29.09.2016

МУАЛЛИМ — ҲАЁТ ЧАРОҒБОНИ

Тарбиячи. Ўқитувчи. Устоз. Мураббий. Бу сўзларнинг ҳар бири ўз маъно-моҳиятига эга бўлса-да, уларнинг асосий мазмуни яна битта калом — Муаллим атамасида мужассамдир.

Муаллимни яна ҳаёт чароғбони, зиёлилар сардори, маърифат сарбони деган сифатлар билан ҳам улуғлаш мумкин.

Халқимиз томонидан Муаллим, аталмиш қутлуғ унвонга сазовор бўлган мўътабар инсонларнинг касб байрамлари мустақил юртимизда умумхалқ тантанаси сифатида нишонланиши анъана тусига кирганига йигирма йил бўлаяпти.

Муаллимлар танлари ва жонларидаги меҳр-мурувватни сахийлик билан сарфлаб, мурғак ва покиза кўнгилларга маърифат ва маънавият ёғдуларини — инсонийлик илмини жойлаштирадилар. Жажжи ўғил-қизларни эзгулик, яхшилик, тўғрилик, ҳа­лоллик, мардлик, жасурлик йўлига даъват этадилар, Ватанини, халқини севишни, ҳаётни, табиатни, инсонни қадрлашни ўргатадилар. Комилликнинг пиллапояларидан етаклаб, улар қалбига эзгу фазилатларни сингдиришга, ўз юртининг ҳақиқий эгаси, халқининг асл фарзанди қилиб вояга етказишга ўз умрларини бағишлайдилар.

Муаллим ўз сурати ва сийратида шундай олижаноб хислатларни мужассам этганки, унинг ҳар бир қиррасини мушоҳада эта туриб, беихтиёр ҳайратга тушасан киши.

Бу хислатлардан биринчиси, дарёдиллик ёки бағрикенгликдир. Масалан, деҳ­қон бирор экинни экиш олдидан уруғ ёки кўчатни саралайди, навини танлайди, иқлим ва тупроқ шароитига мос ёки мос эмаслигини чамалаб кўради. Ҳунарманд бирор буюмни ясаш олдидан ишлатиладиган хомашёларнинг сифатини, хусусиятини инобатга олади, қайси бирини қай тарзда ишлатишни режалаштиради.

Муаллим эса ҳеч қачон болаларни танламайди, буни хаёлига ҳам келтирмайди. Феъли-атвори турли-туман ота-оналарнинг ҳар хил оилавий шароитда ўсган, ўша муҳит таъсирида ижобий ёки салбий хусусиятлар характерига синга бошлаган феъли-атвори ола-қура болаларнинг ҳаммасини ўйланмай, иккиланмай ўз бағрига олади ва барчасини бир кўз билан кўриб, бир кўнгил билан тарбиялашга киришади.

Феъли-атвори, тушунчаси, ақлий қобилияти, билимга иштиёқи турлича бўлган, бир-бирига ўхшамайдиган жажжи кичкинтойларнинг ўттиз-қирқтасини бир синфга жамлаб, ҳам илм сирларини ўргатиш, ҳам комил инсонлик йўлига бошлаш қанча куч-қувват, сабр-бардош, сабот ва ирода талаб қилиши тасаввурга сиғмайди. Қизиғи шундаки, ўз фарзандининг эркалиги ва тантиқлигидан безор бўлган айрим ота-оналар ҳам нажотни мактабдан, муаллимдан кутади. Ҳатто, беодоблик қилса, «Мактабингда нимани ўргатишган, муаллиминг ким ўзи?» дея ёзғиришганини ҳам кўп кўрганмиз.

Қолаверса, муаллим ҳар бир боланинг тақдирини, келажагини ўйлаб, унинг камолоти учун қайғуриб, тарбия борасида нўноқ ёки ҳафсаласиз ота-оналар билан уларнинг фарзанди учун «сан-манга» боришдан ҳам қайтмайди. Бу борада уларга нисбатан ўн, балки юз баробар жонкуярлик хислатини намоён этади.

Муаллим ҳеч қачон болаларни ёмонликка ўргатмайди, ҳар доим энг эзгу инсоний фазилатларни уларнинг қонига сингдиришга, қалбида қабоҳатли ўй-фикрлар учун заррача жой қолдирмасликка интилади ва бу билан бутун башарият ҳаётининг пок­лик ва гўзаллигини абадул-абад сақлашга замин яратади.

Шу боисдан мудом таълим билан тарбияни уй­ғунлаштиришга ҳаракат қилади. Ўз хусусиятига кўра, инсоннинг маънавий камолотига хизмат қиладиган ижтимоий фанларни ўқитганда ҳам, бир қарашда тарбияга мутлақо дахли бўлмаган математика, физика, кимё, астрономия сингари фанларни ўқитганда ҳам ўзининг биринчи ва муқаддас бурчи тарбиячилик эканини асло унутмайди.

