясининг барча босқичларида вилоят пар­тия ташкилотидан бош­лан­ғич ташкилотларгача бўл­ган бў­ғинларнинг мустаҳкам ҳамкорлигини йўлга қўйиш талаб этилади.

— Ўзбекистон ХДПнинг Президент сайловидаги иштироки ҳақида сўз юритар эканмиз, аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасида ҳам алоҳида тарғибот режасини ишлаб чиқишимиз лозим, — дейди халқ депутатлари ­Янгийўл туман Кенгаши ­депутати Мавжуда Бовақулова. — Ёшларнинг эзгу мақсад йўлида собитқадамлиги бўлажак сайловдаги фаол иштирокида ҳам акс этади. Демак, Ўзбекистон ХДПнинг «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари тарғибот ишларини изчил йўлга қўйиши лозим.

Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисми ёшлардан иборат эканини инобатга олсак, сайловда уларнинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги яққол намоён бўлади. Сайловда илк бор иштирок этаётган ёшлар ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, мамлакатимиз тараққиёти, тинчлиги ва осойишталиги учун ўзлари муносиб кўрган номзодга овоз беришларига ишонамиз.

— Сайлов кампанияси ­даврида бошланғич партия ­ташкилотлари ишини кучайтириш, улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш ҳал қилувчи масалалардан саналади, — дейди Қибрай туманидаги «Дўрмон» қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ҳудудий ташкилоти раиси Васила Маҳмудова. Электорат вакилларининг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, сиёсий-ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган тар­ғибот ишларига бошланғич ташкилотлар фаол жалб этилиши зарур. Аҳоли билан доимий мулоқот олиб ­бориш, биз кўрсатган номзодга одамларнинг муносабатини, ижобий фикрини шакллантириш учун ишни қуйидан бошлаш яхши самара беради.

Сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни имкон қадар қуйи бўғинларда ташкил этиш муҳим. Уларда сайловга оид қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни, сайловчилар фаоллигининг аҳамияти, ҳуқуқ ҳамда бурчларини батафсил тушунтириш долзарб аҳамият касб этади.

Шунингдек, пленумда сўз­га чиққанлар ваколатли вакил, кузатувчи ва ишончли вакилларни танлаш борасида ҳам таклиф, тавсияларини билдиришди. Муҳокама қи­линган масалалар юзасидан Тошкент вилоят партия кенгаши пленуми тегишли қарорлар қабул қилди.

 

* * *

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоя­ти кенгаши пленумида ҳам партиямизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирокига доир масалалар муҳокама этилди.

Унда минтақавий кенгашлар раислари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, бошлан­ғич ташкилотлар етакчилари ва фаоллар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар сайлов қонунчилигига оид тарғибот ишларини кучайтириш, тадбирларни юқори савия­да ўтказиш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдириб ўтишди.

Пар­тия дастурий мақсад ва ғояларини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳи­моя қилиш бўйича олдинда турган вазифалар белгилаб олинди.

Пленумларда, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партия­сининг навбатдаги Қурултойига 7 нафардан делегат сайланди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.