04.10.2016

«ХАБЕАС КОРПУС» ИНСТИТУТИ – ШАХС ДАХЛСИЗЛИГИНИНГ КАФОЛАТИ

Ўзбекистон Республикаси Олий судида «Хабеас корпус» институти — инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг ишончли кафолати» мав­зуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Олий суд судьялари, Олий суд ҳузуридаги тадқиқот маркази ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

— Истиқлол йилларида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, жиноий жазоларни либераллаштириш борасида улкан ишлар қилинди, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бў­йича судлов ҳайъати раиси вазифасини бажарувчи Олим ­Ҳайитов. — Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилингани, қа­моққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилгани фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари ҳимоясини таъминламоқда. Жиноий жазо тизимидан инсонпарварлик тамойилларига мутлақо зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш тарзидаги жазо тури чиқариб ташланганлиги ҳам принципиал аҳамиятга эга. Фу­қароларнинг ҳуқуқ ва қо­нуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноят қонунчили­гини либераллаштириш, одил судловнинг амалдаги ­мустақиллигига эришиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Буларнинг ҳаммаси Бош қомусимизда белгиланган ҳаётий тамойилларнинг рўёбга чиқишига хизмат қилади.

Маълумки, жиноий таъ­қибга учраган фуқаронинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқи «Хабеас Корпус» деб номланади. Бу атама 1679 йил 26 май куни инг­лиз парламенти томонидан қабул қилинган қонун — «Хабеас Корпус Акт» атамасидан олинган.

Таъкидлаш жоизки, 2008 йил 1 январдан бошлаб жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар ваколатига ўтказилди.

Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш қонунда белгиланган бошқа эҳтиёт чораларини қўллаш самарасиз бўлган алоҳида ҳолларда ва фақат жиноят ишлари бўйича судлар ажримига асосан амалга ошириладиган бўлди.

Ўз навбатида, Олий суд Пленумининг 2007 йил 14 ­ноябрдаги «Судга қадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт ­чорасининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги қарори бу борада ягона суд амалиётини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айтиш керакки, 2012 йил 18 сентябрда қабул қилинган «Суд-ҳуқуқ тизими янада ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, судга қадар иш юритиш бос­қичида айбланувчини лавозимидан четлатиш ва ­шахсни тиббий муассасага ­жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида амалга ошириш тартиби жорий этилди.

Бундан ташқари, 2014 йил 4 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қо­нун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга асосан Жиноят-процессуал кодексига уй қа­моғи тарзидаги янги эҳтиёт чораси жорий қилинди.

Ушбу қонунга мувофиқ, уй қамоғи гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёши, соғ­лиғи, оилавий аҳволи ва бош­қа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ, деб топилган тақдирда қўл­ланилади.

Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи судлар ваколатига ўтказилган вақтдан буён киритилган илтимосномаларнинг 710 таси судлар томонидан рад этилган. Айтиш жоизки, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш бўйича судларга келиб тушаётган илтимосномалар сони йилдан-йилга кама­йиб бормоқда. Бу эса суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳу­қуқий маданияти тобора юксалиб бораётганидан далолатдир.

Матбуот анжуманида журналистларнинг мамлакатимизда судларнинг мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг дахлсиз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, одил судловни амалга ошириш масалаларига оид саволларига жавоб берилди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.