27.09.2016

СИЗ ЮКСАК МУКОФОТЛАРГА ЛОЙИҚСИЗ

Одамларни ҳайрон қолдириш қийин. Бутун дунёни лол қолдириш унданда оғир. Ўзбекистонлик паралимпиячилар бунинг уддасидан чиқишди. Уларнинг матонати, жасорати, сабр-бардоши қаршисида барчамиз таъзим қиламиз. Улар бунга лойиқ. Ватан, халқ олдидаги хизматлари, меҳнатлари учун уларга тасанно айтамиз.

«Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва ­мураббийлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг фармони ҳам мана шу эътироф ва эъзозларнинг, эътибор ва эҳтиромларнинг яна бир ёрқин намунасидир.

 

Даврон ФАЙЗИЕВ, спорт шарҳловчиси:

— Сўнгги йилларда мамлакатимизда олимпия ва пар­алимпия ҳаракати юксак даражага кўтарилди. Бу шунчаки баландпарвоз гаплар эмас. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган олимпия ва паралимпия ўйинларида ўзбек спорти қанчалик ривожланаётганини бутун дунё кўрди. ­Юртимиз ёшларининг нималарга қодир эканлигини ҳамма билди.

Ўзбекистон Паралимпия ­Ассоциациясига 2007 йилда асос солинганди. Пекинда ўтказилган XIII ёзги Паралимпия ўйинларида бор-йўғи 1 нафар спортчи Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган. Лондонда ўтказилган XIV Паралимпия ўйинларида эса юртимиз спортчилари битта кумуш медални қўлга киритганди. Энди савол туғилади: Ўзбекистонда Паралимпия ҳаракатининг бунчалик тез ривожланишига нима сабаб бўлди?

Спортда ҳеч бир ютуқ ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Бунга мустаҳкам пойдевор, машаққатли меҳнат орқали эришилади. Қилинган меҳнатлар самараси 2014 йилдан кўрина бошлади. Шу йили Жанубий Кореянинг Инчҳон шаҳрида бўлиб ўтган Параосиё ўйинларида спортчиларимиз 22 олтин, 5 кумуш ва 4 бронза, жами 31 медални қўлга киритиб, ­Осиёнинг 44 давлати орасида бешинчи ўринни эгаллади. Энг фахрланарли жиҳати шундаки, Осиё Паралимпия Қўмитасининг 2014 йилнинг декабрь ­ойида бўлиб ўтган Бош Ассамблеясида Осиё ­давлатлари ­ичида Ўзбекистон Миллий ­Паралимпия ­Ас­­со­­­циа­цияси «Йилнинг энг яхши спорт ташкилоти» деб тан олинди.

Ҳукуматимиз томонидан республикамизда спортни янада ривожлантириш мақсадида жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берадиган ва барча қулайликларга эга бўлган «Олимпия ва Паралимпия спортчиларини тайёрлаш маркази» қурилди ва Ўзбекис­тон Миллий Паралимпия Ассоциа­циясига топширилди. Ҳар қандай одамнинг ҳавасини келтирадиган, замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланган очиқ ва ёпиқ спорт майдончаларида спортнинг бир неча турлари билан шуғулланиш имконияти пайдо бўлди. Айнан шу ерда тобланган спортчилар бугун Рио Пар­алимпия ўйинларининг қаҳрамони бўлди.

Мен паралимпиячиларимизни тақдирлаш маросимида иштирок этдим. Улар ҳақли равишда мамлакатимизнинг нуфузли мукофотларига лойиқ кўрилди. Ишонаманки, бу эътироф спортчиларимизни янада кучли бўлишга, янги марраларни забт этишга ундайди.

 

Ўткиржон НИҒМАТОВ, XV Паралимпия ўйинлари чемпиони, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони соҳиби:

Спортчи ғолиблик шоҳсупасида турганида ўзини энг бахтли инсон деб билади. ­Ватанига қайтиб келганида эса бахтиёрлиги икки ҳисса ошади. Мен ҳам Тошкент аэропортидан чиқиб келар эканман, ўша пайтдаги ҳиссиётларимни таърифлаб беролмайман. Карнай-сурнай наволари, ота-оналар, ҳукумат аъзолари ва юзлаб ишқибозларни кўриб кўнглим тоғдек кўтарилди. Чарчоқлар бирпасда унутилди.

