01.10.2016

ТАЪЛИМ ФИДОЙИЛАРИГА ЭҲТИРОМ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом ­Каримов улғайиб келаётган ёш авлод маънавиятини юксалтириш, йигит-қизларни буюк аждодларимизга муносиб инсонлар этиб вояга етказишда таълим фидойиларини ўзининг энг яқин ёрдамчиси, деб билар эди. Истиқлол йилларида янгича тафаккурга эга, соғлом ва баркамол ўғил-қизларни тарбиялашда педагогларнинг ўрни ва мавқеи ҳар қачонгидан кўра юксалди.

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилаётган турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар, илмий анжуманлар, учрашувларда ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларга чуқур билим бериш, уларни она Ватанга, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида камол топтиришда муаллимларнинг меҳнатлари алоҳида эътироф этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинмоқда.

30 сентябрь куни бир гуруҳ фахрий ва фаол ўқитувчилар, ёш муаллимлар ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди.

Шу куни Ўзбек Миллий академик драма театрида ушбу байрам муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ходимлари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг педагоглари, спорт мураббийлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ­Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Мамлакатимизнинг Биринчи ­Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан истиқлолнинг дастлабки кунларидан янгича билим ва тафаккурли, юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Таълим тўғрисида»ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури жамиятимиздаги ижтимоий-маърифий ҳаётни тубдан ўзгартирди. Ушбу ҳужжатлар замонавий билим масканларини барпо этиш, ёшларни 12 йиллик бепул мажбурий таълим билан тўлақонли қамраб олиш, давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларини замон руҳига мос тарзда ислоҳ этиш каби кенг қамровли ишларни тизимли амалга оширишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Ўқитувчиларга кўрсатилаётган юксак эътибор таълим тизимининг барча бўғинларида яққол кўзга ташланмоқда. Ўтган йиллар мобайнида қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақини бир неча баробар ошириш, уларнинг ўз устида ишлаши, изланиши, дарс жараёнига илғор педагогик технологияларни жорий этиши учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан амалиётга жорий этилаётган лойиҳалар, турли маърифий-ижодий танловлар ёшларга билим беришга доир илғор тажрибалар, инновацион ғоя ва ташаббусларнинг тобора кенг қулоч ёйиши, оммалашиши, ­болаларнинг ўқишга иштиёқи кучайиши, ўзлаштиришда ижобий натижаларга эришишга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз Президенти ­вазифасини бажарувчи Шавкат ­Мирзиёевнинг 2016 йил 29 сентябр­даги фармонига мувофиқ таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи Ватанимизнинг фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2016» танловининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси М.Шарапова, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси, Болгария ва Кипрда ўтказилган талабаларнинг математика бўйича халқаро олимпиадаси олтин медаллари соҳиби Ҳ.Эгамберганов таълим-тарбия олиш учун яратилган замонавий шароитлар, ўқитувчилар меҳнатини эъзозлаш борасидаги юксак эътибор учун давлатимизга миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон халқ ­шоири С.Саййид устоз ва мураббийларни байрам билан қутлаб, уларга бағишланган янги шеърини ўқиб берди.

Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасининг «Мирзо ­Улуғбек» спектакли намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлиси Қо­нунчилик­ палатасининг Спикери ­Н.Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош ­вазирининг ўринбосарлари ­Э.Боситхонова, А.Арипов ­иштирок этди.

 

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.