04.10.2016

ИШ ЎРИНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ МАСАЛАСИ

доимий эътиборда

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар бандлик дас­тури ижроси бўйича депутатлик назоратини кучайтиришга, шу масалада ташаббуслар билан чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мақсад режалаштирилган иш ўринлари ўз вақтида очилишига, барқарор бўлишига эришишдир.

Ангрен шаҳрида партиямиздан сайланган 7 нафар депутат фаолият юритади. ЎзХДП гуруҳи аҳоли бандлигини таъминлаш масаласини ўз назоратига олган. Улар ҳудуддаги бошланғич ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда янги иш жойлари очиш, уларнинг барқарорлигини таъминлаш жараёнларида фаол қатнашмоқда. Депутатлар томонидан аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, ҳудудларда саноатни, хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш, касаначиликни йўлга қўйиш борасида давра суҳбатлари ўтказиляпти.

— Ишлаган одам оиласини таъминлайди, жамият равнақига ҳисса қўшади, — дейди халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Бахтиёр Йўлдошев. — Шундай экан, бандлик дастури ўз вақтида, тўлиқ бажарилаяптими, деган савол ҳақида ҳаммамиз бирдек ўйлашимиз, иш ўрни яратиш, одамлар турмушини енгиллаштиришга ҳа­ракат қилишимиз лозим, албатта.

Шаҳар Кенгаши сессиясида партия гуруҳимиз ташаббуси билан янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи муҳокама қилинган эди. Унда маҳаллийлаштириш ва бошқа қатор мақсадли дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилаётгани иш ўринлари очилиши учун қулай шароит яратаётгани қайд этилди. Бандлик дастури ижросини таъминлаш, битирувчиларнинг ишга жойлашгани ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига эришиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Бирор ҳудудда маълум соҳада муаммо юзага келса, бундан одамлар зиён кўрса, унинг масъулияти биринчилардан бўлиб ўша ҳудуд аҳолиси ишонч билдирган депутатлар зиммасига тушади. Шундай экан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларининг қарорларига масъулият билан ёндашилмоғи зарур, деб ўйлайман.

— Шаҳримизда 178 минг аҳоли истиқомат қилса, уларнинг асосий қисми ёшлардан иборат, — дейди Ангрен шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази бош мутахассиси Йигитали Нор­алиев. — Шунинг учун йигит-қизларнинг имконияти ва қобилиятига қараб турли соҳаларга, ҳудудда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга йўналтириш яхши самара беради. 2016 йилда банд­ликни таъминлаш дастурига кўра, шаҳарда 5160 янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 1087 янги иш ўрни очилган. Уларнинг асосий қисми саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис, алоқа ҳамда транспорт хизматларига тўғри келган. Шунинг­дек, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик тармоқларида ҳам салмоқли иш ўринлари яратилмоқда.

Ташаббускор ёшларнинг бизнес ғоялари асосида микрофирмалар ташкил этилиб, хизмат кўрсатиш соҳаси такомиллашиб боряпти. Нон, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда қандолатчилик цехларида асосан хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари фаолият олиб бормоқда.

— Ўзбекистон ХДПнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган, — дейди Ангрен шаҳар партия кенгаши раиси, шаҳар Кенгаши депутати Илҳом Абдуқаюмов. — Шундан келиб чиқиб, мазкур масала сессияда қизғин муҳокама этилди. Банд­ликни таъминлаш, иш ўринлари очиш бўйича турли таклифлар билдирилиб, сессия қарори қабул қилинди.

Унга кўра, доимий ишловчи шаҳар ишчи комиссияси, давлат солиқ инспекцияси, Бюджетдан ташқари пенсия жам­ғармаси шаҳар бўлими, шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда тижорат банклари раҳбарлари олдига аниқ вазифалар қўйилди. Саноат, хизмат кўрсатиш, сервис соҳасини ривожлантириш, инвес­тициялар, тайёр маҳсулотлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, муқим иш ўринлари яратиш, сессия қарори ижроси юзасидан мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш масалалари алоҳида қайд этилган.

Айни пайтда бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириб, сессия қарори ижроси бўйича депутатлик назоратини изчил амалга оширишга эътибор қаратилмоқда. Электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилишда бу энг асосий омиллардан бири ҳисобланади. Чунки сессия қар­ори ижроси таъминланиши аҳоли турмуш фаровонлиги ошишида, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.