Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
08.10.2016

ИШЛАЙМАН, ИШ ЎРНИ ЯРАТАМАН,

деган одамнинг йўли очиқ

Ота-боболаримиз азал-азалдан қуриб, яратиб яшаган. Бошқача айтадиган бўлсак, бунёдкорлик, ишбилармонлик халқимизнинг қонида бор. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони муҳим ҳаётий аҳамиятга эгадир.

Аввало шуни айтиш керакки, ушбу фармонда белгиланган устувор вазифалар, илгари сурилган долзарб масалалар тадбиркорларни ўйлантириб келаётган қатор муаммоларни босқичма-босқич ҳал қилишга қаратилган. Шунинг учун фармон ҳамюртларимиз, тадбиркорлар, умуман, кенг жамоатчилик томонидан кўтаринки руҳ билан, миннатдорлик билан кутиб олинди.

Фармонга берилган шарҳда таъкидланганидек, мазкур ҳужжат, энг аввало, хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган. Бу эса ушбу соҳада давлат сиёсати сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилишидан далолат беради.

Эътибор беринг, фармонда тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва енгилликлар бериш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада давлат органлари ходимларининг масъулиятини ошириш масалалари кўзда тутилган. Мана шу уч омил бугунги кун тадбиркорлари учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эгадир.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ­лари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан Парламент назоратини кучайтириш зарур, албатта. Шу мақсадда Олий Мажлис ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш мўлжалланмоқда. Қайд этиш керакки, бу тажриба бир қатор хорижий давлатларда ўзини оқлаган. Яъни, мазкур институт тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашда, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда муҳим ўрин тутади. 

Кенг қамровли фармон қоидаларини амалда рўёбга чиқариш алоҳида аҳамия­т­га эга масаладир. Шунинг учун тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Унга кўра, 42 та аниқ чора-тадбир амалга оширилади.

Шубҳасиз, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, ҳар томонлама қулай шароит яратишда парламентимиз, яъни Олий Мажлис палаталари олдида ҳам масъулиятли вазифалар турибди.

Хусусан, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, давлат ресурсларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб, қабул қилиш зарурати юзага келган. Бу жараёнда умумий эътироф этилган халқаро стандартларга асосланишимиз ҳар томонлама тўғри бўлади, деб ўйлайман. Бу ҳақда гап кетганда, биринчи навбатда «Коррупция­га қарши курашиш тўғрисида», «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида», «Давлат харидлари тўғрисида» ва «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш эҳтиёжини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

Фармонга биноан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорларнинг фаолиятини текшириш борасида қатор чоралар жорий этилиши белгиланган. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан таш­қари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади. Яъни, назорат қилувчи органлар эндиликда режадан ташқари текширишлар ўтказишни ташкил қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Бунда фақат юридик шахснинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қисқа муддатли текширишлар ўтказиш имконияти сақланиб қолади. Бундай текшириш фақат Республика кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказилиши мумкин ва текшириш муддати бир иш куни билан чекланиши белгиланмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур фармон пар­тия­миз Сайловолди дас­турида белгиланган қатор вазифалар амалга ошишига, ўз ишини йўлга қўйиш ниятидаги электоратимиз вакилларининг интилишини янада кучайтиришга, янги иш ўринлари очилиши учун янада кенг шароит яратилишига хизмат қилади. 

Демак, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги пар­тия­миз гуруҳлари аъзолари билан ҳамкорликда ушбу муҳим ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш бўйича тарғибот ишларини изчил йўлга қўйишимиз, унинг ижросида депутат сифатида фаол қатнашишимиз талаб этилади.

 

Ёқуб УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар

қўмитаси раиси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: