06.10.2016

САЙЛОВДА ФАОЛ ВА МУНОСИБ ИШТИРОК ЭТИШ

партиямиз ташкилотлари зиммасига катта масъулият юклайди

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг жорий йил 14 октябрь куни ўтказиладиган X Қурултойига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Айни кунларда ҳудудий партия кенгашлари пленумларида делегатлар сайланмоқда.

Қарши шаҳрида Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгашининг VI пленуми бўлиб ўтди. Унда партия ташкилотлари етакчилари, депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари раислари, фаоллар иштирок этишди. Пленумда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг фаол ва муносиб иштирокини таъминлаш, партиямиз Қурултойига делегатлар сайлаш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ХДП вилоят кенгашининг раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов кейинги йилларда мамлакатимиз Конституцияси, бир қатор қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайловларнинг халқаро талабларга мос ўтишини таъминлаш билан бирга, партиялар ўртасида рақобатни кучайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ана шундай муҳим паллада партия ташкилотлари олдида турган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

— Биз демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш каби эзгу мақсад сари интилаётган эканмиз, аввало, сайловларда муносиб иштирок этишимиз лозим, — деди у. — Ҳозирги кунларда партия­миздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаш юзасидан сайловчилардан имзо тўплаш ишлари якунига етмоқда. Сайлов жараёнида партиямизнинг барча ташкилотлари аҳоли, электорат вакилларининг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, сиёсий-ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиши зарур. Нафақат фаоллар, балки партиямизнинг ҳар бир аъзоси бу жараёнда фаол иштирок этиши лозим.

Бунда, биринчи навбатда, Президентликка партиямиздан кўрсатилган номзодни ўтказишда ёрдам бериш, тар­ғибот ишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сайлов комиссияси, давлат ва жамоат ташкилотлари билан мулоқотларда номзоднинг манфаатларини ҳимоя қилиш, шу мақсадда муносиб ишончли вакилларни танлаб олиш муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Тарғиботчи ва ташвиқотчиларимиз жонли, ҳаётий мисоллар асосида тарғибот олиб бориши талаб қилинади. Бу борада ташвиқотнинг замонавий усул ва шаклларидан самарали фойдаланиш керак бўлади.

Маърузачи партиямизнинг нав­батдаги Қурултойи шу йил 14 октябрь куни чақирилишини маълум қилди ва пленум иштирокчиларини сайловолди жараёнида фаол иштирок этишга, Қурултойга муносиб делегатларни сайлашга чақирди.

Сўзга чиққан бошқа иштирокчилар ҳам сайловга пухта тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратишди. 

Темирхон ИСМОИЛОВ, Касби туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари:

— Бугун пленумимизда ниҳоятда муҳим масалалар муҳокама қилинди. Олдимизда мамлакат Президенти сайлови турибди. Унутмаслигимиз керакки, сайлов кампанияси даврида партиямиз ғояларини тушунтириш, мақсад-вазифаларимиз мазмун-моҳиятини одамларга етказиш жуда масъулиятли вазифадир. Шунинг учун ҳам сайловчилар, электорат вакиллари билан мулоқотларни фарзанд­лар­имизнинг орзулари, юрт келажаги ҳақидаги теран фикрлар билан бойитган ҳолда олиб бориш лозим. Ишонаманки, барча, сайловчиларимиз ушбу сиёсий жараёнда фаол иштирок этишади.

Дилшод ЁРОВ, ЎзХДП Шаҳрисабз туман кенгаши раиси:

— Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари юзасидан сиёсий партиялар ўз нуқтаи-назари, позициясини эркин билдириш, шу билан бирга, уни қатъий туриб ҳимоя қилиш имконига эга. Бу борадаги ҳуқуқларимиз қонунларда кафолатланган. Демак, сиёсий партиялар ўз ғоя­ларини амалга ошириши, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг стратегик вазифаларини ҳал этиши учун зарур ҳуқуқий асослар яратилмоқда. Биз ана шу юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Сайлов кампанияси даврида партия ташкилотларимизнинг фаоллигини, тарғибот-ташвиқот тадбирларининг самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Шунингдек, пленумда Ғузор туман партия кенгаши раиси Санжар Ғайбуллаев ва бошқалар ўз мулоҳазаларини билдиришди.

— Президент сайловининг юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини кафолатлашдаги аҳамияти ниҳоятда улкан, — дейди ЎзХДП Яккабоғ туман кенгаши раиси Неъмат Жумаев. — Пленумда олдимизда турган вазифалар нечоғлик муҳимлигини янада теран англадим. Туманимизда сайловга тайёргарлик муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар режасини ишлаб чиққанмиз ва уни фаолларимиз кўмагида амалга оширяпмиз.

 

***

 

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгашининг пленумида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилди. Унда вилоят партия кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, туман, шаҳар партия кенгашлари раислари ҳамда фаоллар иштирок этди.