Олимпия шон-шуҳрати музейида бизга пул мукофоти ва автомобиль топширилди. ­Эртаси куни бизга Ватанимизнинг юксак унвонлари берилди. Мен «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирландим. Бу унвон ҳар бир спортчининг, ҳар бир ўзбе­кис­тонликнинг орзуси десам хато қилмаган бўламан.

Инсон доимо умид билан яшайди. Мен 2018 йилда Пара­осиё ўйинлари, 2020 йилда бўладиган Пар­алимпия ўйинларига янада кучлироқ тайёргарлик кўришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Ғолиблик ёқимли бўларкан. Одам яна ва яна ўша ҳиссиётни бошдан кечиргиси келавераркан. Яна бир бор ғолиб бўлиш учун бор кучимни ишга соламан.

 

Баҳриддин ЗАЙНИДДИНОВ, Тошкент солиқ коллежи директори:

— Паралимпиячиларимиз юртимиз шаънини нуфузли мусобақада муносиб ҳимоя қилиш орқали бугунги куннинг том маънодаги қаҳрамонларига айландилар.

Ўзбекистонлик спортчиларнинг кўрсатган жасорати ҳар биримиз учун ибрат намунаси бўлди. Риога борган спортчиларнинг ҳаммаси муносиб мукофотланди. Ҳатто медаль ололмаган спортчиларга ҳам «Malibu» машинаси берилди. Бу эса юртимизда инсон қадри ҳамиша баланд эканлигининг ёрқин намунасидир.

Дастлаб спортчиларга пул мукофоти топширилди. 22 сентябрь куни қабул қилинган фармонга кўра паралимпиячиларимиз юртимизнинг нуфузли давлат мукофотларига муносиб кў­рилди. Бундан ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Улар мукофотга лойиқ ишларни амалга оширдилар, ҳа­қиқий ирода ва жасорат намунасини кўрсатдилар.

Биз ўқувчилар билан ­суҳ­­­батларда Ўзбекистон пар­алимпия­чиларини мисол қилиб кўр­сатяпмиз. Уларга ўх­шаб юртимиз шаънини ҳимоя қиладиган, халқимиз ғурурини кўтарадиган инсон бўлиб етишинглар, деб таъкидлаяпмиз.

Коллежимиз жамоаси билан бир қатор режалар ишлаб чиқдик. Унга кўра, яқин кунларда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси билан ҳамкорликда учрашувлар ташкил этмоқчимиз. Ишонамизки, бундай мулоқотлар ўқувчиларга ижобий таъсир қилади. Юрагидаги ватанпарварлик ҳисларини янада кучайтиради.

 

Шоира МУСАБЕКОВА, Паралимпия ўйинлари чемпиони Фирдавсбек Мусабековнинг онаси:

— Ўғлимнинг муваффақиятларидан фахрланаман. Фирдавсбек Паралимпия ўйинларига кетиш олдидан Бразилия­дан чемпион бўлиб қайтаман, деб ваъда берганди. Фарзандим сўзининг устидан чиқди. Унинг ҳам, бизнинг ҳам юзимиз ёруғ бўлди. Биринчи Президентимизнинг спортга берган эътибори, ёш спортчиларга кўрсатган ғамхўрлиги ва шахсан у кишининг ташаббуси билан қурилган спорт иншоотлари бугунги ғалабаларга асос бўлди.

Турли мусобақаларда ғо­либ бўлиб келган спортчиларни қаҳ­рамонлардек кутиб олиш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бизда давлат даражасида амалга оширилади. Мен илгари спортчиларни кутиб олиш маросимларини телевизор ор­қали кўриб, менинг ўғлим ҳам шуларга ўхшасайди, деб орзу қилардим. Шукр, ниятларим ушалди. Ўғлимга пул мукофоти ва «Malibu» автомобили топширилганидан хурсанд бўлиб ўтирганимизда «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони берилгани тўғрисидаги хушхабарни эшитдик.

Мен бахтли онаман. Яратганга шукр, фарзандимнинг камолини кўряпман. Ишонаманки, у бундан кейин ҳам юксак натижалар кўрсатади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.