04.10.2016

КУН ТАРТИБИДА — ҲАЁТИЙ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 1 октябрь куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бунинг самарасида вилоят маркази, шаҳар ва қишлоқларининг қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалиб бормоқда.

Шавкат Мирзиёев Ширин шаҳридаги минтақадаги энг йирик Сирдарё иссиқлик электр станциясида бўлди. Бу корхона Ўзбекистон энергия тизимининг марказий қисми истеъмолчиларини энергия билан таъминлайдиган асосий манба ҳисобланади.

Умумий қуввати 3050 МВт бўлган 10 энергия блокдан иборат ушбу иссиқлик электр станциясида йилига 16,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Мазкур корхона 1972-1981 йилларда босқичма-босқич фойдаланишга топширилган бўлиб, мавжуд асбоб-ускуналар эскиргани ишлаб чиқариш қуввати пасайишига олиб келмоқда. Шу сабабли бу ерда сўнгги йилларда мунтазам реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз Биринчи Президентининг «Сирдарё иссиқлик электр станциясидаги иккита энергоблокни тўлиқ модернизация қилиш» инвестицион лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2014 йилнинг июль ойидан 2015 йилнинг март ойига қадар иккита энергоблок модернизация қилинди.

Шавкат Мирзиёев мутахассислар билан Сирдарё иссиқлик электр станцияси қувватини ошириш, ишлаб турган энергоблокларни модернизация қилиш масалаларини муҳокама қилди. Корхонада ишлаб чиқарилаётган электр энергияси таннархини пасайтириш, станция ускуналарини таъмирлаш учун зарур эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш, электр энергияси ҳисобини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев вилоят марказидаги «Гулистон медтехника» Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонасида ҳам бўлди. Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, шу йилнинг 1 октябридан дастлабки маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаган ушбу қўшма корхонани барпо этиш учун 7,3 миллион АҚШ доллари йўналтирилган.

Янги корхонада йилига 216 миллион дона шприц ва 26 миллион дона инфузия системаси ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулотларни ички бозордан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонга ҳам экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Қўшма корхонадаги 210 иш ўрнининг ярмига касб-ҳунар коллежлари битирувчилари қабул қилингани, айниқса, эътиборлидир.

Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳрида кам таъминланган оилалар учун бунёд этилиши режалаштирилаётган кўп қаватли замонавий уйлар лойиҳаси билан ҳам танишди. Бундай уй-жойларни жамоатчилик иштирокида уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга имтиёзли кредит асосида адолатли равишда бериш лозимлиги таъкидланди.

Мамлакатимиз Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев вилоят пахта далаларида бўлиб, йиғим-терим ишларининг боришини кўздан кечирди. Гулистон тумани фермерлари билан ҳудудда ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, юқори унумли нав­ларни экиш, соҳага замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.

Қишлоқ жойларда зарур муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган якка тартибдаги замонавий ихчам уй-жойлар қуриш лойиҳалари муҳокама этилди. Қисқа муддатларда бундай шинам, энергияни тежайдиган кўп хонали уйларнинг барпо этилиши қишлоқларда кам таъминланган ва ёш оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш имконини бериши алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Сирдарё вилояти фаоллари билан учрашув аввалида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси ёдга олиниб, ҳурмат бажо келтирилди.

Вилоятнинг шаҳар ва туманлари марказларида янги уй-жойлар барпо этиш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган истиқболли бош режаларни татбиқ этиш асосида аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилашга доир масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш, тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича долзарб вазифалар белгилаб олинди. Йиғим-терим ишлари, кузги экинларни экиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ғамлаш, уй-жойлар ва ижтимоий иншоотларнинг кузги-қишки мавсумга тайёргарлиги, саноат ва вилоят иқтисодиётининг бошқа соҳалари узлуксиз ишлашини таъминлаш масалалари бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилишда Гулистон тумани мисолида вилоятни истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг комплекс дастури кўриб чиқилди. Хусусан, яқин икки йилда ушбу туманда қарийб 900 та иш ўрни яратиш имконини берадиган 11 та саноат корхонаси ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни ички бозорда сотиш билан бирга, таш­қи бозорга чиқариш ҳам мўлжалланмоқда.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев вилоят раҳбарлари ва фаолларини ҳукумат порталида очилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси манзилига ҳудуд аҳолисидан келаётган мурожаатлар билан таништирди. Вилоят мутасаддиларига ушбу масалаларни кўриб чиқиш ва тезкор ҳал қилиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

 

Анвар САМАДОВ,

ЎзА махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.