01.10.2016

ҲАЁТ ЙЎЛИДА БИРИНЧИ МАСАЛА — МАКТАБ МАСАЛАСИДИР

Сизда ҳам шундай бўлса керак. Мен ҳамон ўзим ўқиган мактабни қўмсайман. Муаллимларимни соғинаман. Синфдошларимни кўрсам, кўнглим ёришади. Мактабнинг ёнидан ўтиб кетаётганимда, ўқитувчиларимни кўрганимда юрагим энтикади. ...Эсимда, ручка тутган қўлларим ҳеч қовушмасди. Ҳарфларни уриштириб ўқишим жуда қийин кечган. Уйга вазифани бажаришни унутиб қўярдим. Китобларим қолиб кетарди. Биринчи дарсга кечикиб борардим...

Сиз қанчалар улуғсиз муаллим. Азиз ва мўътабарсиз муаллим. Барча айбларимизни кечириб, Ватан, Она сўзларини ёзишни, ўқишни ўргатгансиз. Сизнинг олдингизда тоғлар таъзим қилади. Осмон пойингизга тушади. Даҳоларни тарбиялагансиз муаллим, ­шоиру шоҳларни, қаҳрамонларни барча-барчасини улғайтиргансиз. Шунинг учун ҳам бу ­дунёда ўқитувчилик касбидан улуғроқ, машаққатлироқ, шарафлироқ касб бўлмаса керак...

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида «Ўқитувчи — илм ва маърифат, таълим ва тарбия фидойиси» мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

— Дунёда ўқитувчиларни қадрлайдиган, эъзозлайдиган, бошига кўтарадиган Ўзбекистондек мамлакат борлигига ишонмайман, — дейди Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат ­Шарапова. — Мустақиллик йил­ларида мамлакатимизнинг ­Биринчи Президенти Ислом Каримов ўқитувчилар қадр-қимматини, обрў-эътиборини осмонга олиб чиқди, десам муболаға қилмаган бўламан.

Қирқ беш йиллик меҳнат фаолиятимнинг 25 йили мустақиллик даврига тўғри келади. Баъзида истиқлол берган имкониятларни мустабид тузум даври билан таққослайман. Қанчадан-қанча мактаблар барпо этилди. Муаллимнинг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланди. Келажакка бўлган ишонч, баркамол авлод таълим-тарбияси йўлида фидойилик кўрсатиш бугун умумхалқ ҳаракатига айланди. Буларнинг барчаси учун биз ўқитувчилар давлатимиз ва хал­қимиз олдида қарздор эканлигимизни ҳис этиб турибмиз...

— Мустақиллик йилларида қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ва «Таълим тўғрисида»ги қонун ўхшаши йўқлиги, бетакрорлиги билан халқаро экспертларни ҳайратга солиб келмоқда, — дейди Халқ таълими ­вазири ўринбосари Дилшод ­Кенжаев. — Бугун республикамиздаги 9692 умумтаълим мактабида 385 634 нафар педагог фаолият кўрсатмоқда. Тизимдаги 4916 мактабгача таълим муассасасида 55 463 нафар, 301 болалар мусиқа ва санъат мактабларида 11 464 нафар, 225 болалар-ўсмирлар спорт мактабларида 8212 нафар устоз ва мураббий келажак авлодга таълим-тарбия бермоқда. Таълим даргоҳларини ёш кадрлар билан таъминлаш мақсадида сўнгги уч йилда 25 минг нафар ёш мутахассислар мактабларда фаолият бошлади.

Чет тили ўқитувчиларини қўшимча рағбатлантириш мақсадида Британия кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Йилнинг энг яхши инглиз тили ўқитувчиси» кўрик-танлови ўтказилиб, ғолиблар аниқланди.

Ўтган ўқув йилида 47 узоқ туманлар ва қишлоқ аҳоли пункт­ларида чет тили ўқитувчилари етишмаслиги ҳисобга олиниб, 192 нафар абитуриент олий таълим муассасаларига мақсадли қабул қилинди. Ҳукуматимиз томонидан тизимда фаолият кўрсатаётган фидойи, жонкуяр ва ўз касбининг устаси бўлган изланувчан педагогларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш мақсадида бир қатор имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, қишлоқ жойлардаги умумтаълим мактабларида ва болалар-ўс­мирлар спорт мактабларида жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳамда спорт устози бўлиб ишлаётган аёлларнинг тариф ставкаларига ҳар ойда 15 фоиз миқдорда устамалар тўланяпти.

Ўзининг билими ва салоҳияти билан ўрнак бўлаётган чет тили ўқитувчиларига, қишлоқ мактабларида лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида, қолган таълим муассасаларида лавозим маошининг 15 фоизи миқдорида ойлик устамалар тўланмоқда. 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб халқ таълими тизимидаги методистлар иш ҳақи миқдорлари 1,5 бараварга оширилди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ барча халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари 2015-2018 йилларда капитал таъмирланиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланади. Шунингдек, таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида малака ошириш тизими тубдан ислоҳ қилинди. Янгидан жорий этилган ўқитишнинг замонавий усуллари асосида 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида 67 минг нафар педагог малакаси оширилди.

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчи ва педагоглар орасида энг илғор тажрибаларни аниқлаш ва уларни оммалаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси», «Йилнинг энг яхши директори», «Йилнинг энг яхши психологи», «Йилнинг энг яхши методисти», «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси», «Йилнинг энг фаол маънавий-марифий ишлар бўйича директор ўринбосари» ва бош­қа кўрик-танловлар орқали ­илғор, ташаббускор, ижодкор педагоглар тажрибаси оммалаштирилмоқда.

— Ҳукуматимизнинг педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича изчил амалга оширган ишлари натижасида ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи 2006 йил 1 сентябрдан 2016 йил 1 сентябргача 12 бараварга оширилиб, устама ва қўшимчалар билан бирга ўртача иш ҳақи 1 миллион 235 минг сўмни ташкил этмоқда, — дейди Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар бошқармаси бошлиғи Абдураҳим Носиров. — 1991-2016 йиллар давомида 4041 нафар устоз ва мураббий турли давлат мукофотлари ва унвонлари билан тақдирланди. Шулардан 7 нафари «Ўзбекистон Қаҳрамони», 124 нафари «Эл-юрт ҳурмати» ордени, 33 нафари «Фидокорона хизматлари учун» ордени, 304 нафари «Ўзбекистон халқ ўқитувчиси», 317 нафари «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», 399 нафари «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси», 303 нафари «Меҳнат шуҳрати» ордени, 508 нафари I ва II даражали «Соғлом авлод учун» ордени, 394 нафари «Дўстлик» ордени, 20 нафари «Жасорат» медали, 1385 нафари ­«Шуҳрат» медали ва бош­қа давлат мукофотлари билан тақдирланди...

Австриялик таниқли ёзувчи Мария фон Эбнер-Эшенбах «Шифокор ва ўқитувчидан доимий равишда мўъжиза кутадилар. Мўъжиза содир бўлганда эса бундан ҳеч ким ажабланмайди», деган эди. Дарҳақиқат, ўқитувчиларнинг ишини ҳақиқий мўъжизага қиёсласа бўлади

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.