01.10.2016

ҚАРОР ИЖРОСИ ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Тошкент вилояти соғлом ва серҳосил ерлари, гўзал ва хушманзара табиати, сув захиралари мўл, бир сўз билан айтганда, иқтисодий салоҳияти юксак ҳудуд ҳисобланади.

Вилоят деҳқонларининг меҳнати эвазига ҳосилдор ерлардан етиштирилаётган турли хил ноз-неъматлар нафақат вилоят, балки пойтахт аҳолисининг дастурхонини тўкин, турмушини фаровон қилмоқда.

Йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг шу ҳудудда жойлашгани эса саноатнинг юксалишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакат ялпи ички маҳсулотида вилоятнинг улуши салмоқлидир.

Вилоятнинг кейинги йиллардаги иқтисодий ўсиши натижасида ялпи худудий маҳсулотнинг ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Саноат ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, пуллик хизмат кўрсатиш соҳалари 8-15 фоизга ўсган. Айниқса, «Ангрен» махсус индустриал зонасида 30 дан ортиқ инвестиция лойиҳалари асосида ишлатилган нефть маҳсулотларини қайта ишлаш орқали мой тайёрлаш, чарм буюмлар ишлаб чиқариш, сопол плиталар ишлаб чиқариш, мис қувурлар, санитария-техник буюмлар, бутловчи буюмларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги вилоят аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Вилоятда қўшма корхоналар ташкил этишнинг кенг имконлари мавжуд. Биргина «Женерал Моторс» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган корхонада юзлаб ёш мутахассислар иш билан таъминланди.

Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Унга кўра, 2016 йилдан 2018 йилга қадар Тошкент вилояти ҳудудларини ривожлантиришнинг комплекс чоралари кўрилиб, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш белгиланган.

Ушбу дастурда янги саноат корхоналари барпо этиш, ишлаётганларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича 648 инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. 632 733,1 минг АҚШ доллари миқдорида ­инвестициялар ўзлаштирилиб, 11 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Бу дастур нафақат иқтисодиёт тармоқларини, балки аҳоли фаровонлигини таъминлашга ҳам улкан ҳисса қўшади. Чунки дастурга кўра, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш тадбирларини амалга ошириш белгиланган. Жами 2375 лойиҳа, жумладан, сабзавотчилик бўйича 374, боғдорчиликда 428, узумчиликда 235, балиқчилик соҳасида 149, чорвачилик бўйича 406 лойиҳа амалга оширилади.

Дастур доирасида замонавий ускуналарни, ресурсларни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш орқали Оққўрғон, Бек­обод, Бўка, Қуйи Чирчиқ, Паркент, Юқори Чирчиқ ва Чиноз туманларида барпо этиладиган саноат корхоналари ҳам ви­лоятда ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг ривожланишига, янги иш ўринларининг яратилишига имкон беради. Шу боис ҳам биз, депутатлар, партиямиз фаоллари дастур асосида амалга ошириладиган ишларда фаол қатнашишимиз, жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришимиз зарур бўлади.

Мухтасар қилиб айтганда, белгиланган тадбирларни изчиллик билан амалга ошириш халқ фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.