01.10.2016

СУДДА ХАЛҚ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ ИШТИРОКИ

Маълумки, халқ маслаҳатчиларининг жиноят ишлари бўйича судда фаол иштироки одил судлов фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлайди ва фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлайди.

«Судлар тўғрисидаги» Қонуннинг 62-моддасига кўра, ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишларда очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судда халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин ҳамда ушбу давр ичида уларнинг иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолинади.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, «Судлар тўғрисида»ги Қонун ва «Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида»ги Низомга кўра, оғир ва ўта оғир тоифали жиноят ишларини судда кўришда икки нафар халқ маслаҳатчилари иштирок этади. Бу билан бир томондан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинлигини одил судлов орқали ҳимоя қилиш имконияти кенгаяди. Натижада одамларнинг судларга бўлган ишончи янада ортади.

Жорий йилнинг сентябрь ­ойидан республикамиз бўйича жойларда навбатдаги халқ маслаҳатчилари сайлови бошланди. Октябрь ойида якунланадиган ушбу сайловда юқоридаги талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари халқ маслаҳатчиларининг сайловида фаол иштирок этишлари мумкин. Сирғали туман ҳудудида яшаётган ёки ишлаётган фуқаролар эса халқ маслаҳатчиси сифатида судларда иштирок этишни исташса, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сирғали туман судига мурожаат қилишлари мумкин.

Халқ маслаҳатчилари сифатида жамоатчилик вакилларининг судда жиноят ишларини кўришда иштирок этишлари қонунийликни мустаҳкамлашга, жиноятларнинг олдини олишга, шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шу боис ҳам суд ишларида халқ маслаҳатчиси бўлиш масъулиятли ва шарафли иш ҳисобланади.

 

Музаффар КУКИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сирғали туман судининг судьяси.



DB query error.
Please try later.