06.10.2016

БЕХАТАР ОНАЛИК БАХТИ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки 1987 йилда оналар ўлими ва перинатал даври касалликларини камайтириш мақсадида Бехатар оналик ташаббуси билан чиққан эди. Бехатар оналик фақат оналар касаллиги ва ўлимининг олдини олибгина қолмай, она ва бола тўғрисида ғамхўрлик қилишни ҳам кўзда тутади. Булар туғруққача, туғиш вақтида ва туққандан кейинги давр­да аёлнинг жисмоний, ақлий ва ижтимоий фаровонлигини ҳамда соғлом бола туғилиши ва соғлом болалик каби ўта муҳим масалалардан иборатдир.

Пойтахтимиздаги 6-туғруқ мажмуаси жамоаси ўтган 2015 йилда йилнинг «Энг намунали тиббиёт муассасаси» деб топилди.

 — Мажмуамиз 225 туғруқ ўрнига мўлжалланган бўлиб, тиббиётнинг энг ил­ғор технологиялари билан жиҳозланган, — дейди даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари Салоҳиддин Мўминов. — Ўтган йиллар мобайнида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қил­ишга қаратилган чора-тад­бирлар натижасида туғруқхона барча талабларга жавоб берадиган даволаш муассасасига айланди.

Туғруқхонада фарзанд кутаётган оналар, янги туғилган чақалоқларни парваришлаш учун энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий технологиялар хизматидан фойдаланилмоқда. Чақалоқларни сунъий нафас олдиришга мўлжалланган мослама, оптик видеотизим сингари тиббий асбоб-ускуналар нуқсон билан туғилган чақалоқларни соғ­лом­лаштиришда қўл келади.

Ҳамшира ва шифокорларнинг касбий маҳоратини, ўз ишига масъулиятини ошириш мақсадида етук мутахассислар иштирокида ҳар ойда бир неча маротаба ўқув-маш­ғулотлари ташкил қилинади. Шунингдек, тиббиёт ходимлари белгиланган муддатда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг малака ошириш курсларига жалб қилинади. Бир гуруҳ шифокорлар Андижон, Наманган, Жиззах, Сурхондарё, Самарқанд, Қорақалпоғистон Республикасидаги қишлоқ врачлик пунктларида бўлиб, жойларда фаолият кўрсатаётган ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашдилар.

Туғруқхонада ўз касбининг моҳир устаси бўлган тажрибали шифокорлар, катта акушерларнинг кунни тунга улаб, ҳар бир она ва бола саломатлиги йўлида жонкуярлик қилиши табиий ҳолга айланган. Улар ҳар бир гўдак соғ-саломат туғилиши учун туғруққача ва туғруқ пайтида қилиниши лозим бўлган муолажаларга масъулият билан ёндашиб, ўз вазифасини сид­қидилдан адо этмоқда.

Ҳомиладор аёлларга замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 2 туғруқ зали хизмат кўрсатади. Бир йилда беш минг нафаргача чақалоқларнинг овози янграйдиган бу муассасада ҳар бир гўдак, ҳар бир она врач назоратида бўлади.

— Бизда фарзанд туғилиши билан она-бола туғруқ залидан палатага чиқарилади. Бу — гўдак она исини ҳис қилиши, озуқаланиши учун ниҳоятда аҳамиятли, — дейди катта акушер Раҳима Ғофурова. — Илк дақиқалардан она гў­дагига кўкрак тутади, чунки она сути турли микро­элемент­ларга бой ва боланинг ҳаётий фаолияти учун ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган озуқа ҳисобланади. Муассасада фаолият кўрсатадиган «Оналар мактаби» биринчи фарзандини кутаётган ёш оналарга фойдали йўл-йўриқ ва маслаҳат беради.

Ҳомиладорларни туғруққа тайёрлаш бўлими 65 ўринга мўлжалланган бўлиб, олти нафар шифокор уларга хизмат кўрсатади. Ультратовуш аппарати, электрокардио­грамма ҳамда клиник лабораторияда аёлларнинг умумий ҳолати бўйича текширув ўтказилади ва уларнинг ҳар бири белгиланган йўналиш бўйича даволанади.

Туғруқхона қошида фаолият кўрсатаётган маслаҳат-ташхис поликлиникаси ҳомиладорликнинг дастлабки ойларида бўлган оналар учун мўлжалланган. Мутахассис-шифокорлар бу ерда уларнинг саломатлигини ҳар томонлама таҳлил қилади, ҳар бирига ўз билим, малака ва тажрибалари асосида маслаҳат-ташхис хизмати кўрсатади.

— Республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, перинатал ва скрининг мар­казлари, туғруқхона мажмуалари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларининг касалхоналардан фарқи шундаки, уларда ирсий хасталиклар билан туғилиш, ногиронлик ҳамда юқумли касалликларнинг олдини олиш, оналар ва болаларга юксак сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкония­ти мавжуд, — дейди Салоҳиддин Мўминов. — Хусусан, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказида мамлакатимиз миқ­ёсида биринчилардан бўлиб, бепушт­ликни даволашнинг ноёб усуллари қўлланила бошланди.

Тиббиёт марказида ҳомиладор аёлларда скрининг текширувлари ўтказилиши туфайли минглаб ногирон болалар туғилишининг олдини олишга эришилмоқда. Қолаверса, турли аномалияли туғма хасталиклар жарроҳлик йўли билан муваффақиятли даволанмоқда.

2000 йилдан буён мамлакатимизда ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши 1,8 баробар камайди. Сўнгги ўн йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1,8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 санти­метр­га ўсди.

Юртимизга тажриба алмашиш мақсадида келаётган хорижлик мутахассислар тиббиёт муассасаларида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасини ўз кўзлари билан кўриб, ҳақиқатан ҳам бизда амалга оширилаётган кучли ижти­м­оий сиёсат юксак самара бераётганини эътироф этмоқда.

Мажмуада туғруқ, гинекология, чақалоқларни жонлантириш бўлимлари бор. Мавжуд икки бўлимда бир йилда 2500 дан 2700 нафаргача соғ­лом туғруқлар қабул қилиб олинади.

...Янги туғилган чақалоқ йиғиси оналик бахтига муя­ссар бўлган, фарзандини соғ-саломат бағрига олган аёл чеҳрасига хушнудлик, ҳаётдан розилик туйғуларини бахш этади. Чақалоқ хабарини эшитган нуроний кексаларимиз «Ёруғ олам муборак, умринг узун, бахтинг бутун бўлсин, болажон!» дея алқашади, дуо қилишади. Ҳа, ҳар бир туғилган соғ­лом зурриёд — оила қувончи, миллат келажагидир.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.