27.09.2016

МУСИҚА ВА САНЪАТ МАКТАБЛАРИ

фарзандларимиз таълим-тарбиясида муҳим ўрин тутади

Мусиқа ва санъат билан ошно тутинган болаларда ўзига хос дид, одоб ва маданият шакллана бошлайди. Маънавиятли инсондан ёмонлик чиқмаслиги эса ҳаёт ҳақиқатидир.

Тарихдан маълумки, халқи­миз бола тарбиясида мусиқанинг тутган ўрнига катта аҳамият бериб келган. Бу борада биргина алланинг таъсир кучи, унинг асрлардан асрларга, аждодлардан авлодларга бекаму кўст ўтиб келаётгани хусусида узоқ фикр юритса бўлади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда болалар мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантириш, ёш истеъдодларни кашф этиш, қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шу ўринда қуйидаги рақамларга, яъни болалар мусиқа ва санъат мактабларига ўқувчиларни қамраб олиш масаласидаги юксалишларга эътибор қаратайлик. Агар 2008 йилда бундай муассасаларга 38 минг нафар бола қатнаган бўлса, ўтган даврда уларнинг сони 34 минг нафарга ортиб, 72 минг нафардан кўпроқни ташкил этаяпти.

Бу эса «Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури»нинг ҳаётий самарасидир. Зеро, унинг амалга оширилиши туфайли минтақаларда замонавий мусиқа асбоблари билан жиҳозланган кўплаб болалар мусиқа ва санъат мактаблари ишга туширилди. Натижада 2008 йилга нисбатан болалар мусиқа ва санъат мактабларининг қуввати 1,2 баробарга, ўқитувчилар таркиби 1,3 баробарга ошди. Республиканинг ёш истеъдодли мусиқачилари томонидан нуфузли халқаро танловларда 441 совринли ўринлар қўлга киритилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, бугунги кунгача 301 болалар мусиқа ва санъат мактабларининг 146 таси бутунлай янги қурилиб, 155 таси капитал реконструкция қи­л­инди. Улар ҳар томонлама қулай ва сифатли, замонавий мебель ва ускуналар билан жиҳозланиб, турли чолғу асбоблари билан таъминланди.

Яратилган шароитлар натижасида фарзандларимизнинг жаҳон саҳналарида эришаётган муваффақиятлари кундан-кунга кўпайиб бораётир. Масалан, 1991 йилда атиги 3 нафар ўқувчи халқаро танловларда қатнашган бўлса, 2015 йилнинг ўзида истеъдодли ёшларимиздан 137 нафари хорижий давлатларда ўтказилган нуфузли танловларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларини барпо этиш, моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш бўйича бошланган ишларни мантиқий давом эттириш, болаларнинг ижодий салоҳиятини янада кенг очиш, уларда мусиқа ва санъатнинг бошқа турларига меҳр-муҳаббат уйғотиш, мусиқа ва тасвирий санъат соҳаларида жаҳон меросини ўрганишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида «Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури» тасдиқланди.

Мазкур Дастур доирасида 2016-2020 йилларда 98 (40 янги қурилиш, 58 капитал реконструкция) болалар мусиқа ва санъат мактаблари барпо этиш кўзда тутилган. Шундан жорий йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган 18 (8 таси янги қурилиш) болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ҳудудлар бўйича манзилли дас­тури ишлаб чиқилди.

— Мамлакатимизнинг Биринчи Президентининг юқо­рида таъкидланган қарорига кўра, 2016-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болалар мусиқа ва санъат мактабларини янгидан қуриш, мукаммал реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлашнинг асосий параметрлари, шунингдек, мазкур муассасалар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича беш йилга мўлжалланган чора-тадбирлар комплекси тасдиқланди, — дейди Халқ таълими вазирлиги Мусиқа ва санъат таълими муассасалари бошқармаси бошлиғи Қосимжон Атамирзаев. — Қарорда Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалар ҳам аниқ белгиланган. Хусусан, болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янги мазмун билан бо­йитиш, уларни умумий ўрта таълим ва маънавий-ахлоқий тарбия тизимининг ажралмас таркибий қисми сифатида шакллантириш асосий йўналишлардан биридир. Айни пайтда Ўзбекистон давлат консерватория­си, Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ҳамда минтақалардаги мусиқа ва санъат касб-ҳунар коллежлари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари, концертмейс­терлари ва созловчиларини тайёрлаш, малакасини узлуксиз ошириш тизимини такомиллаштириш устида қизғин иш олиб борилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жам­ғармаси маблағлари болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, мукаммал реконс­трукция қилиш, жиҳозлашни молиялаштиришнинг асосий манбалари эканлигини айтиб ўтиш керак.

Қарорда болалар мусиқа ва санъат мактабларини янгидан қуриш учун шаҳарлар ва туманларда ер участкаларини оқилона танлаш, хусусан, умумтаълим мактаблари яқин бўлган, аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда барпо этиш назарда тутилгани ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Яна бир жиҳати, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича «Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури» доирасида болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун олиб келинадиган мусиқа асбоблари ва махсус ускуналар 2021 йилнинг 1 январигача божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан таш­қари) озод этилди.

Барчамизга яхши маълумки, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ота-оналар томонидан болаларнинг мусиқа ва санъат мактабларида ўқиши учун тўланадиган бадал миқдори сезиларли равишда камайтирилгани ҳам фикримиз далилидир. Эндиликда мусиқа йўналиши бўйича ўқиш учун Тошкент шаҳрида энг кам иш ҳақининг 75 фоизи, вилоятлар марказларида 50 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган аҳоли пунктларида 30 фоизи миқдорида бадал тўланадиган бўлди. Санъат йўналишида эса мос равишда пойтахтда энг кам иш ҳақининг 50 фоизи, вилоятлар марказларида 30 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган аҳоли пункт­ларида 20 фоизи миқдорида бадал олинади. Агар бир оиланинг 2 ва ундан ортиқ фарзанди болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқиса, улардан ҳар бирининг ўқиши учун белгиланган тўловнинг 70 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилади.

Мусиқа ва санъат соҳасида болаларнинг таълим олиши учун қулай шароит яратиш мақсадида бир календарь йил мобайнида мусиқа ва санъат йўналишлари бўйича халқаро (1 ва 3-ўринлар) ва республика (1-ўрин) танловларида ғолиб бўлган болалар ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларини (умумий контингентнинг 25 фоиздан ошмайдиган қисми) ўқитиш Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Бу чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад — юксак маънавиятли, маданиятли авлодни тарбиялаш эканини ҳисобга олсак, мусиқа ва санъатнинг сеҳрли кучи, қудратини янада чуқурроқ англаймиз.

 

Озод РАЖАБОВ



DB query error.
Please try later.