04.10.2016

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ҚУРУЛТОЙИГА

делегатлар сайланмоқда

Юртимизда муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Мамлакатимизда фаолият юритаётган тўртта сиё­сий партия ҳам ушбу сайловда иштирок этиш истагини билдирди ва айни кунларда сайловчиларнинг имзоларини йиғиш жараёни якунланмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Президент сайловига номзод кўрсатиш сиёсий партия­ларнинг юқори органи томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг юқори органи унинг Қурултойи ҳисобланади. Шу кунларда партиянинг навбатдаги Қурултойига делегатлар сайлаш бўйича ҳудудий партия ташкилотларининг пленумлари ўтказилмоқда.

Кеча Фарғона вилоят партия кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда партия ташкилотлари фаол­лигини ошириш, аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш ҳамда партиянинг Х Қурултойига Фарғона вилоят партия ташкилотидан делегатлар сайлаш тўғрисидаги масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Пленумда Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши аъзолари, масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, туман, шаҳар партия кенгашлари раҳбарлари, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Пленумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон КЕТМОНОВ иштирок этди ва сўзга чиқди.

Партиямиз раҳбари мамлакатимизда сиёсий партиялар учун яратиб берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фаол ва муносиб иштирокини таъминлаш борасидаги долзарб вазифалар ҳақида тўхталди.

— Алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказиладиган бу галги сайлов мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўта масъулиятли пайтига тўғри келмоқда, — деди партия етакчиси. — Партия­миз ўзининг стратегик мақсадлари, ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимоя каби халқ демократияси тамойилларига содиқ қолган ҳолда, Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши ва ана шу ғоянинг тарғиботчиси сифатида фаол ҳаракат қилиши лозим.

Партиянинг барча даражадаги ташкилотлари сайловга тайёргарлик жараёнида юксак фуқаролик масъулиятини намоён этиши, тарғибот-ташвиқот ишларига алоҳида эътибор қаратиши зарур бўлади.

— Бугун Фарғона вилоят партия ташкилоти қирқ мингдан зиёд аъзони бирлаштирган. Мингга яқин бошланғич партия ташкилоти фаолият юритмоқда. Биз партиямиздан кўрсатиладиган номзоднинг сайловолди дастурига мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларидан келиб чиқиб таклифлар киритишимиз лозим, — деди ЎзХДП Учкўприк туман кенгаши раиси Замира Дарвешова. — Токи бу дастур халқчил, ижтимоий ҳимояга йўналтирилган бўлсин.

— Партиямиз ғоялари мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказишда маҳаллий кенгашлар, бошланғич партия ташкилотларининг ўрни беқиёс, — деди ЎзХДП Тошлоқ туман кенгаши раиси Турсунбой Солиев. — Чунки улар бевосита аҳоли ўртасида фаолият олиб боради. Демак, сайловга тайёргарлик жараёнида туман, шаҳар партия кенгашлари фаолларидан катта масъулият ва фидойилик кўрсатиш талаб этилади. Сайловчилар партиямиз дас­турий мақсадларидан қанча кенг хабардор бўлса, бизга шунча кўпроқ ишонч билдирилади. Шунинг учун Президент сайлови билан боғлиқ тарғибот тадбирларини асосан маҳаллаларда, бошланғич партия ташкилотларида ўтказишимиз керак, деб ўйлайман.

Шунингдек, пленум иштирокчилари ваколатли вакил, кузатувчи ва ишончли вакилларни танлаш борасида ҳам қатор таклиф ва тавсияларни билдиришди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан Фар­ғона вилоят партия кенгаши пленуми тегишли қарорлар қабул қилди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг нав­батдаги Қурултойига 7 нафар делегат сайланди.

Шунингдек, ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Дилбархон Мамажонова Ўзбек­ис­тон ХДП Фарғона вилоят кенгаши ­раиси этиб сайланди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.