— Мамлакатимизда демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилган, — деди ЎзХДП Самар­қанд вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Бўрибой Бўронов. — Айниқса, сайлов тизимининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириши учун ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланди. Бу сайлов билан боғлиқ барча тадбирларнинг демократик талабларга мос равишда ўтишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фуқароларимизнинг сиёсий фаоллиги яна бир бор намоён бўлади. Сайлаш — бу нафақат конс­титуциявий ҳуқуқ, балки юксак фуқаролик масъулияти эканини унутмаслигимиз керак. Партиямиз ташкилотлари ана шундай муҳим жараёнга қадам қўяр экан, барча куч ва имкониятларни бирлаштириши талаб этилади.

Пленумда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси ­Президенти сайловига тайёргарлик кўриш масалалари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Жумладан, Каттақўрғон шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Тоҳир Ҳамидов шундай деди:

— Сайлов кампанияси даврида туман ва шаҳар кенгашлари, бошлан­ғич ташкилотлар партия­миз ғояларини аҳоли ўртасида кенг тар­ғиб қилиш ишларида фаол қатнашиши, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган тадбирларни изчил йўлга қўйиши керак. Мазкур жараёнда, айниқса, Президент сайловида биринчи марта овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланадиган ёшлар, хотин-қизлар, қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари иштирокида турли тадбирлар, давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бу масала «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари етакчиларининг диққат марказида туриши зарур, деб ўйлайман.

Саноат РАҲИМОВА, Самарқанд шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Юқорида тўғри таъкидланди. Сайлов фуқаролар сиё­сий хоҳиш-иродасини ифода этиши учун катта имконият, айни чоғда сиёсий партия­лар учун жиддий синовдир. Сайловчилар партиямиз дастурий мақсадларидан қанча кўп хабардор бўлса, Президентликка номзодимизни қўллаб-қувватловчилар сафи шунча кенгаяди. Шунинг учун Президент сайлови билан боғлиқ тадбирларни кўпроқ маҳаллаларда, бошланғич ташкилотларда ўтказишга эътибор қаратиш керак. Сайловолди тадбирларини ҳар қандай расмиятчиликлардан холи, очиқ мулоқот, самимий суҳбат тарзида, ҳаётий мисолларга асосланган ҳолда ўтказиш муҳим, деб ўйлайман. Шу ўринда яна бир масала. Сайлов кампаниясида фаол иштирок этиш учун партия ташкилотлари ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришимиз зарур.

Пленумда партия ғоялари тарғиботини янада изчил йўлга қўйиш, электорат манфаатларини ҳи­моя қилиш бўйича олдинда турган вазифалар белгилаб олинди.

 

***

 

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгашининг пленуми ҳам фикр-мулоҳазалар, таклифларга бой тарз­да ўтди.

Вилоят партия ташкилоти олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Ғуломжон Сапаев маъруза қилди.

— Сайлов партиямиз ғоя ва мақсадларини аҳоли орасида янада кенг тар­ғиб этиш учун қулай имконият яратади, — деди у. — Биз нафақат партия аъзолари, балки меҳнат жамоалари, маҳаллаларда тарғибот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб боришимиз талаб қилинади.

Раимберган САБУРОВ, Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Тўғри айтдингиз. Сайловолди ташвиқотида фақат номзодимиз таржимаи ҳоли билан чекланиб қолмасдан, партиямиз дастурий мақсадларига мувофиқ равишда жойларда амалга оширилаётган ишлар, пар­тия гуруҳларимиз кўтариб чиқаётган ташаббуслар ва уларнинг аҳамияти ҳақида кенгроқ маълумот бериб боришимиз керак, деб ҳисоблайман. Чунки депутатларимизнинг фаоллиги ва фидойилиги аҳоли ўртасида партиямизнинг нуфузи ортишига хизмат қилади. Бу эса сайловолди ташвиқот ишларида жуда қўл келади.

Аҳмаджон ВАИСОВ, ЎзХДП фаоли:

— Сайлов ҳуқуқи фақат овоз беришдан иборат эмас, унинг барча жараёнларида фаол иштирок этишдир. Жойларда сайлов участкалари тузилди. Уларда сайловчилар учун барча қулайликлар яратил­я­пти. Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараёнга ҳар бир сайловчи ўзига хос тайёргарлик кўриши лозим, назаримда. Биз жамоатчилик билан ишлашда, ёшлар билан суҳбатларда бу масалага алоҳида эътибор бермоқдамиз.

Роҳат МАШАРИПОВА, ЎзХДП Урганч туман кенгаши раиси:

— Яқинда туман кенгаши қошида сайлов штаби тузилиб, иш бошлади. Тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини ошириш учун фаоллар гуруҳи ҳам тузилган. Уларга партиямизнинг тажрибали, ҳурмат-эътиборга сазовор аъзолари жалб этилган.

Пленумларда мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотларнинг самаралари, хал­қимиз турмуш даражасининг юксалаётгани, тинч­лик ва тараққиёт бар­қарорлиги таъминланаётгани алоҳида таъкидланди.

Қатнашчилар таклифлари асосида Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидан партиямизнинг нав­батдаги Қурултойига 7 нафардан делегат сайланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Абдурасул САТТОРОВ,

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.