06.10.2016

НАМУНАЛИ САЙЛОВ УЧАСТКАСИ ТАҚДИМОТИ

Тошкент вилояти Қибрай туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари ишини ташкил қилишга бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбир «Дўрмон» маданият саройида ташкил этилган намунали сайлов участкасининг тақдимоти билан бошланди.

Марказий сайлов комиссияси котиби С.Қурбонқулов, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси раиси Ҳ.Ҳамидов ва бошқалар сайловга тайёргарлик жараёнида участка сайлов комиссияларининг сифатли ва самарали фаолият юритиши учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилиши мазкур сиёсий тадбирнинг ҳар жиҳатдан юксак савияда ўтишининг асосларидан бири эканини таъкидлади.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси аъзолари, округ қошидаги матбуот маркази ҳодимлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳи раҳбарлари иштирок этган семинарда сайловнинг миллий қонунчилигимиз талаблари асосида ошкора ўтишини таъминловчи масалалар юзасидан яна бир бор фикр алмашилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари М.Йўлдошева. — Сайлов участкасини барча меъёрий талабларга мувофиқ жиҳозлаш, унда муҳим сиёсий тадбирни юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш учун барча шароит яратиш масалалари намуна сифатида кўрсатилгани иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Семинарда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг асосий вазифалари», «Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар», «Участка сайлов комиссиялари фаолиятини молиялаштиришнинг тартиб-қоидалари» мавзуларида маърузалар тингланди.

 

И.АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири



DB query error.
Please try later.