Муаллимнинг улуғлиги шундаки, «устоз», дея этагини тутган болаларнинг ҳар бирини ўз фарзандидек кўриб, ҳаммаси бирдек билим сирларини эгаллашлари учун кучини, қобилиятини аямайди, бирдек боодоб, маданиятли, баркамол инсон бўлиб етиштириш учун ҳаракат қилади, шогирдларидан бирортаси ҳаётда адашса, унинг ота-онасидан кам куйинмайди.

Адибларни «инсон руҳининг муҳандислари», деб аташ таомилга кириб қолган. Аслида эса бу ибора бутун мазмун-моҳияти билан айнан муаллимларга мос келади. Ўнлаб болаларнинг қалбига кириш, кўнгил кечинмаларини, орзу ва интилишларини, феълидаги товланишларни ўз вақтида пай­қаб, шунга яраша муносабатда бўлиш ва ҳаётнинг равон йўлига тушишига кўмаклашиш аслида унча-мунча ёзувчи ёки шоирнинг қўлидан келмайди.

Аммо муаллимларнинг аксарият кўпчилиги бунинг уддасидан чиқишга қодирдир.

Муаллимни заҳматкаш ва фидойи инсон дедик. Бу муболаға эмас. Одатда деярли барча касб эгаларининг меҳнат фаолияти ишхонаси доирасида чегараланади. Ким қайси соҳада қанча кўп тер тўкмасин, ишини тугаллагандан сўнг барча ташвишлари ўша жойда қолади. Деҳқон даласидан, ишчи корхонасидан, хизматчи идорасидан чиқиши билан ўзини эркин қушдек ҳис этади. Муаллим эса юмушининг тенг ярмини уйига орқалаб келади — янги дарсга тайёрланиш, сабоғига куч ва жозиба бахш этадиган қўшимча адабиётларни варақлаш, ёзма ишларни текшириш жараёни уйи-рўзғори учун аталган вақтини олса-да, у буни ҳам азоб эмас, шараф ва бурч, деб билади. Дарсхонада берган билимидан болаларнинг кўзлари чарақлаб, диллари ёришганда тортган барча машаққати эсдан чиқиб кетади.

Муаллим зоти инсоний камтарликнинг энг олий намунасидир. У ҳеч қачон ҳеч кимдан меҳнатига яраша иззат-ҳурмат, обрў-эътибор талаб қилмайди. Шогирдларининг парвозини кўрганда боши осмонга етади. Лекин, у бирор юксак мартаба эгаси бўлса, ҳузурига таъма билан қадам босмайди. Ноилож вазиятга тушганда, илтимос билан йўқлаши мумкин, шунда ҳам қилган меҳнатларини миннат ва рўкач қилмайди. Мабодо, бирорта шогирди беоқибат чиқса, ортидан ёзғириб ҳам юрмайди, давраларда ғийбатини ҳам қилмайди, аксинча ўзгаларнинг иғволаридан ҳимоя қилади. Шу аснода камтарлик ва мардлик бирлашиб, муаллимга шараф келтиради.

Кези келганда шуни ҳам айтиш керакки, муаллимлик асли халқимизнинг қонида бор хислат. Илмий ва адабий мерослари асрлар оша етиб келган Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳовуддин Нашқбанд, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур сингари улуғ сиймоларнинг тарих саҳнасида пайдо бўлиб, фан ва маданиятнинг ёрқин юлдузига айланиши ҳам халқимиз қонидаги маърифатга азалий ташналик ва ошноликнинг самараси бўлиш билан биргаликда ўша замонлардаёқ муаллимлик касбининг этагини тутган шарофатли устозлари меҳнатининг мевасидир. Не тонгки, бу муҳтарам зотларнинг ўзлари ҳам бизнинг кўзимиз илғамас замонлардан бери бутун башариятга илм-фаннинг ўнлаб соҳалари бўйича муаллимлик хизматини адо этиб келмоқдалар.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан таълим-тарбия соҳасида меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийларнинг қадр-қиммати янада юксалди, улар жамиятимиздаги энг мўътабар ва ҳурматли табақага айланди.

Ўтган давр мобайнида 4 минг нафарга яқин педагогларнинг давлат мукофотлари ва юксак унвонлар билан тақдирланиши ҳам бунинг ёрқин исботидир. Мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, «Эл-юрт ҳурмати», «Соғ­лом авлод учун», «Меҳнат шуҳрати», «Дўстлик» орденлари соҳиблари борлиги ҳаммамизни қувонтиради.

Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, олий ўқув юртларида минг-минглаб озод юртнинг озод фуқароларини дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар қилиб тарбиялашдек улуғвор вазифани шараф билан адо этаётган фидойи муаллимлар, шарафли касб эгалари ана шундай эҳтиром ва эъзозга муносибдир.

 

Бахтиёр РИЗАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

(Суратда: «Эл-юрт ҳурмати» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари соҳиби, Наманган давлат университети қошидаги 3-академик лицей директори Абдулҳамид Раҳматов ёшлар билан.)



DB query error.
Please try later.